Жаҳон | 23:34 / 13.09.2020
10271
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис оққонликнинг биринчи аломатларини санаб ўтди

Фото: Depositphotos

Россия онкологлари уюшмаси аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Роман Темников қон саратонининг биринчи аломатлари ҳақида сўзлаб берди. 

“Лейкозларни эрта босқичда тўғри ташхислаш ҳақиқатан мураккабдир. Одатда, касаллик тиббий кўриклар ёки бемор шифокорга бошқа сабабга кўра мурожаат қилганда аниқланади”, деб таъкидлаб ўтган шифокор.

Унинг айтишича, қон саратонининг эрта босқичида бош оғриғи ва айланиши, иштаҳанинг пастлиги, тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилиши, нимжонлик ва толиққанлик, тез-тез инфекцияларга учраш ва вазннинг кескин йўқолиши намоён бўлиши мумкин. 

Ҳушдан кетиш, лаб ва тирноқларнинг кўкариши, тахикардия, юқори тана ҳарорати, нафас олишдаги муаммолар, суяклар ва бўғимлардаги оғриқ, терида тошма тошиши, лимфа тугунларининг катталашиши, буйрак ва талоқнинг катталашиши, қориннинг шишиши ва яраларнинг ёмон битиши лейкознинг кечки босқичларидан дарак бериши мумкин.

Онкологнинг таъкидлашича, қон формуласининг ўзгариши – тромбоцитлар ва эритроцитларнинг кам ҳажмдалиги ортида етилмаган элементларнинг кўплигидан биринчи навбатда сергак тортиш лозим.

“Ушбу касалликда нормал қон ҳосил килиниши издан чиқади, бунинг эвазига суяк илигида етилмаган лейкоцит ҳужайралар сони ошиб кетади, шундан унинг эски номи – лейкемия ёки оққонлик келиб чиққан”, деб тушунтириб ўтган мутахассис.  

Унинг таъкидлашича, касалликларга қарши курашишнинг асосий шарти ҳамон касалликнинг эрта аниқланиши бўлиб қолмоқда, шу сабабли шифокорлар соғлом ҳаёт тарзи юритишни, стрессларга берилмасликни ва камида ярим йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтишни тавсия қилишади.

Онкологлар ёмон сифатли ўсимталарга наслий мойиллик бўлса, ташхислашни ушбу касаллик қариндошида неча ёшида аниқланган бўлса, шу ёшдан 5 йил эртароқ ёшда ўтказилишини тавсия қилишмоқда.

Мавзуга оид