Ўзбекистон | 08:02 / 03.09.2020
3394
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Глобал инновацион индексда 30 поғонага кўтарилди

2020 йилда республика 131дан ортиқ мамлакат ичида 93-ўринни эгаллади.

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва Корнелл университети томонидан Глобал инновацион индекс рейтингининг навбатдаги сони эълон қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна қайта Глобал инновацион индекси рейтингида рўйхатга киритилган. 

Ўзбекистон сўнгги маротаба 2015 йил ушбу халқаро рейтингда 140 дан ортиқ давлатлар ичида 122-ўринни эгаллаган. 2020 йилда республика 131 дан ортиқ дунё мамлакатлари ичида 93-ўринни эгаллади.

2020 йилда 80та кўрсаткичлардан иборат бўлган Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида Институционал ривожланиш (Institutions), Инсон капитали ва илмий тадқиқот фаолияти (Human capital & research), Инфратузилма (Infrastructure), Билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs) ва Ижодий натижадорлик (Creative outputs) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришгани айтилади.

Глобал инновацион индекс рейтингда етакчилик қилаётган давлатлар, республикага қўшни бўлган ва бошқа айрим иқтисодиётларнинг ҳам 2020 йилдаги эришган натижалари келтирилган. Швейцария - 1-ўрин, Россия - 47-ўрин, Қозоғистон - 77-ўрин, Қирғизистон - 94-ўрин, Тожикистон - 109-ўрин.

– 2020 йил Ўзбекистон Глобал инновацион индексига қайтди, – деб шарҳ берди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Мана шу қайтишнинг ўзи янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Ўзбекистоннинг 93-ўринда бўлиши ҳозирги пайтда илм-фанга берилаётган эътибор, инновацион ривожланишига қаратилган ресурсларнинг самарасидир. Охирги йилларда илм-фанга киритилган инвестициялар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг шакллантирилиши, энг муҳими, олимларга яратилаётган шарт-шароитлар ва ижод эркинлиги Глобал инновацион индексдаги ўрнимизни белгилади. Буни келажакда илм-фан ва инновацияларга инвестицияларни жалб қилиш учун бир қадам деб ҳисоблаш мумкин.

Глобал инновацион индекс 15та халқаро индекс, 4та Жаҳон иқтисодиёт форуми (World Economic Forum) томонидан олиб бориладиган сўровномалар ва 61та кўрсаткичларга тегишли миқдорий статистик маълумотлардан ташкил топган. 

Мавзуга оид