Ўзбекистон | 10:12 / 23.09.2020
24314
4 дақиқада ўқилади

Мобил қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жараёнига қонунга зид тарзда ўзгартириш киритилган бўлиши мумкин

2020 йилнинг 22 сентябрь куни мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими маъмурияти томонидан мобил қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартириш киритилгани маълум қилинди.

«Ушбу тартибга кўра, қурилманинг IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак», дейилади расмий хабарда.

Ушбу ўзгартиришнинг фуқаролар учун қанчалик ноқулайлик туғдириши, бюрократик характерга эгалиги ҳақидаги масалаларни бир четга суриб, тизим операторининг янги тартибни жорий этишга қанчалик ҳақли эканлиги тўғрисида сўз юритамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш тартиби батафсил белгилаб қўйилган.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати ҳақида сўз боради. Унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланади.

Юқоридаги Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан юқори юридик кучга эга.

Бу ҳали тизим оператори ёки Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан IMEI-кодларни рўйхатга олиш тартибига идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан ўзгартириш киритилган тақдирда, унинг қонунчиликка зид эканлиги ҳақидаги мулоҳазалар. Бизга берилган хабарда мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига тизим оператори томонидан ўзгартириш киритилгани айтилган, холос. Ушбу ҳолатда тизим операторининг на идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва на Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритилгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳарҳолда, тизим оператори томонидан берилган мавҳум хабар бизда шундай шубҳаларни пайдо қилмоқда.

Қонунчиликка кўра, бирор-бир ижтимоий муносабат Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тартибга солинадиган бўлса, мавжуд тартибга ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш учун шуни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг бошқа бир қарори ёки юридик кучи бўйича ундан юқори турувчи бошқа бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, масалан, президент қарори ёки қонун қабул қилиниши лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарорининг 4-бандида 2018 йил 1 майдан бошлаб, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали) жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозимлиги белгиланган. Мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига дахлдор муҳим масала эканлиги ҳисобга олинса, мазкур тартибга киритиладиган ўзгартириш, албатта, жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва жамоатчилик ўз таклифларини билдириши лозим. Мавжуд тартибга шошилинч ўзгартириш киритиш важи ҳам ушбу талабни бажармаслик учун баҳона бўлолмайди.

Сўнгсўз ўрнида айтиш мумкинки, тизим оператори мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартибига юқорида келтирилган қонунчилик талабларига риоя қилмай ўзгартириш киритган бўлса, ушбу ўзгартириш ноқонунийлиги туфайли бекор қилиниши ҳамда амалиётга жорий этилмаслиги лозим.

Аббос Салайдинов, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид