Жаҳон | 00:46 / 06.09.2020
3953
2 дақиқада ўқилади

Рим ва Загребда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтди

Фото: AFP

Италия ва Хорватия пойтахтларида минглаб кишилар ҳукуматнинг эпидемиологик чораларига қарши намойишга чиқди.

Рим марказида Италия ҳукуматининг коронавирус эпидемиясини жиловлаш сиёсатига қарши кўп минг кишилик акцияси бўлиб ўтди. Намойишчилар "соғлиқни сақлаш соҳасида диктатура" ўрнатилганини билдирди ва барча чекловларни олиб ташлашни талаб қилди.

Италия ОАВнинг хабарига кўра, намойишда такси ҳайдовчилари, меҳмонхоналар эгалари ҳамда ўнг экстремистик партиялар вакиллари қатнашган.

Италия ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо намойишни танқид қилиб, мамлакатдаги минглаб коронавирус қурбонлари ҳақида эслатди.

"Мен коронавирусни рад этаётганларни вафот этганларнинг оилаларини ҳурмат қилишга чақираман", - деди у.

Загребдаги COVID-чекловларга қарши намойишда 3 мингга яқин киши қатнашди. Уларнинг деярли барчаси ниқобсиз эди ва масофага риоя қилмади, деб хабар берди Index.hr портали. 

Италияда ўтган суткада 1,7 мингта янги ҳолат аниқланди, жами касалланганлар сони 280 мингга яқинлашди. Инфекциядан 35,5 минг киши вафот этди.

Хорватияда охирги 24 соат ичида 311 кишида касаллик аниқланиб, жами касалланганлар сони 11 739тага етди, касалликдан шу кунгача 197 киши вафот этди. 

Мавзуга оид