«Мен шунчаки кетмайман» – Лукашенко россиялик журналистларга катта интервью берди
Сешанба куни Беларусь президенти Александр Лукашенко сайлов ва намойишларнинг қаттиққўллик билан бостирилиши воқеаларидан кейин илк марта катта интервью берди. У интервью давомида президентлик лавозимида кўп вақт қолиб кетган бўлиши мумкинлигини тан олган.
8 сентябрь куни Минскда, Александр Лукашенконинг Мустақиллик саройидаги қароргоҳига Россия нашрлари вакиллари - «ВГТРК» (Бутунроссия давлат телевизион ва радиоузатув компанияси) корреспонденти Евгений Рожков, Russia Today бош муҳаррири Маргарита Симоньян, «Первый канал» корреспонденти Антон Верницкий ва «Говорит Москва» радиостанцияси бош муҳаррири Роман Бабаян президентдан интервью олиш учун келишди.
«Кўпроқ ўтириб юбордим, аммо...»
Интервью давомида Лукашенкодан Беларусдаги намойишлар сабаби ҳақида сўралган. У эса асосий сабаб ташқи кучлар таъсири эканини айтиб, америкаликларни мамлакат ишларига аралашишда айблаган. Шу билан биргаликда, беларусларнинг норозиликларига ички сабаблар ҳам борлигини тан олган.
«Ҳа, балки, мен бироз кўпроқ ўтиргандирман. Эҳтимол, мени нафақат телевизордан кўрсатишган, балки дазмол ва чойнакдан ҳам чиқиб келавергандирман. Аммо, чиндан ҳозирда беларусларни фақат мен ҳимоя қила оламан», дея Лукашенконинг сўзларини келтирган «Говорит Москва».
Лукашенко намойишларнинг яна бир сабаби сифатида Беларусда иккита янги авлод пайдо бўлгани ва «буржуйларнинг кичик синфи ҳокимиятга интилаётгани»ни келтирган.
У россиялик журналистларга ўз постини «шунчаки» тарк этмаслигини маълум қилган.
«Мен шунчаки кетмайман. Мен чорак аср мобайнида Беларусни барпо этдим. Барчасини шунчаки ташлаб кетмайман. Қолаверса, агар мен кетсам, тарафдорларимни қирғин қилишади», деган Лукашенко.
Беларусь етакчиси Конституцияни ислоҳ қилишга тайёрлигини айтиб ўтган.
«Биз Конституция ислоҳотлари ўтказишга тайёрмиз, ундан кейин муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилиши мумкинлигини ҳам истисно этмаймиз.
Менинг қурол билан кўриниш беришим фақат битта нарсани англатади: мен ҳеч қаерга қочиб кетмадим ва мамлакатни охиригача ҳимоя қилишга тайёрман», деган у.
Лукашенко аввалдан конституцион ислоҳотлари ўтказилиши тарафдори бўлиб келади. У бир йил муқаддам берган интервьюсида ўз ворисига ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ваколатлар қайта тақсимланган Конституция қолдиришни исташи ҳақида гапирганди. 2020 йил июнида Лукашенко янги Конституция икки йил ичида тайёр бўлиши мумкинлигини айтди.
Унинг бу ташаббуси Москвада ҳам қўллаб-қувватланган. Россия Федерацияси ТИВ раҳбари Сергей Лавров конституцион ислоҳотларни Беларусдаги вазиятни барқарорлаштиришнинг оптимал формати деб атаган.
Колесникованинг қўлга олиниши «қонуний бўлган»
Лукашенко Мария Колесникова билан боғлиқ вазият бўйича ҳам изоҳ берди. Светлана Тихановскаянинг яқин сафдоши, Беларусь мухолифати мувофиқлаштириш кенгаши президиуми раиси бўлган Колесникова душанба тонгида йўқолиб қолди, кўп вақт давомида у қаердалиги номаълумлигича қолди, сешанба тонгида эса Беларусь расмийлари Колесникова республика ҳудудини ноқонуний тарк этишга урингани, у Украина билан чегарада қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатилди.
