Ўзбекистон | 16:53 / 26.09.2020
76026
4 дақиқада ўқилади

Супер-контрактга аризалар қабули бошланди. Талабгор абитуриент учун эслатмалар

ОТМларга кириш имтиҳонларининг жавоблари эълон қилинди. Талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар бугун, 26 сентябрдан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш учун ОТМга ариза беришлари мумкин.

Фото: KUN.UZ

Абитуриент табақалаштирилган тўлов-контрактда (супер-контракт) ўқиш учун 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган бўлиши керак.

Ўтган йили супер-контракт стипендиясиз контракт миқдорига қараб ҳисобланган

Ўтган ўқув йилидаги тартибга кўра, супер-контракт миқдорлари стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан ҳисобланган.

Тўловчилар ўз хоҳишига кўра, стипендияли тўлов қилиши ҳам мумкин бўлган. Яъни табақалаштирилган тўлов-контракт суммасига ўтган ўқув йили учун 4,8 млн сўм (бир йиллик стипендия миқдори) қўшимча тўлаб ҳар ой стипендия олиш имкони берилган.

Супер-контрактда ОТМни танлаш мумкин

Супер-контрактда абитуриент ўзи ҳужжат топширган 3та ОТМдан бирини танлаши мумкин бўлган.

“Талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга, рўйхатдан ўтиш мобайнида танлаган иккинчи ёки учинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди”, - деб хабар берган эди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

Табақалаштирилган контракт қандай ҳисобланган?

Кириш чизиғига 4 баллгача етмаганлар супер-контрактни қуйидаги миқдорда тўлашган:

  • 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Ўтган ўқув йилида белгиланган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорига кўра, энг қиммат миқдор 25 баробар, яъни 229 млн 184 минг сўм билан юриспруденция йўналишига тўғри келган.

Кейинги ўринда тиббиёт йўналиши — 20 баробар, яъни 170 млн 649 минг сўм бўлган.

Қолган йўналишларда супер-контракт 10 ва 15 баробар миқдорда белгиланган.

Бўлиб тўлаш имкони бор

Ўтган ўқув йилида супер-контрактни йил давомида иккига ёки ҳаттоки ойларга бўлиб тўлаш имконияти берилган.

Бунда супер-контракт миқдори ойларга бўлиб тўланганда ҳам ўқув йилининг биринчи ярми учун камида 50 фоизи жорий йил 1 ноябрдан ҳамда иккинчи ярми учун 1 мартдан кечиктирмай тўланиши талаб этилган.

Магистратурада қўшимча қабул бор, лекин табақалаштирилган контракт йўқ

Магистратурада бакалаврдагига ўхшаб табақалаштирилган қиммат контракт тўланмайди, оддий контракт нархи қанча бўлса, қўшимча қабул қилинган магистрлар ҳам шунча тўлашади.

Бу йилги тартиб қандай бўлиши кутилмоқда?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати ходими Баҳриддин Шайвалиевнинг Kun.uz мухбирига берган маълумотига кўра, Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдори белгилаб берилади. ОТМ мана шу асосда ўзи учун супер-контракт нархини белгилайди. Лекин айни пайтда супер-контракт нархлари маълум эмас.

“Ўтган йили абитуриентларга ўзи ҳужжат топширган ОТМлардан бирида супер-контракт асосида ўқиш имкони берилган эди. Агар бу тартиб сақланиб қолса, жорий йил ҳам абитуриентларга 5та ОТМдан бирини танлаш имкони берилади.

Лекин бунда у супер-контракт билан ўқиш хоҳишини билдирган ОТМнинг имкониятлари ҳам ҳисобга олинади. Қабул тўпланган балларнинг қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади”, - дейди вазирлик вакили.​​​​​​

Мавзуга оид