Жаҳон | 11:24 / 06.09.2020
17938
6 дақиқада ўқилади

Ливияга қурол эмбаргосини ким бузмоқда ва бунга Россия рейсларининг қандай алоқаси бор: ОАВга БМТ ҳисоботидан нималар маълум?

Июнь ойида Триполининг қамали тўхтатилиши Ливиядаги урушувчи томонларнинг музокаралар бошлаши ва ниҳоят фуқаролик урушига барҳам берилишига бўлган умидларни уйғотганди. Аммо ўтган ойларда икки лагер ҳомийлари БМТ эмбаргосини айланиб ўтган ҳолда мамлакатга қурол етказиб беришни фаоллаштиргани кузатилди, холос.

Фото: Getty Images

Бу хулоса манбайи - БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия бўйича қўмитасига юборилган ёпиқ ҳисоботдир - бу ҳисобот билан New York Times ва Reuters танишишга муваффақ бўлган.

Нашр маълумотига кўра, ҳисоботда Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари қуролли кучлари Ливиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий кампанияси ёлланма жангчилари ва мамлакат шарқида назорат ўрнатган Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясини қўллаб-қувватлаётгани кўрсатилган. Экспертларнинг ҳисоблашича, Ҳафтарга Франция, Миср ва Иордания ҳам ёрдам кўрсатади.

Россия президенти Владимир Путин аввалроқ Ливиядаги ёлланма жангчилар Россия манфаатларини ифода этмаслигини маълум қилганди. ОАВ хабарларида қайд этилган давлатлар вакиллари БМТ ҳисоботи юзасидан изоҳ беришмади.

Зиддиятнинг иккинчи томони - БМТ томонидан тан олинган Триполидаги Фоиз Сарож ҳукумати эса Туркия томонидан очиқдан очиқ қўллаб-қувватланади. Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, ҳарбий юклар баъзида йўловчи рейслар орқали етказиб берилган. Ҳисоботда АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама маъмурияти босими остида танаффус қилган Қатар ҳам Ливиядаги можароларга қайта қўшилгани қайд этилган.

Қатар авиацияси ҳам Ливияга кўплаб рейслар амалга оширган ва Сарож ҳукуматига ёрдам етказиб берган. Туркия ва Қатар мудофаа вазирлари август ойида биргаликда Триполига ташриф буюришган.

Чоршанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг Ливиядаги вакили вазифасини бажарувчи Стефани Уильямс икки лагердагилар ҳам қурол етказиб беришга қўйилган эмбаргони бузишда фаол экани, ҳудудда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳам назоратдан чиқиб кетаётганини айтиб ўтган.

ОАВ нималардан хабар топди?
Reuters’нинг ёзишича, БМТдагилар Суриядан Ливияга ҳарбий юклар билан 338та рейс амалга оширилганини ҳисоблашган.

«2020 йилнинг январидан июнигача Россия Федерацияси қуролли кучлари томонидан қўллаб-қувватланадиган «Вагнер» ХҲК ва эҳтимол бошқа хусусий ҳарбий кампанияларга кўрсатилган ёрдам ҳажми сезиларли даражада ошган», - дея ёпиқ ҳисоботдан иқтибос келтиради агентлик.

Ҳисоботда 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 июлига қадар 338та шубҳали рейс амалга оширилганини саналган. Май ойида БМТ экспертлари Ливиядаги россиялик ёлланма жангчилар сони 1,2 минг кишидан иборат эканини маълум қилишганди.

Икки томон ҳам июнь ойидан буён ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган, аммо амалда тинчлик йўқ

New York Times нашри рақамларга аниқлик киритган - газета маълумотларига кўра, БМТ кузатувчилари 339та рейсни санашган, бу рейслар орқали Россиянинг Суриядаги ҳарбий-космик кучлари базаси бўлмиш Хмеймимдан 17 минг тонна юк юборилган.

Шунингдек, нашр ҳисобот муаллифлари Бирлашган Араб Амирликларининг ҳаракатлари батафсил ўрганиб чиққани, унга кўра 2020 йилнинг биринчи ярмида БАА воситачилар орқали ва тўғридан тўғри 100дан ортиқ юк рейслари амалга оширгани маълум қилинган.

New York Times нашрининг ёзишича, Ливия учун бундай ҳолатлар янгилик эмас, ҳатто БМТ расмийси эмбарго «қуруқ гап» эканини очиқ айтади. Аммо бу йилда содир этилган қоидабузарликлар кўлами ва мамлакатда тўпланган замонавий қурол-яроғ миқдори халқаро ҳамжамиятни ташвишга солгулик даражада катта.

Ливияда фуқаролар уруши 2011 йилда НАТО ҳарбий амалиёти натижасида диктатор Муаммар Каззофий ағдарилганидан буён давом этмоқда.

2014 йилдан эса қарама-қаршиликнинг икки томони шаклланди - БМТ тан олган Фоиз Сарож ҳукумати пойтахт Триполи ва унинг атрофидаги ҳудудларни, мамлакат шимоли-ғарбини назорат қилади, мамлакат шарқида эса Халифа Ҳафтар армиясига таянадиган Ливия миллий парламенти ҳукмронлик қилади.

2019-2020 йилларда Ҳафта армияси 14 ой мобайнида пойтахтни қамал қилди, у ғолиб чиқиши муқаррар кўринганди. Аммо Туркиянинг можарога аралашиши вазиятда кескин бурилиш ясади. Триполидаги ҳукуматни қўллаш учун турк ҳарбийлари, Сурия шимолидаги жангарилар, дронлар ва бошқа ҳарбий мутахассислар Ливияга ташланди.

Туркиянинг фаоллашувига жавобан Ҳафтарнинг асосий иттифоқчиси БАА ҳам зиддиятга янада чуқурроқ аралаша бошлади.

«Ливияга ушбу икки давлат томонидан қурол етказиб бериш ҳажми кенгайтирилгани санкция чоралари очиқдан очиқ инкор этилаётганини кўрсатади», - дея ҳисобот муаллифларидан иқтибос келтиради Reuters. Улар эмбарго фақат қоғозда эканини тан олишган.

Ливия Африкадаги нефть ва газ захираларига бой давлатлардан бири ҳисобланади

БМТнинг қайд этишича, зиддиятга алоқадор бўлган барча минтақавий державалар - Россия, Туркия, Миср, Иордания, Қатар ва БАА Ливияга жўнатилаётган шубҳали юкларни текширишни амалда тўхтатишган.

«Хорижий ҳомийлар Ливия шарқи ва ғарбидаги муҳим авиабазалардаги позицияларини мустаҳкамламоқда. Миссияга хорижлик ёлланма аскарлар оператив ходимларнинг иштироки кенгаяётгани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда. Бу эса минтақадаги вазиятни мураккаблаштиради ва тинчлик ўрнатилиши имкониятларини кескин камайтиради», деган Уильямс. 

Июнь ойида Ҳафтар қўшинлари Триполи арофидан улоқтириб ташланди ва шаҳар қамали тўхтади. Шундан буён Ливияда қуролли ҳаракатлар тинган. 21 август куни бош вазир Сарож расман сулҳ амал қила бошлагани ҳақида эълон қилди, Ҳафтар иттифоқчилари бўлган миллий парламент спикери Агила Солиҳ эса барча гуруҳларни ўт очишни тўхтатишга чақирди. Генералнинг ўзи эса сукут сақламоқда.

Мавзуга оид