Ўзбекистон | 15:51 / 29.09.2020
19209
7 дақиқада ўқилади

Махсус комиссия нега жим? «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати коронавирус масаласида масъулларга саволлар билан юзланди

«Пандемия пайтида соғлиқни сақлаш тизимига ва бир қатор давлат идораларига мамлакат раҳбарияти ва фуқаролар томонидан карт-бланш (кенг ваколатлар) берилди, […] бироқ ҳозирча муносиб самара ва натижа кузатилмаяпти».

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати коронавирусга қарши кураш тадбирлари бўйича асосли эътирозлар борлигини билдириб, масъулларга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.

Умумиллий ҳаракат баёнотига кўра, 6 ойдан ортиқ вақт давомида ижобий натижаларга эришилган бўлса-да, кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги билан боғлиқ саволлар жамоатчилик орасида тобора кўпайиб бормоқда, бу эса фуқароларда қабул қилинаётган қарорларга ишончсизлик ортишига сабаб бўлмоқда.

«Биринчидан, COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ва ўлим ҳолати статистикаси қанчалик ишончли?

Албатта, мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳақида кунлик маълумотлар эълон қилинмоқда. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 29 сентябрь (соат 10:00) ҳолатига кўра, 56 068 нафар кишида касаллик қайд этилган. Уларнинг 52 466 (94 фоизи) нафари даволаниб чиққан, ҳозирда тиббиёт муассасаларида 3 139 нафар бемор даволанмоқда.

Аммо уйда даволанаётган беморларнинг умумий сони-чи? Агар тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар бор-йўғи 3 139 нафар бўлса, нега ҳали ҳам шифохоналарда жой етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда ва зудлик билан янги жойлар ташкил этилмоқда? Масалан, биргина Тошкентда қўшимча равишда 10 000 та ётоқ ўринлари ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир ҳафта давомида ўлим ҳолати тўғрисида умумий ахборот бермаяпти, кунлик статистик маълумот билан чекланмоқда холос. Бу маълумотларга фуқаролар шубҳа билан қараётгани кузатилмоқда.

Пневмония ва унинг натижасида бўлаётган ўлим ҳолатлари бўйича статистика ҳам аниқ эмас. Ваҳоланки, ЖССТ мамлакатларни ушбу икки кўрсаткични бирлаштиришга даъват этди. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистонда коронавирус ва коронавирус пневмониясидан ўлим статистикаси алоҳида эълон қилинмоқда.

Иккинчидан, аҳолининг коронавирусга тест топшириш қамрови таъминланмоқдами, таҳлил натижаларини қанчалик тез олиш имкони бор ва уларга ишониш мумкинми?

Давлатимиз раҳбари 15 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирусга ўз вақтида тест топшириш ва унинг натижаларини эртаси куни олиш учун мавжуд имкониятларни сафарбар қилишга топшириқ берган эди. Бироқ COVID-19га тест топшириш ва унинг жавобларини ўз вақтида олиш қийинлиги ҳақида шикоятлар ҳалигача жамиятнинг кун тартибида турибди.

Бундан ташқари, тест таҳлили натижалари ҳам ишончсизликка сабаб бўлмоқда. Куни кеча Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Ўзбекистондан Кореяга учинчи мамлакат орқали учиб бораётган фуқароларимиз қўлида ПЗР-тест натижаси манфий бўлган маълумотнома бўлишига қарамай, COVID-19га намуна олинганда, бошқа мамлакатларга нисбатан натижалар кўпроқ ижобий чиқаётгани ҳақида маълум қилди. Элчихона хабарида, шунингдек, баъзи фуқароларимиз ПЗР-тестининг салбий натижаси ҳақидаги маълумотномаларни сохталаштираётгани ёки салбий тест натижасини олиш учун шифохонада қасддан нотўғри тест ўтказилишига эришишаётгани ёхуд учинчи давлат транзит ҳудудида касалликни юқтириб олаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Учинчидан, коронавирусга қарши кураш бўйича махсус штаб таркибига қайси шахслар, шу жумладан қайси мутахассислар киритилган?

Президентимизнинг жорий йил 29 январдаги фармойишига биноан, Бош вазир бошчилигида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилди. Комиссия 25 кишидан иборат бўлиб, уларнинг рўйхати фармойишнинг иловасида келтирилган. Аммо коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган махсус штаб такибида кимлар борлиги номаълумлигича қолмоқда.

Тўртинчидан, мамлакатдаги эпидемиологик вазият, навбатдаги тўлқинга тайёрлик, вакциналар сотиб олиш чоралари тўғрисидаги ҳисоботларни нега Республика махсус комиссияси тақдим этмаяпти?

Мисол учун, Ўзбекистоннинг иккинчи тўлқинга тайёрлиги тўғрисида соғлиқни сақлаш вазири ёки ушбу соҳага масъул бош вазир ўринбосари эмас, мутахассис даражасидаги шахслар маълум қилмоқда. Бундай муҳим баёнотни юқори компетенцияга эга шахслар томонидан эълон қилиниши хабарнинг ишончлилик даражасининг юқорилигини таъминлаши маълум.

Умуман олганда, қарор қабул қилиш жараёни қанчалик шаффоф? Албатта, бундай фавқулодда вазиятда қарорлар зудлик билан қабул қилинади. Ҳеч бир давлатда тайёр рецепт мавжуд эмас. Бироқ кейинги «тажриба» ишламаса, масъулиятни ким ўз бўйнига олади? Дезинфекция туннеллари, даволаш протоколларига киритилган ва кейинчалик улардан чиқариб юборилган дори-дармонлар бунга яққол мисол бўла олади.

Пандемия пайтида соғлиқни сақлаш тизимига ва бир қатор давлат идораларига мамлакат раҳбарияти ва фуқаролар томонидан карт-бланш (кенг ваколатлар) берилди, самарали фаолият юритишлари учун шароитлар яратилди, шу жумладан ўз вақтида молиялаштирилди ва чет эллик мутахассислар жалб қилинди. Бироқ ҳозирча муносиб самара ва натижа кузатилмаяпти», – дея таъкидланган «Юксалиш» баёнотида.

Шу муносабат билан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати масъул идоралар раҳбарларга қуйидаги чақириқлар билан чиқди:

1. Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида фуқароларни тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаб бориш, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг аниқ кўрсаткичлари ва ўчоқлари, уйда даволанаётган одамлар, вафот этганлар сони кўрсатилган кунлик батафсил ҳисоботларни эълон қилиб бориш.

2. COVID-19 юқиши натижасида келиб чиққан пневмония ҳолатларини ва коронавирус инфекциясини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш, шу жумладан пневмонияни юқтирган ва унинг оқибатида вафот этганлар сонини тақдим этиш.

3. Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоларининг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка тақдим этиш.

4. Фуқароларни эпидемиологик вазият ҳақида хабардор қилишга қаратилган брифинг ва матбуот анжуманларида вазирлик ва идоралар раҳбарияти даражасидаги ваколатли шахслар, Республика махсус комиссияси аъзоларининг иштирок этишини таъминлаш.

«Ёпиқлик, айрим масалалар юзасидан сукут сақлаш ва ноаниқлик ваҳима, миш-мишлар тарқалишининг, ахборот маконида фейклар кўпайишининг омиллари бўлиб, пировардида фуқароларда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади, деб ҳисоблаймиз.

Давлат раҳбари коронавирус инфекцияси билан зарарланишнинг ҳақиқий ҳолати бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча ҳоким ва раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Ишончли, холис, ўз вақтида берилган маълумотлар фуқароларга асосли қарорлар қабул қилишга, ўзлари ва бошқаларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъулият билан ёндашишга имкон беради.

Пандемия бутун дунёда тўлиқ бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилиб бўлмайди. Барча юртдошларимизни хушёрликка, жуда эҳтиёткорлик билан карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чақириб қоламиз», – дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати баёнотида.

Мавзуга оид