«Интерфакс-Украина» эса Колесниковани зўрлик билан Беларусдан олиб чиқишга уриниш бўлгани, аммо у бу содир бўлмаслиги учун паспортини йиртиб ташлагани ҳақида хабар тарқатди.
Лукашенко интервью вақтида Колесникова Украинага синглисини кўриш учун бормоқчи бўлгани ҳақида гапирган.
«Уни тартиб-таомилга кўра қўлга олишган», - деган Лукашенко.
Мария Колесникованинг отаси эса Лукашенконинг бу сўзларига жавобан унинг қизи ҳеч қачон Украинага ёки бошқа жойга кетишни истамаганини айтди: «Мария ҳамиша шундай дерди: «Ота, нима бўлмасин мен Беларусда қоламан». Бу унинг принципиал позицияси эди». Александр Колесников шу вақтгача қизи билан гаплаша олмаётганини қўшимча қилган.
«Ошириб юборишлар бўлган, аммо…»
Журналистлар Лукашенкодан сайловдан кейинги акциялар вақтида куч ишлатар тизимлар намойишчиларни қўлга олишда қаттиққўл қилгани ҳақида сўрашган.
ВГТРК мухбири Евгений Рожковнинг айтишича, Лукашенко ОМОНчиларни айблаш керак эмаслиги, «чунки улар мамлакатни блицкригдан ҳимоя қилишгани» ҳақида гапирган.
«Албатта, намойишчилар, шу жумладан журналистларнинг калтакланиши борасида ҳам сўрадик. У буни ўша вақтдаги қайноқ ҳиссиётлар натижаси деб атади. Унинг сўзларига кўра, омончиларни айблаш нотўғри, чунки улар мамлакатни блицкригдан ҳимоя қилишган. У куч ишлатишда ҳаддан ошиш ҳолатлари бўйича текширув ўтказилиши ҳақида ваъда берди. Айниқса журналистлар, хусусан, россиялик журналистларга қўлланган зўравонлик ҳолатлари ўрганилади», деган Рожков.
«Катта оға»
Лукашенко тез орада Россияда юз берадиган «маълум сиёсий воқеаларга» нисбатан бўш келмасликка чақирган.
«Биласизми, биз Россия идоралари ва раҳбарияти билан қандай хулосага келдик? Агар бугун Беларусь қуласа, кейингиси Россия бўлади», деди Беларусь президенти.
Президент намойишлар билан боғлиқ вазиятнинг мураккаблигига эътибор қаратди. «Агар бой Россия буни эплай олади, деб ўйласангиз, адашасиз. Мен кўплаб президентлар билан гаплашдим, қадрдон дўстим (мен уни катта акам деб атайман) Путин билан гаплашдим, мен уни огоҳлантирдим: бунга қарши туриб бўлмайди», дея таъкидлади Лукашенко.
«Мувофиқлаштирувчи кенгаш билан мулоқот бўлмайди»
Лукашенко мухолифатчилар томонидан тузилган Мувофиқлаштирувчи кенгаш билан гаплашмаслиги, чунки улар ким эканини билмаслигини айтган.
Лекин кенгаш аъзоларидан камида бир неча нафарини Лукашенко яхши танийди. Масалан, Светлана Алексиевич, у 2015 йилда бу ёзувчини Нобел мукофоти билан табриклаганди. Шунингдек, собиқ маданият вазири Павел Латушкони ҳам.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари бир неча марта ҳукумат вакиллари билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилганликлари, аммо ҳеч ким розилик билдирмаганини айтишган. Лекин ушбу кенгаш тузилиши бўйича жиноий иш очилган - бош прокуратура кенгаш «ҳокимиятни эгаллаш ва мамлакат миллий хавфсизлигига зарар етказиш мақсадида тузилгани» маълум қилинган.
Мавзуга оид
18:53 / 10.12.2024
Лукашенко: Беларусда ўнлаб ядровий каллаклар бор
02:18 / 07.12.2024
Путин ва Лукашенко хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномани имзолади
23:47 / 23.11.2024
Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди
21:16 / 22.11.2024