Ўзбекистон | 22:40 / 10.09.2020
7703
2 дақиқада ўқилади

Боғчаларда камида 5 кунлик ичимлик суви захираси бўлмаса, уларга ишлашга рухсат берилмайди — МТВ

Ўзбекистонда 900дан ортиқ боғчада ичимлик сувига алоқадор муаммо бор. Пандемия шароитида боғчалар фаолият юритиши учун улардан камида 5 кунлик ичимлик суви захирасига эга бўлиш талаб этилади.

Агриппина Шин

Бу ҳақда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Тоза ичимлик суви билан таъминлаш – МТТлар очилиши учун белгиланган алоҳида талаблардан бири. Яқинда бош вазир бошчилигида ўтказилган видеоселекторда ҳам ичимлик суви муаммоси вазирликнинг ўзи томонидан ҳам кўтариб чиқилган. Сабаби бу муаммо – тизимнинг оғриқли нуқталаридан бири. 939та МТТда ичимлик суви етказиб бериш ва уни сақлаш муаммоси бор. Ҳозир бу муаммо устида ишланмоқда.

Лекин агар МТТларда 5 кунлик ичимлик суви захираси бўлмаса, уларнинг фаолият бошлашига рухсат берилмайди», –деди Агриппина Шин 10 сентябрдаги матбуот анжуманида.

Умида Муҳиддинова

Вазирлик бошқарма бошлиғи Умида Муҳиддинова боғчаларнинг кириш қисмларида дезинфекцион йўлаклар ўрнатилмаслигини айтиб ўтди.

«Пандемия шароитида МТТлар фаолият юритиши учун санитария-эпидемиология нормалари ишлаб чиқилган. Унга кўра, МТТларнинг кириш қисмида хлорли тўшаклардан фойдаланилади. Улар орқали болалар оёқ кийимларини тозалаган ҳолда ичкарига киришади. Лекин хлорли йўлаклардан фойдаланилмайди. Уларнинг соғликка салбий таъсири борлиги сабабли фойдаланилмайди», – деди вазирлик расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрдан Тошкент шаҳри ва вилоятининг ҳар бир туманида биттадан МТТ очилган, вилоятларда эса 14 сентябрдан МТТлар очилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид