Минтақавий ҳамкорлик, иқлим ўзгаришлари, камбағалликка қарши кураш ва Афғонистон. Президентнинг БМТдаги чиқишидан асосий мавзулар
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, камбағалликка қарши кураш, экология, инсон ҳуқуқлари, минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда таклифлар берди.
Ўзбекистон раҳбари БМТда илк бор ўзбек тилида сўзлади.
Қуйида президентнинг чиқишидаги асосий қисмлар келтириб ўтилади.
Коронавирус пандемияси ҳақида
Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.
Шу йўлда барчамиз ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик.
Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир.
Бу борада биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим.
Ислоҳотлар
Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди.
Ўтган йили Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этди.
Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир.
Ёшлар сиёсати
Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда. Биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик.Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришмоқдамиз.
Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда.
Марказий Осиё давлатларининг жаҳонга чиқиши
Ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Биз минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришдик.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари умумий ютуғимиз бўлди.
Охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсди.
Мамлакатларимиз ушбу синовли кунларда бир-бирини ёлғиз қолдирмасдан, ўзаро елкадош бўлдилар.
Бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этамиз.
Бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Биз ушбу стратегия доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдоримиз.
Маълумки, минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. Биз 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрмиз.
Афғон халқига тинчлик ва бунёдкорлик
Биз Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз. 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлди.
Биз жорий йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Бу музокаралар жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишига умид қиламиз.
Минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришдик.
Фикримизча, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарур.
Фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бу борада «Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир.
Шу боисдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур.
Глобал иқлим ўзгариши ва Оролбўйи муаммоси
Давримизнинг ўткир муаммоларидан яна бири – глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда.
Эътиборингизни яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратмоқчиман. Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Биз мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқдамиз.
Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Умид қиламизки, ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади.
Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди.
Қашшоқликка қарши кураш
Жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтирмоқда.
Бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур.
Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз.
Мавзуга оид
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюради
20:43 / 23.12.2024
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
13:58 / 20.12.2024