Жаҳон | 23:38 / 14.09.2020
9651
2 дақиқада ўқилади

Вакцина ишлаб чиқарувчи йирик компания 2024 йил охиригача барчани коронавирусга қарши вакцина билан эмлаш имконсизлигини маълум қилди

Фото: Reuters

SII компанияси ижрочи директори Адар Пунавалланинг сўзларига кўра, сайёрадаги барчага вакцина етиб бориши учун тўрт-беш йил керак бўлади.

Дунёда коронавирусга қарши вакцинага бўлган эҳтиёж 2024 йил охиридан кейингина тўлиқ қондирилиши мумкин.

«Сайёрадаги барчага вакцина етиб бориши учун тўрт-беш йил керак бўлади», — деди дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчи Serum Institute of India (SII) компанияси ижрочи директори Адар Пунавалла Financial Times газетасига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, агарда ҳар бир кишига икки дозадан COVID-19 вакцинаси керак бўлса, дунё бўйича 15 млрд доза вакцина лозим бўлади. Фармацевтика компаниялари вакцинага бўлган эҳтиёжни 2024 йилдан аввалроқ қаноатлантириш учун ишлаб чиқариш қувватларини етарлича тезликда кенгайтирмаяпти, деди у.

Serum Institute of India — дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчи компания. Қайд этилишича, компания COVID-19га қарши вакцина ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган АҚШнинг Novavax ва Швеция-Британиянинг AstraZeneca компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, Serum Institute Россиянинг Гамалея номидаги илмий-тадқиқот маркази билан ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин.

Компания AstraZeneca билан келишув доирасида 68 мамлакат учун коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаради, бир доа вакцинанинг нархи 3 доллар атрофида бўлади. Novavax билан келишув доирасида эса 92 мамлакат учун вакцина ишлаб чиқарилади.

Мавзуга оид