Ўзбекистон | 11:07 / 05.09.2020
18838
8 дақиқада ўқилади

Туркияга парвоз, эпидемик вазият, мамлакатда бўлиш қоидалари: муҳим саволларга жавоблар

Uzbekistan Airways қатор йўналишлар бўйича парвозлар мунтазам равишда қайта тикланишини маълум қилган ва 5та йўналиш бўйича халқаро қатновлар тиклаётгани ҳақида хабар берилганди.

Авиакомпания хабарида коронавирус эпидемияси шароитида Ўзбекистонга парвозларни режалаштираётган йўловчиларга қўйиладиган талаблар алоҳида баён этилган.

 Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудидан Дубай, Франкфурт, Олмаота, Бишкек ва Истанбул шаҳарларига парвозни режалаштирган фуқаролар бу шаҳарлардаги санитар талабларни мустақил равишда аниқлаштириши ҳамда авиачипта сотиб олишдан олдин мазкур мамлакатларга кириш ҳуқуқини берадиган тегишли асослар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши кераклиги таъкидланган.

 Kun.uz таҳририятига айни мавзу-масала бўйича расмий маълумот берилишини сўраб, кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу боис қуйида парвозлар қайта тикланган шаҳарлардан бири – Истанбул (Туркия) билан боғлиқ баъзи саволларга расмий манба-маълумотлар асосида жавоб берилади.

Парвозлар қачондан амалга оширилади?

Uzbekistan Airways’нинг маълум қилишича, Тошкент-Истанбул-Тошкент йўналишидаги парвозлар 4, 7, 11, 14, 16, 18, 21, 23, 24, 25, 28 ва 30 сентябрь кунлари амалга оширилади.

 Туркиядаги оммавий ахборот воситаларида ҳам Туркия ва Ўзбекистон ўртасида Covid-19 эпидемияси сабаб вақтинча тўхтатилган парвозлар 2 сентабрдан қайта тикланиши ҳақидаги хабарлар эълон қилинди.

 Унда айтилишича, икки мамлакат ўртасида 24 август куни бўлиб ўтган музокаралар чоғида Туркиянинг транспорт ва инфратузилма вазирлиги ва Ўзбекистон транспорт вазирлиги расмийлари 2 сентябрдан бошлаб парвозлар қайтадан тикланиши ҳақида ўзаро келишиб олишган.

 Ушбу музокараларда Covid-19 эпидемияси доирасида мамлакатлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар баҳоланган. Жумладан, аэропортлар ва авиакомпаниялар томонидан амал қилиниши керак бўлган қоидалар тўғрисида Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги томонидан нашр этилган қонунчилик тўғрисида ўзбекистонлик масъуллар хабардор қилинган. 

 Туркияда эпидемиологик вазият қандай?

Сўнгги пайтларда Туркияда коронавирус билан боғлиқ вазият оғирлашиб бормоқда. Айни пайтда ушбу мамлакатда вирусга чалинганларнинг умумий сони 276 ярим мингдан, вафот этганларнинг сони эса 6,5 мингдан ошиб кетди.

 Туркия соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 сентябрь куни мамлакатда коронавирус билан боғлиқ 1 минг 612та янги ҳолат қайд этилган, 53 киши вафот этган.

 Соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожанинг айтишича, мамлакатдаги вазият назорат остида. Истанбулда, Таракияда ва Эгей минтақасида жиддий ўсиш йўқ. Аммо Марказий Онадўли ва Жануби-Шарқий Онадўлида ўсиш кузатилмоқда. Анқара сўнгги пайтларда энг юқори ўсиш кузатилган вилоятлардан бири. Мардин, Газиантеп, Шонлиурфа ва Батман каби баъзи вилоятларда беморлар сони тез ортиб бораётгани туфайли касалхоналар етишмовчилиги юзага келмоқда. 

 Коронавирус билан боғлиқ қандай қоидалар амалда?

Туркияда коронавирус билан боғлиқ чора-тадбирлар юмшатилган бўлса-да, 3 қоида ҳамон амалда.

Булар:

  • ниқоб тақиш;
  • ижтимоий масофа сақлаш;
  • гигиена қоидаларига риоя қилиш.

Хусусан, аэропорт ҳудудида йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Шунингдек, ниқоб тақиш, ишоралар билан белгилаб қўйилган 1,5 метрлик ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилишлари шарт.

 Ниқоб тақмаганларга қандай жазо берилади?

Туркияда коронавирусга қарши кураш доирасидаги чора-тадбирлар кўра, ниқобдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаганлар (ниқоб тақмаган ёки ниқобни тўғри, яъни оғиз ва бурунни ёпадиган шаклда тақмаганлар) умумий гигиена тўғрисидаги қонуннинг 282-моддасига биноан, 900 лира (тахминан 120 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида маъмурий жаримага тортиладилар.  

 Туркияда бўлиш қоидалари қандай?

