Ўзбекистон | 15:03 / 17.09.2020
44271
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга авиақатновлар орқали кириб келиш тартиби бўйича батафсил маълумот берилди

Uzbekistan Airports пандемия даврида йўловчиларнинг Ўзбекистонга авиақатновлар орқали кириб келиш тартиби бўйича батафсил маълумот берди.

Фото: Pixabay

COVID-19 коронавируc инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ қуйидагича тартиб белгиланди:

«Қизил» ва «Сариқ» ҳудудлардан Ўзбекистонга келишни режалаштираётган йўловчилар аэропортда рўйхатдан ўтаётганда авиакомпания вакилига COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланмаганлиги ҳақидаги ПЗР тестини рус ёки инглиз тилидаги натижасини тақдим этишлари талаб этилади. COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган натижаси манфий деб топилган ПЗР таҳлил ҳужжати парвоздан олдин 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда бўлиши лозим. Натижаси манфий деб топилган ПЗР тест натижаси бўлмаган йўловчи парвозга қўйилмайди;

Ўзбекистон ҳудудига кириб келишда йўловчиларнинг аэропорт терминали кириш қисмида ўрнатилган тана ҳароратни ўлчовчи махсус ускуналар орқали ўтишлари талаб этилади;

Ўзбекистонга «Қизил» ҳудуд мамлакатларидан кириб келган йўловчилар аэропортнинг учиб келиш терминалида жойлашган паспорт назорати ходимларига COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР таҳлил натижаси манфий деб топилган ҳужжатни ва 14 кунлик мажбурий уй карантинига жойлашиш юзасидан тўлдирилган мажбуриятномани тақдим этишлари шарт. Мажбуриятнома Ўзбекистон фуқаролари учун –доимий яшаш манзили бўйича, чет эл фуқаролари учун – вақтинча яшаш манзили бўйича тўлдирилади;

«Сариқ» ҳудуд мамлакатларидан Ўзбекистонга кириб келган йўловчилар аэропортнинг учиб келиш терминалида хизмат вазифасини ўтаётган паспорт назорати ходимларига COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжатни топширишлари талаб этилади. COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжат йўловчиларда бўлмаса, улар аэропорт терминалининг кириш қисмида жойлашган намуналар олувчи жойда ўз ҳисобларидан ПЗР тест топширадилар ва 14 кунлик мажбурий уй карантинига жойлашиш юзасидан мажбуриятномани тўлдирадилар. Сўнг, тўлдирилган мажбуриятнома паспорт назорати ходимларига топширилади.

Билдирилишича, «Яшил» ҳудуд мамлакатларидан Ўзбекистонга кириб келган йўловчиларга нисбатан карантин тартиблари қўлланилмайди (касаллик аломатлари кузатилган йўловчилар бундан мустасно).

«Сариқ» ва «Яшил» ҳудуд мамлакатларидан «Қизил» ҳудуд мамлакатлари орқали келган транзит йўловчиларга Ўзбекистонга киришга рухсат берилади. Мамлакатга кириб келганда йўловчида COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжат бўлмаса, аэропорт ҳудудида йўловчи ўз ҳисобидан ПЗР таҳлил текширувидан ўтказилади ва 14 кунлик ўзини изоляция қилиш юзасидан мажбуриятномани ҳам тўлдиради.

«Қизил» ҳудуд мамлакатларидан «Сариқ» ва «Яшил» ҳудуд мамлакатлари орқали келган транзит йўловчига Ўзбекистонга киришга рухсат берилади. Мамлакатга кириб келганда йўловчида COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжат бўлмаса, аэропортнинг ўзида йўловчининг ҳисобидан ПЗР текширувидан ўтказилади ва 14 кунлик ўзини изоляция қилиш юзасидан мажбуриятномани тўлдиради.

Мажбуриятнома бланки инглиз тилида / рус ва ўзбек тилларида.

Ўзбекистонга кириб келгандан сўнг, аэропортнинг учиб келиш терминалида йўловчида иситма ёки COVID-19нинг бошқа аломатлари кузатилса, йўловчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек ПЗР тест натижаси мусбат бўлса, йўловчи даволаниш учун касалхонага жойлаштирилади.

Мавзуга оид