Ўзбекистон | 22:31 / 02.09.2020
16735
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорига янги ўринбосарлар тайинланди

Ҳасанов Отабек Абдирашидович Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Мусаев Амиртемурхон Фатихович агентлик директорининг ўринбосари лавозимини эгаллади.

Отабек Ҳасанов шу кунга қадар агентликнинг Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш департаменти мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

Отабек Ҳасанов

У 1985 йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган. 2006 йилда Ўзбекистон Миллий университети бакалавриатини, 2008 йилда ЎзМУ магистратура босқичини, 2013 йилда Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Сиёсий фанлар бўйича PhD доктори.

Амиртемурхон Мусаев эса шу кунга қадар Президент Администрациясида масъул лавозимда ишлаб келаётган эди.

Амиртемурхон Мусаев

У 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1992 йилда Тошкент техника университетини тамомлаган. 2015 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Маълумот учун, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига; директор ўринбосари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Маълумот учун, ДХРАга давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсат амалга оширилишини таъминлаш, миллий кадрлар захирасини бошқариш, инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш, давлат хизматчиларининг иш берувчилар олдидаги манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалар юклатилган.

Мавзуга оид