Ўзбекистон | 19:24 / 02.09.2020
50679
4 дақиқада ўқилади

Мобил қурилмаларнинг IMEI кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар кузатилмоқда. Вазирлик баёнот берди

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ўтказилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда чет элдан келган фуқаролар паспорт маълумотлари ўғирланиб, бошқа телефонларга uzimei'дан рўйхатдан ўтказилаётгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда. Kun.uz сайтига ҳам ўнлаб ана шундай мазмундаги мурожаатлар келиб тушди.

Мурожаатларда айтилишича, фуқаролар чет элдан олиб келган телефон ёки бошқа мобил қурилма (планшет, ақлли соат ва бошқ.)ларини рўйхатдан ўтказа олмаяпти. Бунга сабаб эса аллақачон уларнинг паспортига бошқа телефон рўйхатга олинган бўлиб чиқмоқда. Камига бу каби муаммога дуч келган фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқишни бирор идора бўйнига олмаётгани айтилмоқда.

Kun.uz мазкур масала юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан боғланди.

Вазирлик тақдим этган изоҳда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли «Ўзбекистон Республикасида мобиль қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарори ва 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш» тўғрисидаги қарорларига асосан мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатга олиш тизими жорий этилган.

Низомга асосан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний ва юридик шахслар учун тегишли тартиб ва талаблар белгиланган бўлиб, унга асосан жисмоний шахслар учун рўйхатдан ўтказишни онлайн (веб-сайт, ягона интерактив давлат хизматлари портали), масофавий (SMS/USSD-сўровлар) ёки рўйхатдан ўтказиш пунткларига шахсан мурожаат этиш орқали амалга ошириш имкониятлари яратилган.

Жисмоний шахслар мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобил қурилманинг IMEI-кодини тақдим этиши талаб қилинади. Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган мобил қурилмаларнинг  Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ ўрнатилган божсиз олиб кириш нормаларига риоя этилганини текшириш мақсадида шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси  Давлат чегарасини кесиб ўтгани тўғрисидаги маълумотлар текширилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Тизим оператори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Бироқ, рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида фойдаланувчи билан шахс ўртасида контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда.

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказилиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида, Тизим оператори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Бугунги кунда тергов суриштурув ишлари олиб борилмоқда. Тергов суриштирув ишлари натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилади вазирлик изоҳида.

Мавзуга оид