Ўзбекистон | 18:29 / 08.09.2020
155989
1 дақиқада ўқилади

Миришкор тумани ҳокими ва ўринбосари вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев вафот этди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Kun.uz манбаси хабар қилишича, сўнгги кунларда шифохонада даволанишда бўлган Ғайрат Бегалиев 8 сентябрь куни оламдан ўтган.

Ҳокимнинг вафоти Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланди. Вазирликнинг аниқлик киритишича, марҳумда икки томонлама пневмония, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги аниқланганди.

Ғайрат Бегалиев 2020 йил 4 мартдан бери Миришкор тумани ҳокими лавозимида ишлаётган эди. У Миришкор тумани ҳокимлигига келгунга қадар кўп йиллар давомида Қарши тумани ҳокими бўлган.

Миришкор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 6 сентябрь куни Миришкор тумани ҳокими ўринбосари Мансур Раҳмонов вафот этганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда расмий статистикага кўра коронавирусдан вафот этганлар сони 358 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани ҳокими Давлат Толибаев ҳам бор.
 

Мавзуга оид