Ўзбекистон | 09:43 / 16.09.2020
4928
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт соҳаларида ёқилғи-энергетика ресурслари сарфини меъёрлаш бўйича тартиб тасдиқланди

2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар чорак якуни бўйича иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфи тўғрисидаги маълумотлар таҳлил этиб борилади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” томонидан Республика иқтисодиёти соҳаларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфини меъёрлаш бўйича тартиб ишлаб чиқилди.

“Ўзнефтгазинспекция” ахборот хизмати хабарига кўра, тартиб Энергетика вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилиб 2020 йил 20 август куни Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссиясини қарорига асосан тасдиқланди.

Билдирилишича, амалдаги меъёрий ҳужжат 1979 йилда собиқ СССР даврида ишлаб чиқилган бўлиб, иқтисодиёт тармоқларининг охирги 30 йил ичида жадал суратларда ўсиши, энергия тежамкор технологиялар ва автоматик бошқарув тизимларини жорий этилиши, шунингдек, мамлакатимизнинг энергия истеъмоли ривожланган давлатларга нисбатан юқорилиги амалдаги меъёрий ҳужжатни янгилашни тақозо этган.

Хусусан, ушбу меъёрлаш ҳужжати иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини оқилона тақсимлаш, улардан самарали фойдаланиш ва ёқилғи сарфини оптималлаштиришнинг ягона услубий ёндашувини белгилайди.

Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлардаги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турлари бўйича ёқилғи-энергетика ресурслари сарфини қисқартириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар ҳамда меъёрлари аниқланадиган соҳавий услубиёт ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш, таҳлиллар олиб бориш имконини беради.

Мазкур меъёрлаш тартиби 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб жорий этилади ва 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар чорак якуни бўйича иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфи тўғрисидаги маълумотлар таҳлил этиб борилади.

“Меъёрлаш тартиби” “Ўзнефтгазинспекция”нинг www.uzngi.uz расмий сайтига жойлаштирилган.

Мавзуга оид