Дунёдаги вазият: АҚШ «сайловолди» эмлашга тайёрланмоқда, британиялик болаларда янгича аломатлар
АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 50 штатга аҳолининг бир қисмини эмлашни 1 ноябрданоқ - президентлик сайловидан икки кун қолганида бошлаш бўйича кўрсатма берди. Франция иқтисодиётни «кўкаламзорлаштириш» ва янги иш ўринларини ташкил этиш учун йирик молиявий пакет ҳақида эълон қилди. Британия ҳукумати тест қилишдаги муаммолар туфайли танқидга учрамоқда.
Пайшанба куни ҳолатига кўра дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 26 миллиондан ошган. Шу вақтгача 863 мингдан ортиқ киши Covid-19 қурбонига айланди.
АҚШда «сайловолди» вакцинацияси
АҚШдаги 50 штат 1 ноябрдан аҳолининг бир қисмини Covid-19га қарши эмлашга тайёрланиш бўйича кўрсатма олди. Эпидемиологлар ҳозирча бирорта вакцина синови барча босқичлардан ўтиб бўлмагани ҳисобга олган ҳолда, ушбу режани сиёсийлашган деб аташмоқда. 3 ноябрь куни АҚШда президентлик сайловлари ўтказилиши режалаштирилган.
27 август куни штатларнинг маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги федерал агентлиги - Юқумли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказидан махсус нома олган. New York Times нашрининг ёзишича, мактуб уч ҳужжатни ўз ичига олган бўлиб, муаллифлар номи келтирилмаган иккита вакцинани тарқатиш сценарийсини баён этишган ва маҳаллий амалдорлардан эмлаш жараёнига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган қоғозбозлик ишларини бартараф этишни сўрашган.
Мактуб муаллифлари биринчи навбатда тиббий муассасалар ходимлари, миллий хавфсизлик билан шуғулланувчилар, шунингдек 65 ёшдан юқори бўлган хавф гуруҳига мансуб кишилар ҳамда қариялар уйлари хизматчилари эмланиши зарурлигини қайд этишган.
Айни вақтда дунёда ишлаб чиқилаётган вакциналарнинг кўп қисми сўнгги синов босқичида турибди. АҚШнинг бош эпидемиологи Энтони Фаучи синовнинг маълум босқичида натижаларнинг аксар қисми ижобий бўлса, эмлаш жараёнини синовларни тўлиқ якунламасдан бошлаш мумкинлигини ҳам истисно этмаганди. Аммо бошқа мутахассислар бу режа сиёсий мақсадда амалга оширилаётгани ва аҳоли учун хавфсиз эмаслигидан хавотир билдиришмоқда.
Франция 160 мингта янги иш ўрни ташкил қилмоқчи
Франция бош вазири Жан Кастекс 2021 йилда «иқтисодиётни қайта ишга тушириш» учун 100 млрд евро йўналтирилиши режаси ҳақида эълон қилди. Бу дастурдан асосий мақсад «келажак соҳалари»га сармоя киритиш ва 160 мингта янги иш ўрни яратиш ҳисобланади.
Бу маблағларнинг қарийб учдан бир қисми атроф-муҳитга карбонат ангидрид кўп чиқарадиган соҳаларни қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказишга, яна учдан бир қисми ёшлар учун янги иш ўринлари ташкил этишга сарфланиши мўлжалланган. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес ҳамда соғлиқни сақлаш тизими, электроника ва 5G каби соҳалардаги юқори технологияли лойиҳалар ҳам давлатдан кўмак олади.
Бу Франция учун иқтисодиётга киритилаётган бемисл сармоядир, бу мамлакат йиллик бюджетининг учдан бир қисмини ташкил этади. Бу маблағларнинг ярми июль ойида Европа Иттифоқида қабул қилинган 750 миллиард евролик иқтисодий қутқариш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Британияликлар коронавирусга тест топшириш учун 150 км йўл босмоқда
Британияда коронавирусга тест олиш дастури яна танқидга учрамоқда. Ҳукумат касаллик кенг тарқалган ҳудудларга тест тўпламларининг асосий қисмини йўналтирган. Аммо бу туфайли бошқа ҳудудларда жиддий тақчиллик кузатилмоқда, компьютер тизими эса одамларга тест топшириш учун 150 километргача масофа босиб ўтиш таклифларини бермоқда.
Эпидемиологлар бундай стратегия билан ҳукумат янги касаллик ўчоқлари пайдо бўлишига сабабчи бўлишидан хавфсирашмоқда. Ўз навбатида, расмийлар тупук орқали тест олиш тизимини йўлга қўйишга 500 млн фунт сарфлангани, бу борадаги тадқиқотлар натижалари тез орада маълум бўлишини билдирган. Бундай янги тизимда тест натижалари 20 дақиқада чиқади. Айни вақтда Британияда ўтказилаётган тестларнинг атиги 20 фоизининг натижаси бир кун ичида аниқ бўлмоқда.
