Жаҳон | 20:50 / 15.09.2020
25838
6 дақиқада ўқилади

Навальний қайтишни истамоқда. «Шарите»дан биринчи фото. Сўнгги маълумотлар

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний заҳарланганидан кейин илк марта инстаграмдаги саҳифасига пост қўйди. New York Times нашрининг ёзишича, у Россияга қайтмоқчи. Кремлдагилар сиёсатчининг соғлигидан хабар олиб туришнинг иложи бўлмагани ҳақида маълум қилди. Россия ташқи разведка хизмати раҳбари уни Россияда заҳарлашмаганини таъкидламоқда.

Клиникадан биринчи фото
Алексея Навальнийнинг инстаграмида у 20 август куни комага тушиб, Берлиндаги «Шарите» клиникасига ётқизилганидан буён илк сурати пайдо бўлди.

14 сентябрь куни Навальний даволанаётган Берлиндаги «Шарите» клиникаси россиялик сиёсатчининг аҳволи яхшиланиб бораётгани, у сунъий нафас олдириш аппаратидан узилгани ҳақида маълум қилганди. Шифокорлар у қисқа муддатга ўрнидан тура олаётганини хабар қилишган. Бундан ташқари, бу Навальний ўзининг ҳолати ҳақидаги маълумотларни оммага етказишга шахсан ўзи рухсат берган илк ҳолат бўлди (бунга қадар бундай маълумотлар рафиқаси Юлия рухсати билан эълон қилиб борилаётганди).

«Салом, бу Навальний. Сизларни соғиндим. Мен ҳали ҳам деярли ҳеч нарса қилолмаяпман, лекин кеча кун давомида ўзим нафас олдим. Бутунлай ўзим. Ҳеч қандай қўшимча ёрдамсиз, ҳатто томоғимга ўрнатилган мосламадан ҳам фойдаланмадим. Жуда ёқди. Ажойиб, кўпчилик етарлича баҳо бермаган жараён. Тавсия этаман», деб ёзган у постида.

Унга илова қилинган суратда Навальний касалхона койкасида ўтиргани, ёнида рафиқаси Юлия, қизи Даря ва ўғли Захар акс этган.

Душанба куни Германия ҳукумати Навальнийнинг организмида «Новичок» гуруҳига мансуб заҳар излари топилганини Франция ва Швециядаги лабораториялар ҳам тасдиқлаганини маълум қилганди. Немислар ҳукумати яна бир бор Россияни мухолифатчи билан нима бўлганини изоҳлашга чақирди.

Берлиндаги BBC Russian мухбири хабар қилишича сиёсатчи даволанаётган «Шарите» клиникаси қаттиқ қўриқлов остида. Бу ерда  доимий равишда полиция автобуси навбатчилик қилмоқда.

Бинога киришда - тўлиқ қуролланган полициячилар қўриқчилик қилмоқда, шунингдек, қўриқчиларнинг аксар қисми ранг қайтарувчи жилетлар кийишган.

NYT: Навальний Россияга қайтмоқчи
Навальний Германияда қолмаслиги ва Россиядаги миссиясини давом эттиришини билдирган. Бу ҳақда New York Times нашри Германия хавфсизлик хизмати органларидаги манбасига асосланиб хабар тарқатди.

«У ўз ҳолатини, у билан нима рўй бергани ва ҳозир қаердалигини тўлиқ англамоқда. У Германияда қолмоқчи эмас. У ўз миссиясини давом эттириш учун Россияга қайтмоқчи», деган NYT суҳбатдоши.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш бу маълумотни тасдиқлаган.

Газета маълумотига кўра, Навальний Германия прокуратураси вакиллари билан учрашган. Мулоқот чоғида у Россияга қайтиш истагини билдириб, Россия ҳукуматининг ишни биргаликда текшириш бўйича таклифини рад этган.

Германия томони Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ санкцияларнинг турли вариантларини кўриб чиқмоқда, жумладан, алоҳида шахсларнинг мамлакатга кириши тақиқланиб, уларнинг банк активлари музлатилиши мумкин. Берлин бу борада Евроиттифоқ давлатларининг қўллаб-қувватловига умид қилмоқда.

Кремль: Путин Навальний билан учрашмайди
Кремлдагилар Навальнийнинг Россияга қайтишидан хурсанд бўлишади, аммо на Путин, на президент маъмурияти ходимларидан кимдир у билан учрашишни режалаштирган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков New York Times мақоласини шундай шарҳлади.

«Агар берлинлик шифокорлар унинг соғлигидаги барча салбий оқибатларни бартараф этишган бўлса, албатта, барча хурсанд бўлади», деган Песков.

У Кремль Навальнийнинг ҳолатидан доимий равишда хабардор бўлиб турдими дея берилган саволга рад жавобини берган.

«Йўқ, афсуски, биз Навальнийнинг соғлигидаги ўзгаришларни кузатиб туриш имконига эга бўлмадик. Бизда бунинг ҳеч қанақа имкони бўлмади», деган Песков.

Шу ўринда у Навальний Россияга қайтгач, Путин билан ёки Кремль вакиллари билан учрашиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берган.

«Биз бундай учрашувга сабаб ва зарурат кўрмаяпмиз, шунинг учун, бундай учрашув бўлмайди», деган у.

Навальний шифохонага ётқизилганидан буён Песков илк марта уни фамилияси бўйича атади - ўтган вақт давомида уни «Берлиндаги бемор» ва «Россия фуқароси» деб атаб келаётганди.

Наришкин: Навальний Россиядан заҳарланмаган ҳолда учган
Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин мамлакатдаги барча «Новичок» захиралари йўқ қилинганини маълум қилди. У шунингдек, Навальний мамлакатдан кетаётганида унинг организмида заҳарловчи моддалар бўлмаганини таъкидлади.

«Факт шундаки, Алексей Навальний РФ ҳудудидан учиб кетаётганида, унинг организмида қандайдир заҳарловчи моддалар мавжуд бўлмаган. Шу туфайли, албатта бизда немислар томонига кўплаб саволлар бор», дея Наришкиннинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.

  • Германиядаги Der Spiegel нашри ўз манбаларига асосланиб, Германия хавфсизлик хизмати ходимлари фикрича, Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлиги, бундай модда фақат уларда борлиги ҳақида хабар тарқатганди. Кремлдагилар буни Россияга қарши асоссиз айблов деб аташган.

Аввалроқ Германия лабораторияси хулосалари Франция ва Швецияда ҳам тасдиқлангани маълум бўлганди. Французлар президенти Эманнуэль Макрон Владимир Путин билан телефон мулоқотида бу масалада сўз очиб, Навальнийга жанговар заҳарловчи модда қўллангани ҳақида айтган ва бу ҳолатга изоҳ талаб қилганди.

Мавзуга оид