«Ўзбек журналистикаси «кома» ҳолатида эди» – Комил Алламжонов сўнгги 4 йилдаги ўзгаришлар ҳақида гапирди
Бугун, 28 сентябрь куни Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни муносабати билан Халқаро онлайн-конференция ўтказилмоқда. Унда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзбек журналистикасига оид фикрларини билдириб ўтди.
«Ўзбекистонда ахборотдан эркин фойдаланиш имконияти яқин-яқингача аянчли аҳволда бўлган. 2016 йилга қадар ўзбек журналистикаси «кома» ҳолатига тушиб қолган эди. Ўлиб-ўлмаган, яшаб-яшаб кетмаган. Телевидениеда фақат бачкана мақтовлар, газеталарда фақат «жаннатдан хабарлар» ёритилар эди.
Бу ҳозир кулгилидир, лекин, афсуски, ҳолат худди шундай бўлган. Давлат аҳолига керак бўлган маълумотни эмас, балки ўзи тўғри деб билган маълумотларни тарқатиш билан шуғулланган. Бутун матбуот фақат битта инсон учун, ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган.
Одамлар ташвишлари ва муаммолари деярли ёритилмаган. Сканворд, кроссворд ва мунажжимлар башоратлари ёки «сариқ матбуот»дан бошқа нашрларнинг барчаси мажбурий обуна ҳисобидан кун кўрган. Журналистларнинг дардини фақат аноним шаклда бирор ижтимоий тармоқда қолдиришдан бошқа иложи бўлмаган», деди Комил Алламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ўтказилаётган халқаро онлайн-конференцияда.
Нималар ўзгармоқда?
Унинг қайд этишича, ўтган 4 йил мобайнида матбуот сезиларли даражада эркинлашди, журналистлар мамлакатнинг реал ижтимоий-сиёсий ҳаётидан олинган воқеаларни бемалол ёритадиган бўлди. Ҳатто ҳукуматни танқид қилувчи танқидий материалларни фаолроқ нашр эта бошлади.
«Вилоят журналистлари хам анча фаоллашди. Улар инсон ҳуқуқларининг бузилиши, коррупция ва мансабдор шахсларнинг бепарволиги ҳақида, яъни илгари тақиқ остида бўлган мавзулар ҳақида кўпроқ, жасорат билан ёзишни бошлади. Мамлакат ўзининг таниқли блогерларига эга бўлди.
Бундан ташқари, блогерларнинг расмий доиралар тарафидан эътироф этилиши шундай поғонага кўтарилдики, айрим блогерларнинг аҳоли манфаати учун берган таклифлари президент ва ҳукумат қарорларида акс эта бошлади. Улар кўтарган мавзулар ва муаммолар таъсир кучи ошганидан давлат идоралари зудлик билан унга муносабат билдира бошлади», деди фонд васийлик кенгаши раиси.
У ўтган 4 йил ичида ҳукуматни танқид қилгани учун илгари тақиқ остида бўлган кўплаб хорижий сайтлар блокдан олингани, журналистларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, кейинчалик эса Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилгани, республиканинг барча вазирлик ва идораларининг матбуот хизматлари қайта тирилтирилгани, улар мавқейи оширилганини қайд этиб ўтди.
Мавзуга оид
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
22:07 / 03.12.2024
“Бандитлар бошқарган экан-да?” — Жавлон Юнусовнинг Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларидан одамлар норози
01:57 / 26.11.2024