Ўзбекистон | 18:26 / 23.09.2020
29044
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида чиқиш қилди

Бугун, 23 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида чиқиш қилди. Унда давлат раҳбари минтақа ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш каби масалаларда ўз ташаббусларини илгари сурди.

Ўзбекистон раҳбари илк марта БМТда ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Бошқа сиёсатчилар каби Ўзбекистон президенти ҳам ўз нутқини коронавирус пандемияси мавзусидан бошлади.

«Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.

Шу йўлда барчамиз ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик.

Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини,  саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир.

Бу борада биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда коронавирус қайд этилган дастлабки кунлардан бошлаб барча саъй-ҳаракат ва ресурслар бу хавфли касалликни жиловлаш ва энг асосийси – одамлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилгани таъкидланган. Пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш учун ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимлари кескин кучайтирилаётгани, аҳолига, иқтисодиёт тармоқлари ва бизнесга манзилли кўмак кўрсатилаётгани, шу мақсадда махсус жамғармалар тузилгани қайд этиб ўтилган.

Президент фурсатдан фойдаланиб, синовли дамларда  беғараз ёрдам кўрсатган барча дўст ва ҳамкорларга чуқур миннатдорлик изҳор этган.

«Биз халқаро ҳамжамиятнинг пандемияга қарши самарали курашиш бўйича барча ҳаракатларини, жумладан, зарур дори-дармон ҳамда вакциналар ишлаб чиқиш ва улардан кенг фойдаланишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларининг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқуллаймиз», деган давлат раҳбари.

 

Мавзуга оид