«Бу жиноятни ярашув билан тугатиш имконсиз» — Самарқандда эри калтаклаган аёл воқеаси бўйича изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда самарқандлик аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтаклангани акс этган видео тарқалган эди. 24 август куни Самарқанд вилоят ИИБ аёлнинг турмуш ўртоғи қўлга олингани ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Бироқ орадан кўп ўтмай таҳқирланган аёлни турмуш ўртоғи билан яраштирилаётгани сабабли жиноят жазосиз қолиши мумкинлиги борасида тахмин ва саволлар кўпая бошлади.
Ана шу саволларга аниқлик киритиш мақсадида Самарқандда ўтказилган брифингда вилоят ИИБ ҳамда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Zoom дастури орқали ИИВ вакиллари ҳолат юзасидан ахборот берди.
Унга кўра, мазкур оилани яраштириш имконсиз бўлиб, бир неча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жабрланувчига эса ҳимоя ордери берилган.
Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Дамир Султонов ўз турмуш ўртоғини шафқатсиз тарзда калтаклаб келган Ш.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани ва ҳозирга қадар қамоқда сақланаётганини айтди.
«ИИБ органлари томонидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жумладан, жабрланувчининг турмуш ўртоғи Ш. томонидан таглик ейишга мажбур қилингани ва бошқа ҳолатлар бўйича тарқалган хабарлар ҳам ўрганилмоқда.
Жиноят процессуал кодексига асосан, мазкур жиноят ишини ярашув билан тугатишнинг имкони йўқ. Жиноятга тегишли жазо берилиши муқаррар», – деди Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи.
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари – хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаевага кўра, жорий йилнинг дастлабки 8 ойида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан жами 4 744 та мурожаат ва хабар келиб тушган.
Шулардан 1 946 тасида руҳий, 57 тасида иқтисодий, 25 тасида жинсий ва 2 421 тасида жисмоний зўравонлик ҳамда 398 тасида тазйиқ ҳолатлари аниқланган.
«Ушбу ҳолатларни олдини олиш мақсадида зўравонликдан жабрланган 4 780 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. Ҳимоя ордери олган хотин-қизлардан 61 нафари ўқувчи ва талабалар ташкил этади. 1 385 нафари эса ишлайди, 1 954 нафари уй бекаси, 209 нафари нафақада ва 1077 нафари иш билан банд бўлмаган», – деди Умида Абдуллаева.
Самарқанд вилояти бўйича хотин-қизлар учраган тазйиқ ва тажовуз ҳолатлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
«Вилоятда сўнгги 8 ойда 254 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилиб, доимий назоратга олинган.
Мазкур ҳимоя ордерлар таҳлил қилинганда, тазйиқ ва зўравонликка учраган жами 203 нафар жабрланган хотин-қизларнинг бевосита мурожаати, 10 таси жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарлари асосида, 21 таси ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан аниқланган. 20 таси эса давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар асосида берилган», – дейди Самарқанд вилоят ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим катта инспектори Нилуфар Сатторова.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024