Жамият | 12:50 / 07.09.2020
28688
5 дақиқада ўқилади

Бир-бирини тийиб туриш ўрнига «суяб» турган ҳокимият тизимлари: Конституциявий суд судьяси қонунга зид тарзда сайланганми?

Сўнгги кунларда Конституциявий суд раисининг кетма-кет бешинчи марта, қолаверса, 70 ёшдан ошган бўлса-да, ушбу лавозимга сайлангани жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Мазкур тамойил тарихига тўхталадиган бўлсак, бу ҳақдаги илк қарашлар Жон Локк ва Шарл Луи Монтескье томонидан билдирилган. Кейинчалик, ушбу назария АҚШда амалиётга татбиқ этилади. Айнан шу ўлкада бугунги кундаги каби ҳокимият тизимларининг бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда ушлаш принципи ишлай бошлади.

Мазкур принцип шарофати билан ҳар бир ҳокимият тизими бошқасининг ўз ваколат доирасидан чиқмаслигини назорат қилади, ҳокимиятнинг суиистеъмол қилиниши ва қонунбузарликларнинг олди олинади.

Ҳокимият тармоқларининг бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда ушлаш принципининг айрим унсурларини Конституциямизда ҳам учратиш мумкин. Жумладан, Конституциянинг 108-моддасига кўра, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини текширади.

Бахтиёр Мирбобоев Юнусобод туманидаги 70-мактабда ўз кутубхонасидан китоб совға қилмоқда, 2019 йил апрель.
Фото: ksu.uz

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Конституциявий суд судьяси (бир вақтнинг ўзида суд раиси) Бахтиёр Шамсутдинович Мирбобоевнинг кетма-кет бешинчи марта ушбу лавозимга сайланаётгани, аммо қонунга биноан мазкур лавозимга икки мартадан ортиқ сайланиш мумкин эмаслиги, шунингдек, қонунда ушбу лавозимга 70 ёшдан ошган кишиларнинг сайланмаслиги белгиланган ҳолда унинг 72 ёшида ушбу лавозимни эгаллагани ҳақидаги фикрлар авж олди.

Бир неча кун ўтиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Полвонов қонунлардан ҳаволалар келтирган ҳолда ушбу иддаоларнинг нотўғри эканини таъкидлади. У бунга исбот сифатида аввалги қонуннинг орқага қайтиш кучига эга эмаслиги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 6-моддасининг иккинчи қисмида Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида етмиш ёшни ташкил этиши белгилангани, «қоида тариқасида» сўзларининг қўлланилиши эса императив характерга эга эмаслигини билдирди.

Мирбобоевнинг қаторасига беш марта бу лавозимга сайланишининг қонунийлиги ҳақидаги қарашларни бир четга суриб, фақат унинг сайланган вақтдаги ёшига нисбатан қонунда белгиланган талабга доир айрим мулоҳазаларни келтириб ўтмоқчимиз.

Бир қарашда, депутатнинг барча фикрлари тўғридек, «қоида тариқасида» деган жумланинг умуммажбурий характерга эга эмаслиги барчаси қонунийлигини исботлаётгандек гўё.

Аммо, лекин, бироқ...

Маълумки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонун 2017 йил 31 майда қабул қилинган. Б.Мирбобоев эса Конституциявий суд судьяси лавозимига Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 24 августдаги қарори билан сайланган.  

Аммо, депутат ҳаммаси қонуний бўлганига асос сифатида келтираётган қонундаги «қоида тариқасида» деган сўзлар 2017 йил 24 августдан (Б.Мирбобоев Конституциявий суд судьяси этиб сайланганидан) 21 кун (!) ўтиб – 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган ва 15 сентябрдан кучга кирган. Масаланинг ушбу жиҳати эътиборга олинса, депутат Ш.Полвонов бу борада ҳақ эмаслиги маълум бўлади.

Яъни, Б.Мирбобоев Конституциявий суд судьяси этиб сайланган 2017 йил 24 август ҳолатида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонуннинг 6-моддаси иккинчи қисмида «қоида тариқасида» деган сўзлар бўлмаган ва Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёш бўлиши кераклиги ҳақидаги риоя этилиши мажбурий бўлган қатъий норма амалда бўлган.

Бундан келиб чиқадики, Б.Мирбобоевни 2017 йил 24 август куни Конституциявий суднинг судьялигига сайлашда қонун талабига риоя этилмаган.

Ҳозирча масалага Конституциявий суднинг ўзи ёки унинг таркибини сайлаган Сенат муносабат билдирганича йўқ.

Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи суд ҳокимияти органи бўлган Конституциявий суд ёки мутлақ ваколатларидан бири ушбу судни сайлаш бўлган Сенат ижтимоий тармоқларни кезиб юрган бу мавзу юзасидан тез кунларда изоҳни бериб қолса ажаб эмас.

Аббос Салайдинов, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид