Трамп Гинзбург ўрнига Олий суд аъзолигига номзодни кўрсатди. Бу қандай лавозим ўзи?
АҚШ президенти Дональд Трамп Рут Бейдер Гинзбургнинг вафотидан кейин бўшаб қолган мамлакат Олий судидаги ўринга ўз номзодини таклиф қилди. Трамп мамлакат ҳуқуқ тизимининг энг олий тузилмасидаги ўта муҳим ўринга 48 ёшли Эми Кони Барретт номзодини илгари сурди.
Барретт – тақводор католик ҳисобланади. Унинг 7 нафар фарзанди бор. Барретт Олий суд ҳайъатидаги учинчи аёл бўлиши мумкин. Шунингдек, у Трампнинг Олий суддаги учинчи одамига айланади.
Эми Барреттнинг номзодини тақводор консерваторлар қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Чунки у абортларга қарши эканини яширмаган. Консерваторлар Барреттнинг келиши билан 1973 йилда чиқарилган Олий суднинг абортларга қонунан рухсат берилиши тўғрисидаги қарори бекор қилинишига умид қилмоқда.
Бироқ Барретт хонимнинг ўзи эътиқоди иш фаолиятига таъсир ўтказмаслигини айтиб, 1973 йилдаги Олий суд қарорини ўзгартиришга уринмаслигини айтган. У абортлар бутунлай чекланмаса ҳам, ҳеч бўлмаса туғишга яқин қолганда амалга ошириладиган абортларга рухсат берилмаслигига умид қилади. У абортларни амалга оширадиган клиникалар фаолиятини ҳам ўзгартириш керак деб ҳисоблайди.
ОАВда Трамп илгари сураётган номзод фаол муҳокама қилинмоқда ва асосан унинг эътиқоди диққат марказида бўлиб турибди. Масалан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъкидловчи Human Rights Campaign ташкилоти Барреттнинг номзодини кескин қоралаб, уни ноодатий ориентациядаги одамлар учун хавф деб атади. Шунингдек, Барретт аъзо бўлган диний гуруҳга тегишли мактабларда ёшларга фақат қарама-қарши жинс вакилларигина оила қуриши мумкин деган ғоялар ўргатилиши ҳам танқид қилинган.
Эми Барретт фаолиятини Антонин Скалия офисида бошлаган. 2016 йилда вафот этган бу судья Эми Барретт ўрнини эгаллаши кутилаётган марҳум Рут Гинзбург билан дўст бўлган.
АҚШ Олий суди қандай тузилма?
Бу АҚШнинг энг олий суд инстанцияси бўлиб юқори даражадаги муаммолар бўйича ҳал қилувчи қарорни қабул қилади. Олий суд ҳайъати 9 кишидан иборат бўлади ва улар АҚШ президентлари томонидан бутун умрга тайинланади.
АҚШ Олий суди одатда апелляцион инстанция кўринишида ишлайди, яъни чиқарган қарорлари муҳокама қилинмайди. Ўз навбатида, биринчи инстанция суди кўринишида ҳам ишлаши мумкин. Яъни, айтайлик, икки штат судлашганда томонлардан бири Олий суд қарори бўйича апелляция бериши мумкин. Ёки Олий суд кўрган иш мамлакатнинг биринчи рақамли инсонлари билан боғлиқ бўлса ҳам, шундай бўлиши мумкин.
Судьяларнинг табиий алмашинуви натижасида (яъни, ҳайъат аъзоларидан бирининг вафотидан кейин ўрнига бошқа киши келиши) Олий суд вақти-вақти билан бироз либерал ёки нисбатан консерватив бўлиши мумкин. Одатда Олий суд Америка жамиятида катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Олий суд ҳайъатига 1967 йилда илк марта афроамерикалик, 1981 йилда илк марта аёл киши сайланган. 2009 йилда эса Барак Обама илк марта Олий суд аъзолигига АҚШнинг лотинамерикалик бўлган фуқаросини ўтказганди.
18 сентябрь куни Олий суд ҳайъати аъзоси Рут Гинзбург 87 ёшида вафот этди. Мамлакатда жуда катта обрўга эга бўлган бу судья 1993 йилда демократ Билл Клинтон томонидан тайинланганди. Ўша вақтда Олий суд ҳайъатидаги бошқа 8 судья республикачи президентлар томонидан тайинланганди.
Мамлакатнинг амалдаги президенти Дональд Трамп бўш қолган ўринга ўз номзодини таклиф қилгани демократларнинг танқидига сабаб бўлмоқда. Уларнинг талабига кўра, Олий суддаги бўш ўринга 3 ноябрдаги сайловда ғолиб чиқадиган президент номзод кўрсатиши керак. Бу Трамп бўладими ёки демократ Байден фарқи йўқ, демоқда демократлар. Қизиғи, Гинзбургнинг ўзи ҳам вафотидан олдин шундай деган. Трамп эса 19 сентябрдаёқ (Гинзбургнинг ўлимидан бир кун ўтиб) судьяни тез орада тайинлашини айтди. 20 сентябрда эса бу аёл киши бўлиши ҳақида гапирди.
Икки аёл фаворит
ОАВда АҚШ Олий судидаги бўш ўринга яна икки аёл номзоди кўрилмоқда. Трамп президентликка келгач, икки аёлни федерал судья лавозимига тайинлаган: Эми Барретт ва Барбара Лагоа.
Америка нашрлари ҳозирда Барбара Лагоа ўз ваъдасида турмаганини эслатишмоқда. 2016 йилда у Флоридада судья бўлган ва агар унинг холислиги шубҳа остига олинса ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этишини айтганди.
У уч йилдан кейин Федерал апелляцион судга ўтганида давлат олдида қарзини тўламаган собиқ маҳбуслар ҳам овоз беришда қатнаша олиши мумкинлиги борасидаги шов-шувли ишдан кейин ҳам ўз ихтиёри билан кетиши ҳақидаги ваъдасини эсламади. У бунга қадар бир неча марта бундай одамлар овоз беришда қатнашишига қаршилигини билдирганди. Ўша ишдан кейин Флоридада 85 минг одам сайловда қатнаша олмайди. Таққослаш учун, 2016 йилда Трамп бу штатда Ҳиллари Клинтонга қараганда 113 минг кўпроқ овоз олган.
Учинчи аёл номзод сифатида Федерал апелляция суди вакили Эллисон Рашинг қаралмоқда. ОАВда унинг исмини «Озодлик ҳимояси альянси» билан боғлашмоқда. Бу ташкилот ҳам ноодатий ориентацияга мансуб бўлганлар ва абортларга қарши курашгани билан машҳур.
Президент Олий суд судьясини ишдан олиши мумкинми?
Йўқ. Бу бутун умрга тайинланадиган лавозим. Олий суд ҳайъатидаги 9 кишидан бирини ишдан кетказишнинг ягона йўли – жиноий ишда алоқадорлиги учун унга нисбатан импичмент эълон қилиш. АҚШ тарихида эса бунақаси ҳали бўлмаган.
Айни дамда Олий суддаги партиявий қарашлар фарқи – 5:3, республикачилар фойдасига. Яъни, 5 нафар судья республикачи президентлар томонидан тайинланган. Бу шундан далолат берадики, АҚШнинг кейинги икки президенти ислоҳотчи демократлардан бўлса ҳам, ислоҳотлар Олий суддаги республикачилар кўплиги ҳисобига консерватив назорат остида содир бўлади.
Мавзуга оид
15:52 / 19.08.2023
Одам танламайдиган “ҳуқуқий машина”. Трамп нега таъқиб қилинмоқда?
15:51 / 14.04.2022
Байден ортидан Трамп ҳам Украинада тинч аҳоли ўлдирилишини геноцид деб атади
19:04 / 17.03.2022
Трамп Россиянинг Украинага кирганидан ҳайрон бўлганини айтди
21:10 / 09.02.2022