Жаҳон | 22:51 / 10.09.2020
13164
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши вакцинанинг бутун дунё бўйлаб етказилиши “аср миссияси” бўлиши айтилди

Коронавирусга қарши вакцинанинг бутун дунё бўйлаб етказилиши “тарихдаги энг катта транспорт муаммоси” бўлади. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) маълумотларига кўра, бунинг учун Boeing 747 каби самолётдан 8 мингтаси керак бўлади. 

Фото: Economic Times

Тўлақонли вакцина ҳали яратилмаган бўлса-да, IATA вакцинани бутун дунё бўйлаб етказиш борасида авиакомпаниялар, аэропортлар, соғлиқни сақлаш идоралари ва фармацевтика компаниялари билан иш олиб бормоқда.   

“Вакциналарнинг хавфсиз етказилиши юк авиаташувлари соҳаси учун “аср миссияси” бўлади. Бироқ бу дастлабки режасиз юз бермайди. Бунинг вақти келди”, деб айтган IATA ижрочи директори Александр де Жуниак.

Авиакомпаниялар пандемия вақтида йўловчи рейсларига талаб камайиб кетгани сабабли юк ташишга эътиборни қаратган ҳозирги бир вақтда вакциналарни етказиш мураккаб бўлади. Ҳамма самолётлар ҳам вакцинани ташиш учун тўғри келавермайди, чунки бунинг учун маълум ҳарорат диапазони сақланиши лозим. Баъзи вакциналарга жуда паст ҳароратлар талаб этилиши мумкин.

“Биз бу жараёнларни яхши биламиз. Дунёнинг баъзи жойларига, жумладан Жануби-Шарқий Осиёга парвозлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади, чунки у ерда вакцина ишлаб чиқариш учун имкониятлар йўқ”, деб қўшимча қилган IATA’нинг юклар билан шуғулланувчи бўлими бошлиғи Глен Хьюз.

IATA’да таъкидланишича, Африкада юк самолётлари етарлича миқдорда бўлмагани, ҳудуднинг катталиги ва чегараларни кесиб ўтиш мураккаблиги ҳисобига айни вақтда “қора қитъа” бўйлаб вакцинани етказишнинг имкони йўқ.

Вакциналарни ташиш ҳарбий аниқликни ҳамда улар сақланадиган жойларда салқин омборлар бўлишини талаб этади.

Шу муносабат билан IATA тайёр ҳолатда бўлиш учун ҳукуматларни ҳозирданоқ ишга киришишга чақирган.

Вакциналарни ташишда юзага келадиган яна бир муаммо уларнинг хавфсизлиги ҳисобланади.

“Вакциналар жуда қимматли товар бўлади. Юклар қалбакилаштириш ва ўғирланишдан ҳимояланган бўлишини таъминлаш учун чоралар кўрилиши лозим”, деб қўшимча қилинган IATA’да.

Мавзуга оид