Ўзбекистон | 13:11 / 29.09.2020
5673
5 дақиқада ўқилади

Республика эгалигида турган мулклар нималардан иборат?

Қонуннинг мақсади давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат мулкини бошқариш мақсади давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиш борасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини аниқлаш ва амалга ошириш учун давлат мулкини бошқариш, фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш самарадорлигини таъминлаш ҳисобланади.

Давлат мулкини бошқаришнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

бозор иқтисодиётини шакллантиришга кўмаклашиш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш, соғлигини сақлаш;

жамоат тартиби ва давлат хавфсизлигини таъминлаш;

давлат қатнашуви қисқарадиган ёки чиқариб ташланадиган тармоқ ва соҳаларда давлат манфаатларини таъминлаган ҳолда иқтисодиётга инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш учун мақбул шароитлар яратиш;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани шакллантириш ва ривожлантириш;

давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришнинг бозор механизмларини яратиш;

давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш.

Давлат мулкини бошқариш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат мулкидан самарали ва оқилона фойдаланиш, унинг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш;

маxсус ваколатли давлат органи томонидан давлат мулкини самарали бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

ресурсларни самарали тақсимлаш орқали жамият учун давлат мулкининг қийматини максимал даражада ошириш;

уни сақлаб қолиш мезонларига мос келган давлат мулкига давлат томонидан эгалик қилиниши;

давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан назорат ва мулкдор функцияларини ажратиш.

Давлат мулкини бошқаришнинг принциплари қўйидагилардан иборат:

қонунийлик;

мустақиллик;

ҳисобдорлик ва назорат;

очиқлик, шаффофлик ва ошкоралик;

давлат мулкидан жамият манфаатлари учун самарали фойдаланиш принципи;

соғлом рақобатни ривожлантириш учун тенг шароитларни таъминлаш принципи;

“сотиб юбор ёки тушунтир” принципи;

мулкдор ва тартибга солувчи функцияларини ажратиш принципи.

Давлат мулки республика эгалигида, шунингдек маъмурий-ҳудудий тузилмалар эгалигида (муниципал мулк) турган мулклардан иборат.

Республика эгалигида турган мулклар қуйидагилардан иборат:

республика давлат бошқаруви органлари мулклари, шу жумладан умумий мулк ҳуқуқи асосида давлатга қисман тегишли мулк (улуш ёки биргаликдаги мулк);

республика аҳамиятидаги маданий мерос объектлари;

республика бюджети ёки давлатнинг бошқа маблағлари ҳисобига яратилган ёки сотиб олинган мулклар ва интеллектуал мулк объектлари;

республика аҳамиятига эга давлат муассасалари мулклари, давлат корхоналари, давлат улушлари ва бошқа давлат мулклари.

Республика эгалигида бўлган давлат мулкларини бошқариш Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Муниципал мулклар қуйидагилардан иборат:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган уй-жой ва бошқа фондлар, коммунал хўжалик;

маҳаллий аҳамиятдаги маданий мерос объектлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мулклари, шу жумладан умумий мулк ҳуқуқи асосида давлатга қисман тегишли мулк (улуш ёки биргаликдаги мулк);

маҳаллий бюджет ёки маҳаллий бюджетнинг бошқа маблағлари ҳисобига яратилган ёки сотиб олинган интеллектуал мулк объектлари;

маҳаллий аҳамиятга эга давлат муассасалари мулклари, давлат корхоналари, давлат улушлари ва бошқа давлат мулклари;

тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари манфаатларига хизмат қилувчи мулклар.

Муниципал мулкларни бошқариш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат мулкини бошқариш объектлари қуйидагилардан иборат:

давлат корхоналари ва давлат муассасалари, шу жумладан улар ташкил этилганда берилган мулк;

давлат кўчмас мулк объектлари, шу жумладан мулкий мажмуалар;

давлат улушлари;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган давлат мулки;

интеллектуал мулк объектлари;

қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйиладиган бошқа объектлар.

Давлат номидан давлат мулкини бошқариш субъекти сифатида иштирок этадилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

давлат мулкини бошқариш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи;

оператив бошқарув ҳуқуқи асосида давлат мулки бириктириб қўйилган давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

давлат иштирокидаги корхоналарда давлатнинг ваколатли вакили.

Мавзуга оид