Коронавирус сиёсатидаги танқидга учраётган яна бир жиҳат - қариялар уйлари билан боғлиқдир. Бундай муассасалардаги кишиларнинг қариндошлари суд орқали ҳукуматнинг ушбу муассасаларга ташриф буюриш бўйича кўрсатмаларини ўзгартиришга эришмоқчи.
Буюк Британияда қариялар уйларига март ойидан буён қариндошлар қўйилмаяпти. Мамлакатда эпидемия авжига чиққан даврда Covid-19 қурбонларининг учдан бир қисми қариялар уйларига тўғри келган.
«Скала» коронавирусга чалингани ҳақида айтиб берди
«Скала» лақаби билан машҳур америкалик актёр Дуэйн Жонсон инстаграмдаги саҳифасида у ва оиласи Covid-19ни қандай бошдан кечиргани ҳақида айтиб берди.
«Сизга айтишим мумкинки, бу бизнинг оиламиз бошдан кечирган энг оғир дард бўлди. Covid-19 тестининг мусбат натижаси бошқа жиддий жароҳатлар ёки уйдан ҳайдалишдан ёки сариқ чақасиз қолишдан кескин фарқ қилади. Буларнинг барчаси менда бир неча мартадан содир бўлган», деган у видеомурожаатида.
«Форсаж» фильми серияларидаги роли орқали танилган Жонсон у, рафиқаси ва 2 ҳамда 4 ёшли қизлари икки ярим ҳафта муқаддам яқин қариндошларидан вирус юқтириб олишганини, ҳозирга келиб эса тузалишганини маълум қилган.
Инстаграмдаги постида Жонсон ўз обуначиларидан ижтимоий масофа сақлашга риоя қилишни, иммунитетни мустаҳкамлашни, ниқоб тақиб юришни, хушчақчақ кайфиятни йўқотмасликни ва атрофдагилар тўғрисида қайғуришни сўраган.
Болаларда ич кетиши ва қусиш коронавирус симптомлари бўлиши мумкин
Белфастдаги Квинс университети олимлари болалардаги коронавирус аломатларига диарея, қусиш ва қорин оғриғини ҳам қўшишни таклиф этишмоқда.
Ҳозирда Британияда Covid-19 нинг расмий аломатлари рўйхатида юқори ҳарорат, йўтал, ҳид сезиш ва таъм билиш йўқолиши кабилар келтирилган. АҚШда диарея ва қусиш коронавирусдан зарарланиш симптомларидан бўлиши мумкинлиги маълум қилинган.
Университет тадқиқотларида 1000 бола иштирок этган, шундан 68 нафарида Covid-19га қарши антитана ҳосил бўлган. Тахминларга кўра, бу 68 бола яқинда коронавирусдан тузалган. Шундан 21 бола маълум вақт тана ҳарорати юқори бўлгани, жуда кўпчилиги йўталгани (йўтал ҳақида гапирганларнинг аксарида антитана йўқ) ва 13 нафари ич кетиши, қусиш ва қориндаги оғриқ ҳақида гапирган. Шу билан бирга, антитаналар ҳосил бўлган 68 нафар боладан фақат 6 нафарида ҳид сезиш ва таъм билиш йўқолгани қайд этилган.
Ҳомиладор аёлнинг ҳибс қилиниши можаро келтириб чиқарди
Австралияда ҳомиладор аёл ҳибсга олингани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Фейсбукда жонли эфирда трансляция қилинган кадрлар икки миллиондан ортиқ марта кўрилган, унда ниқобдаги полициячилар аёлнинг уйига киришади ва уни Викториядаги қатъий карантинга қарши намойишга чиқишга даъват қилгани учун ҳибсга олишларини айтишди. Аёл эса жараённи фейсбукдаги саҳифаси орқали намойиш этади.
Июль ойи ўрталарида коронавирус авж олгани туфайли Мельбурн штати пойтахтида аҳолидан уйдан чиқмаслик сўралган, кўплаб корхоналар ёпилган, оммавий маросимлар тақиқланганди.
Видеода пижама кийган ҳолда кўринган аёл уйда болалари борлиги, бир соатдан кейин УЗИ текширувидан ўтиши кераклиги ва қандайдир ёмон иш қилмаганини айтади.
Ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчи сиёсатчилар полициячиларнинг хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқишди. «Ижтимоий тармоқдаги хабар учун ёки тинч намойиш ташкилочилиги учун олдиндан ҳибсга олиш фақат авторитар режим ҳукмрон бўлган давлатларда кузатилади, Австралия каби демократик давлатга бундай иш бўлмаслиги керак», деган Human Rights Watch ташкилоти вакили Элейн Пирсон.
Аммо Австралия ҳукумати полициячилар томонда. «Ҳозир қандай сабаб билан бўлмасин, намойишлар ўтказиш вақти эмас. Бу ҳозирда хавфли», деган бош вазир Дэниэл Эндрюс.
Виктория штатида жорий этилган қатъий чоралар локдаунни бузганлик учун 1,3 минг доллар миқдорида жаримага тортишни ҳам назарда тутади. Локдаун жорий этилиши эвазига, сўнгги ҳафтада Австралияда кунлик ўсиш ҳолатлари сони 700дан 100тагача тушган.
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024