Жаҳон | 15:21 / 21.09.2020
7641
2 дақиқада ўқилади

Тож Маҳал тарихдаги энг узоқ ёпилишдан сўнг туристлар учун очилди

Тож Маҳал 6 ойлик карантин чекловларидан сўнг 21 сентябрдан яна очилди. Бу тарихий объектга энди кунига 5 минг турист ташриф буюриши мумкин.

Фото: Getty Images

Тож Маҳал дунёдаги энг машҳур туристик объектлардан бири ҳисобланади. У Ҳиндистон қатъий карантинга кирган март ойида ёпилган эди. Пандемиядан олдин бу ерга кунига 70 минг турист ташриф буюрган.

BBC нашрининг ёзишича, айни пайтда Ҳиндистонда коронавирус тарқалиш кўрсаткичи юқори экани боис Тож Маҳалга келувчилар карантин қоидаларига риоя қилишлари талаб этилади.

Тож Маҳал охирги марта 1978 йилда Аграда сув тошқинлари кузатилганда қисқа муддатга ёпилган эди. Ундан олдинроқ 1971 йили Ҳиндистон-Покистон уруши юз берганида бир неча кунгагина фаолият юритмаган холос. Карантин чекловлари туфайли олти ой мобайнида ёпиқ туриши Тож Маҳал тарихидаги энг узоқ муддат бўлди.

“Селфи”га рухсат бор, гуруҳ бўлиб расмга тушишга эса йўқ

Тож Маҳалнинг кириш қисми эрталаб саккизда очилишдан олдин дезинфекцияланади. Ходимларнинг барчаси юзни ҳимояловчи воситалар билан ҳимояланган. Тож Маҳалга келувчилар эса тана ҳарорати ўлчангач ичкарига киритилади. Улардан чипта тўловларини имкон қадар онлайн амалга ошириш сўралмоқда.

Тарихий ёдгорликда ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига риоя қилиш айтилмоқда. “Селфи”га тушишга рухсат берилган, лекин гуруҳ бўлиб расмга тушиш тақиқланган.

Бино атрофи боғлар билан ўралган. Бу ҳудуд сайр қилиш ва расмга тушиш учун жуда қулай. Бироқ бинонинг ўзи ёпиқ ва унда ҳаво вентиляцияси деярли ишламайди. Бу эса коронавирус тарқалишига шароит яратиб бериши мумкин. Туристлар бир чизиқда навбат билан ичкарига киритилса ҳам, узун навбатлар ҳосил бўлиши мумкин.

Айни пайтда Ҳиндистон коронавирус ҳолатлари қайд этилиши бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринда турибди. Мамлакатда шу пайтга қадар 5,5 миллионга яқин ҳолат қайд этилган.

Мавзуга оид