Президент ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда иштирок этмоқда
Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтяпти.
Президент матбуот хизмати бу – таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили эканини қайд этган.
«Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз», деди Шавкат Мирзиёев тадбирга йиғилган ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаатини бошлар экан.
«Ҳақиқатан ҳам, инсон тарбиясида, камолотида устозларнинг хизматлари улуғ. Бу йилги пандемия билан боғлиқ қийин шароитда ҳам жонкуяр ўқитувчилар ўз ишини давом эттирмоқда. Аксарият мактабларда янги ўқув йили бошланди. «Онлайн мактаб» лойиҳаси ва масофавий таълим йўлга қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, бугун ўқитувчилар иккита фронтда кураш олиб бормоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бу йилги табрик ҳам аввалгилардан фарқ қилиб, мурожаат тарзида бўлаётгани қайд этилган.
Президент тарихга назар солиб, IX-XII асрларда юртимиз ҳудудида биринчи, XV асрда иккинчи Ренессанс порлаганини таъкидлади.
«Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Улар «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар», дея таъкидлаган президент.
Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан имзоланган фармонга мувофиқ, халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлади.
«Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак», деган президент.
Байрам тадбирида ўқитувчи ва мураббийлар, олимлар, парламент ва ҳукумат вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, ҳудудлардаги соҳа фидойилари маросимни Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги студиялардан кузатиб боряпти.
Мавзуга оид
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюради
20:43 / 23.12.2024
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
13:58 / 20.12.2024