Магистратура имтиҳони натижасини талабгор бирданига билиб чиқиши мумкин - вазирлик
Бугун, 8 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов магистратура имтиҳонларини ташкиллаштириш бўйича саволларга жавоб берди.
«Магистратура имтиҳонлари республиканинг 13 ҳудудида 19та катта объектда ўтказилмоқда. Имтиҳонлар веб-камералар орқали кузатилмоқда, жараён ҳуқуқ тартибот органлари томонидан назорат қилиняпти.
Имтиҳонда тартиб-қоидаларга бўйсунмаган абитуриентлар тест жараёнидан четлатилади ва уларнинг натижаси ҳисобланмайди. Шунинг учун магисратурага ҳужжат топширганлардан имтиҳонда қоидаларга амал қилишлари, тестга фақат паспорт ва рухсатнома билан боришлари сўралади. Улар имтиҳондан кейин ўз натижаларини бирданига билиб олишлари ҳам мумкин бўлади», деди Абдували Холиқов.
Вазирлик расмийсининг қайд этишича, магистратура саволлари бир хил йўналиш абитуриентлари учун умумий тузилган бўлса-да, улар такрорланмайди. Чунки саволлар базаси шакллантирилган ва дастур тестларнинг интеграциясини таъминлаб беради. Тестлар эса бир неча ОТМ ва турли мутахассислар томонидан тузилган.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Тошкент давлат юридик университети ва Жаҳон иқтисодияти ва дипломатияси университети магистратурасига имтиҳонларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкиллаштирилмайди.
Бу ОТМларга ҳужжат топширган талабалар учун имтиҳонда иштирок этиш учун рухсатнома ҳам чиқарилмаган. Улар ўша ОТМга тегишли вазирликка мурожаат қилиб имтиҳонга аниқлик киритишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бугундан магистратура имтиҳонлари бошланди, имтиҳонлар 20 сентябргача давом этади.