Жаҳон | 19:24 / 02.09.2020
21376
9 дақиқада ўқилади

АҚШнинг янги президенти 3 ноябрь куни аниқланмаслиги мумкин: сабаблар ва эҳтимоллар

АҚШда аввалдан мавжуд бўлган «почта орқали овоз бериш» усули Covid-19 туфайли сайловчиларнинг деярли 70 фоизигача қамраб оладиган даражада кенгайтирилиши Оқ уй ва демократларни бир-бирига қарама-қарши қўйди. Яъни «почта орқали овоз бериш» мунозараси сайлов натижаларига бевосита таъсир қилиши мумкинлиги сабабли ҳам бу масала республикачилар ва демократлар ўртасидаги муҳим курашга айланди.

3 ноябрь – сешанба куни АҚШда бўлиб ўтадиган 59-президентлик сайлови яқин тарихдаги энг муҳим сайловлардан бири бўлишга даъвогарлик қилмоқда.

Амалдаги президент, республикачи Дональд Трамп демократларнинг 77 ёшли номзоди Жо Байден билан тўқнаш келадиган мазкур сайлов жараёни бутун дунёни қамраб олган янги турдаги коронавирус эпидемияси туфайли мутлақо янги даражага кўтарилди.

180 мингдан зиёд одам вафот этган ва эпидемиядан энг кўп зарар кўрган АҚШда миллионлаб одамлар вирусдан ҳимояланиш учун почта орқали овоз бериш истагини билдирмоқда.

Трамп, баъзи сабабларга кўра, миллионлаб америкаликлар почта орқали овоз берса, қонунбузарликларга йўл қўйилиши мумкинлигини ва демократлар шу тарзда сайловларда ғалаба қозонишни истаётганини таъкидламоқда.

Демократлар эса эпидемия сабабли одамлар шу йўлни танлаётгани ва овоз бериш жараёнини осонлаштириш кераклигини таъкидлашмоқда.

Почта орқали овоз бериш нимани англатади?

АҚШ сайлов қонунчилигига биноан, сайловчи маълум вазиятларда сайлов участкасига бормасдан – почта орқали овоз бериши мумкин.

Covid-19 эпидемиясига қадар АҚШнинг фақат бир неча штатларидаги сайловчиларгина почта орқали овоз беришган.

Мамлакатнинг аксарият штатлари эса, аксинча, узрли сабаб келтирган сайловчиларга (чет элда бўлиш, касаллик, мажбурий хизмат, ҳарбий хизмат ва ҳ.к.) олдиндан мурожаат қилиш шарти билан почта орқали овоз бериш имкониятини таклиф қилган. Бошқа баъзи штатлар эса ҳеч қандай сабаб-баҳонасиз, агар ариза билан мурожаат қилинса, сайловчига почта орқали овоз бериш имконини яратган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатни қамраб олган Covid-19 эпидемияси ушбу барча ўрнатилган анъаналарга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Кўплаб штатлар эпидемияни «асосли сабаб» сифатида кўрсатган ҳолда, ҳеч қандай ариза билан мурожаат қилинмаса-да, ўзиинг барча сайловчиларига почта орқали овоз бериш таклифини илгари сурмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, бюллетенлар АҚШнинг 9 штати ва пойтахт Вашингтон шаҳрида рўйхатдан ўтган 44 миллион сайловчига (21 фоиз) «автоматик равишда» – ҳеч қандай аризасиз юборилади.

Қайд этиш жоиз, ушбу штатларнинг аксарият қисмида демократ сайловчилар етакчи ўринни эгаллайди.

34 штатда эса рўйхатдан ўтган 118 миллион сайловчи (57 фоиз) «ариза билан мурожаат қилсалар, уйларига юбориладиган бюллетенлар» орқали овоз беришлари мумкин. Бу одамлар узрли важ келтиришлари шарт эмас, яъни улар коронавирус эпидемиясини сабаб сифатида кўрсата олади.

Қолган 7 штатда рўйхатдан ўтган 46 миллион сайловчи (22 фоиз) эса почта орқали овоз бериш учун Covid-19’дан бошқа «узрли сабабни тақдим этиши» лозим. Ушбу штатларда республикачиларнинг салмоғи кўпчиликни ташкил қилади ва уларнинг 3 ноябрь куни сайлов участкаларида овоз бериши кутилмоқда.

Трамп нега қарши чиқмоқда?

Президент Трамп бюллетенларни автоматик равишда барча сайловчиларга ҳеч қандай аризасиз юборилишига ёки узрсиз сабаб келтирилмаган тақдирда почта орқали овоз беришга қарши чиқмоқда.

Трамп анъанавий равишда сабаб келтирганларга сайлов бюллетени юборилишига қарши эмаслигини билдирмоқда. Аммо у бирор сабаб келтирилмаган ҳолда почта орқали овоз бериш тизими демократларга фойда келтиради ва бунда қонунбузарликка йўл қўйилади, деб даъво қилмоқда.

Амалиёт демократлар фойдасига ишлаши тахмин қилинмоқда

Почта орқали овоз бериш мунозараси фонида бу амалиёт демократик фронтга фойда келтириши тахмин қилинмоқда.

Сайловда иштирок этиш жараёнида ўзлари кўзлаган даражага етишиш учун курашаётган демократлар 2016 йилги сайловларда Висконсин, Пенсильвания ва Мичиган каби штатларда жуда кам фарқ билан Трампга имкониятни бой бергандилар.

Ушбу сайловларда иштирокни кучайтириш учун бор кучи билан ҳаракат қилаётган демократлар учун «почта орқали овоз бериш» усули бамисоли совғадек бир гап. Таъкидлаш жоизки, почта орқали кўпроқ одамларнинг овоз бериши кутилмоқда. Бу ҳолда айниқса, «нозик» штатларда Байденнинг Трампдан ошиб кетиш эҳтимоли ортади.

Яна бир омил шундаки, эпидемия жиддий салбий таъсир кўрсатадиган ижтимоий сегмент – қарияларнинг бу усул ёрдамида овоз бериши осон ва қулайроқ.

Сўнгги сўровномаларга кўра, 65 ёшдан ошган, юқори хавф гуруҳига кирувчи одамларнинг аксарият қисми Трамп АҚШдаги эпидемия жараёнини нотўғри бошқармоқда, деган фикрда. Бу эса табиий равишда кекса ёшдаги сайловчиларнинг овози Байденга сезиларли даражада устунлик беришини англатади.

Ушбу икки асосий сабабни ҳисобга олган демократлар биринчи кундан эътиборан почта орқали овоз бериш амалиёти ва почта жўнатмаларини олиб борувчи USPS (The United States Postal Service – АҚШ почта хизмати) билан боғлиқ барча эҳтиёт чораларини кўришни исташмоқда.

3 ноябрь куни янги президент аниқланмаслиги ҳам мумкин

АҚШ Конституциясига кўра, 3 ноябрда бўлиб ўтадиган президент сайловларини, 14 декабрь кунидаги сайлов коллегияси (Electoral College) аъзолари раҳбари ва ўринбосарларини сайлаш, янги президентнинг 2021 йил 20 январдаги инаугурация маросими билан боғлиқ саналарни ўзгартириш мумкин эмас.

Конституцияга мувофиқ, 3 ноябрдан сўнг овоз бериш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун почта орқали бериладиган барча овозлар кечи билан 3 ноябрь – сешанба куни тегишли сайлов марказига етказилиши керак.

Овозлар ўз вақтида топширилган тақдирда ҳам, почта орқали олинган овозларни ҳисоблаш сайлов қутиларидаги овозларни ҳисоблашдан кўра кўпроқ вақт талаб этади. Шунинг учун томонлар ўртасида жанжал келиб чиқиши эҳтимоли юқори. Низо юзага келганда эса ҳисоблаш жараёни узайтирилади.

Бундай вазиятда иккинчи муҳим сана 14 декабрь бўлиб, унда барча штатларнинг сайлов қўмитаси аъзолари аниқланади. Агар ушбу кунга қадар бирор штатда сайлов қўмитаси аъзоларини аниқлаш имкони бўлмаса, ушбу делегатлар президент ва вице-президент учун овоз бера олмайди.

Шу сабабли 3 ноябрдан 14 декабргача бўлган тахминан 6 ҳафталик даврда АҚШнинг барча штатларида тегишли делегатлар аниқланиши ва тасдиқланиши керак. Бу ҳам натижалари бир-бирига жуда яқин бўлган шаҳарларда ёки штатларда партияларнинг эътирозлари туғилишига ва овозларни қайта санаш каби эҳтимолий сценарийларни келтириб чиқариши мумкин.

Агар натижалар яқин бўлса, почта орқали юборилган юз минглаб, эҳтимол, миллионлаб овозлар баҳсга сабаб бўлиши, бу эса Конституцияда белгиланган саналарнинг қатъийлигини сўроқ остига олиши мумкин. Бундай вазиятда 3 ноябрь куни АҚШнинг янги президенти аниқланмаслиги ҳам мумкин.

Сценарий 2000 йилдагидек судда якунланиши мумкин

3 ноябрь сайловларидаги энг муҳим масала миллионлаб овозларни почта орқали сайлов марказларига ўз вақтида етказиб бериш ва овозларни ўз вақтида ҳисоблаш бўлиб турибди.

Ушбу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган барча муаммолар ва томонларнинг эътирозлари тақвимдаги вақтнинг йўқолишини англатади. 2000 йилда Флорида штатидаги можаро туфайли чўзилган сайлов жараёни ниҳоят Олий судда якунланганди ва ўшанда республикачилар ғалаба қозонганди.

Ушбу сайловда аксарият жойларда номзодлар жуда яқин натижаларга эришиши мумкин. Шу сабабли партиялар ўз эътирозларини расмий равишда билдиришлари эҳтимолдан холи эмас.

Трампнинг «почта орқали овоз беришда фирибгарлик юз бериши мумкин» деган даъвосидан ташқари, гарчи ушбу жараёнда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолати кузатилмаган тақдирда ҳам, агар почта овозларини қайта санашга тўғри келса, 3 ноябрь куни янги президент номи маълум бўлмаслиги мумкин.

Амалдаги сиёсий қутбланиш ҳисобга олинса, 3 ноябрь – сешанба куни Америка сиёсий тарихида ушбу ноёб манзара пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

Бундай вазият юзага келмаслиги учун номзодлардан бири ҳал қилувчи «нозик» штатларда аниқ ва катта фарқ билан ғалаба қозониши лозим. Гарчи ҳозирги сўров натижаларида Байден олдинда бораётган бўлса-да, Трамп ўз сайлов оммасини яхшироқ сафарбар қила олиши мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Саволлар эса оз эмас: 2016 йилдаги сценарий каби бу сафар ҳам Байден бутун мамлакат бўйлаб кўпроқ овоз олса-да, ғалабани Трампга «илиб» кетадими ёки Байден сўровномалар кўрсатганидек, АҚШнинг янги президенти этиб сайланадими? Ёки 2000 йилда бўлгани каби Америка халқи ўзининг янги президенти ким эканлигини Олий суд судясидан билиб оладими?

Буларнинг барчасига эса вақт жавоб беради. 

Мавзуга оид