Яшаш рухсатисиз Туркияга келган чет элликлар мамлакатда 180 кун ичида 90 кунгача қолишлари мумкин. Ушбу муддатдан узоқроқ қолишни истаган хорижликлар қолиш мақсадларига мувофиқ яшаш учун рухсат (ikamet tezkeresi) олишлари керак. Рухсат олиш учун эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, ваколатли органларга мурожаат қилиш лозим.

 Туркияда хорижликларга яшаш учун рухсатнома бериш жараёни 5682- ва 5683-сонли қонунлар доирасида мамлакатга келиш ва мамлакатда бўлиш мақсадларига мувофиқ равишда тартибга солинган. Масалан, ушбу мамлакатга ишлаш учун келган чет эл фуқаросига «ишлаш мақсадида»ги, таълим олиш учун келганларга эса «ўқиш мақсадида»ги рухсатнома берилади.

 Яшаш учун рухсатнома, агар у тегишли паспорт ёки тегишли саёҳат ҳужжати билан бирга тақдим этилса, чет элликларга Туркияга визасиз кириш ҳуқуқини беради. Яшаш учун рухсатноманинг бир ўзи паспортнинг ўрнига ўтмайди.

 Туркияда ишлашни истаганлар нима қилиши керак?

Туркияда меҳнат қилмоқчи бўлган хорижликларнинг ишлаш учун рухсати (çalışma izni) Туркия республикасининг 4817-сонли «Чет элликларнинг ишлаш учун рухсатномалари тўғрисидаги қонун ва уни амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Унга кўра, Туркияда ишламоқчи бўлган чет эллик фуқаролар тегишли тартиб бўйича:

  • ишлаш учун рухсатнома (Туркия Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги);
  • меҳнат визаси (Туркиянинг хорижий ваколатхоналари);
  • «ишлаш мақсадида»ги яшаш рухсатномаси (тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари) билан боғлиқ жараёнларни якунлаган бўлишлари керак.

 Виза муддати тугагандан сўнг, Туркияда қолиш учун нима қилиш керак?

Чет элликлар виза муддати тугагач, 6 ойгача қисқа муддатли яшаш учун рухсатнома (ikamet izni) олишлари мумкин. Ушбу муддатдан ҳам кўпроқ туришни истаган чет элликлар Туркиянинг хориждаги ваколатхоналаридан мақсадга мос узоқ муддатли виза олишлари лозим.

 Туркияга ўқишга кирганлар яшаш рухсатномаси (ikamet izni) олиш учун нима қилишлари керак?

Туркияда таълим олишни истаган чет элликлар Туркиянинг хорижий ваколатхоналаридан таълим визаси олишлари даркор ва улар Туркияга таълим визаси билан кирган кундан эътиборан бир ой муддат ичида таълим олувчи муассасидан олган талабалик гувоҳномалари билан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилсалар, уларга таълим мақсадли яшаш учун рухсатнома берилади.

 Таълим визасисиз Туркияда яшаш учун рухсатнома олиш мумкинми?

Аввало, Туркияда таълим олиш истагини билдирган хорижликлар мазкур мамлакатнинг чет элдаги ваколатхонасидан таълим визаси олган ҳолда мамлакатга келишлари лозим. Аммо олдин Туркияда камида 6 ой (туристик мақсадда яшашдан ташқари) муддатли ва амал қилиш муддати ҳали тугамаган яшаш рухсатномасига эга бўлганлар тегишли таълим муассасидан олган талабаликка оид ҳужжатларини тақдим этган тақдирда «ўқиш мақсадида»ги яшаш рухсатномасини олишлари мумкин.    

 Туркияда яшаш манзили ўзгартирилганда нима қилиш керак?

Туркияда яшаш жойини ўзгартирмоқчи бўлган чет элликлар манзил ўзгаришлари ҳақида 5683-сонли Қонуннинг 14-моддасига кўра, 48 соат ичида борган вилоятлари ва тарк этган вилоятларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, шунингдек, 20 иш куни ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига хабар беришлари шарт. Акс ҳолда, уларга нисбатан маъмурий жарима қўлланади.

 «Ўқиш мақсадида» олинган яшаш учун рухсатнома (ikamet izni) бор, аммо…

Туркияда ўқийдиган ва яшаш учун рухсатнома олган хорижликлар ўқишни тугатгач ёки маълум сабабларга кўра, ўқишни тарк этганларида уларнинг рухсатномалари бекор қилинади. Хорижлик фуқаролар бу вазиятдан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини дарҳол хабардор қилишлари даркор. Акс ҳолда, улар жаримага тортилиши, турли муаммоларга дуч келишлари мумкин.

 Хулоса ўрнида

Юқорида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қайси мамлакатга борилишидан қатъи назар, ҳозирги мураккаб шароитда, энг аввало, у мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва эпидемиологик вазият ҳисобга олиниши, шунингдек, мазкур давлатдаги мавжуд қонунчилик билан яқиндан танишиб чиқилиши даркор.

 Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид