Жаҳон | 00:20 / 30.09.2020
11537
8 дақиқада ўқилади

Сўнгги тайёргарлик. Трамп ва Байден дебатларни бошламоқда

АҚШда 29 сентябрь куни кечқурун президентлик кампаниясининг янги босқичи бошланади. Дональд Трамп ва Жо Байден ўртасида илк теледебатлар ўтказилади.

Фото: BBC Russian

Жонли эфирда номзодлар импровизация қилиши талаб этилади, бу эса катта таваккалчиликни зиммага олиш дегани. Эҳтимол, буни сайловолди кампаниясидаги энг катта таваккалчилик деб аташ мумкин. Бундай пайтда барчаси ҳам кўнгилдагидек кечмаслиги мумкин, шунинг учун ҳар нарса кутиш мумкин!

Қуйида бу кеча бўйича асосий саволларга жавоблар келтирилади.

Дебатлар қачон ва қаерда ўтказилади?

Уч босқич режалаштирилган: 29 сентябрь Кливлендда (Оҳайо штати), 15 октябрь куни Майамида (Флорида) ва 22 октябрь куни Нэшвиллда (Теннесси).

Вице-президентликка номзодлар Майк Пенс ва Камала Ҳаррис бир марта учрашишади: 7 октябрь куни Солт-Лейк-Ситида (Юта).

Барча дебатлар Вашингтон вақти билан соат 21:00да (Тошкент вақти билан 30 сентябрь куни соат 5:30) бошланади ва танаффуссиз бир ярим соат вақт давом этади.

Биринчи дебатлар қандай форматда ўтказилади?

Олтита савол, ҳар бирининг муҳокамаси учун 15 дақиқадан ажратилади:

  • Трампнинг ва Байденнинг ўтмиши
  • Олий суд
  • Коронавирус пандемияси
  • Ирқчиликка қарши намойишлар ва зўравонликлар
  • Олдиндаги сайловлар ҳалоллиги
  • Иқтисодиёт

Номзодлар монологи учун икки дақиқадан вақтга эга бўлади, шундан кейин ўзаро баҳслашишади.

Асосан нимага эътибор қаратиш керак?
BBC’нинг Шимолий Америка бўйича корреспонденти Энтони Зуркер:

Дональд Трамп - машҳур шахс. У аввалдан ахборий майдонда устунлик қилади, ҳамиша бунга жиддий эътибор қаратади, шундай экан, америкаликлар унинг кучли ва кучсиз томонларидан хабардор. Дебатлардаги асосий интрига - Жо Байден ўзини қандай тутишидир.

Байденнинг вазифаси - ишончлилик ва изчилликни намойиш эта олишдир. Ноябрдаги сайловларда ғалаба қозониш учун у америкаликларнинг катта қисми уни Овал хонасида тасаввур эта олишига эришиши керак.

У ўзининг ёши ва ақли бўйича шубҳаларни тарқатиб юбориши, имкон қадар ўтмишда ўзи билан нима бўлгани тўғрисида чайналмаслиги керак.

Трампнинг вазифаси - рақибни чекинишга мажбурлаш. Унинг аввалги рақиблари, хусусан Ҳиллари Клинтон у саҳнада рақибини издан чиқарувчи ва нима қилишини олдиндан билиб бўлмайдиган рақибга айланишига гувоҳлик бериши мумкин.

Агар у Байденни мувозанатдан чиқара олса, бу демократларнинг тарафдорлари кўнглига ғулғула солиши мумкин.

Шунингдек, Трамп Байденнинг коронавирус, иқтисодиёт ва президентлик ваъдалари бўйича олдиндан маълум бўлган саволларига жавоб қайтаришга тайёрланиши керак бўлади.

Бошловчи даврани янада қиздира оладими?
Биринчи дебатларда Fox News телеканалининг якшанба кунги янгиликлари бошловчиси Крис Уоллес модераторлик қилади.

2016 йилда Крис Уоллес Fox News телеканалининг президентлик дебатларини олиб борган илк бошловчиси бўлганди

Кўпчилик Трампга мойиллик билдирадиган бу канал вакили унга дебатларда қулайлик яратиб беради, деб ўйлаши мумкин, аммо аслида ундай эмас. Яқин ўтмишда президент ўзини жуда яхши биладиган Уоллес қаршисида бир неча марта ноқулай ҳолатга тушиб қолган.

74 ёшда бўлган Трамп июль ойида ақлий соғлом эканини исботлаш учун тест топширганди. Шундан кейин ундан интервью олган 72 ёшли Крис Уоллес ўзи ҳам шундай тестдан ўтгани ва президент ҳам тест топширганини кўрганини айтганди. «Бу жуда осон. У ерда фил сурати туради ва унда бу нималиги сўралади. Тўғри жавоб - фил», деганди журналист.

Трамп дастлабки тестлар жуда осон бўлиши, кейинроқ мураккаб саволлар берилишини айтганди. «Сен сўнгги беш саволга жавоб бера олмаган бўлардинг, жуда қийин саволлар», деганди у.

Шундан кейин Трамп Уоллесни «отасининг оқарган нусхаси» деб атаганди. Крис Уоллеснинг отаси Майк Уоллес CBS каналида «60 дақиқа» дастури мухбири бўлган.

Крис Уоллес Демократик партия аъзоси сифатида рўйхатдан ўтган. У теледебатларда бошловчилик қилиш - жуда масъулиятли иш эканини, улар миллионлаб одамларга танловни амалга оширишда ёрдам беришлари кераклиги ҳақида гапирган.

Иккинчи дебатларни C-Span телетармоғининг сиёсий муҳаррири Стив Скалли олиб боради. Бу дебатлар мэрия залида бўлиб ўтади, унда томошабинлар ҳам иштирок этиб, номзодлар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлишади.

Президентликка номзодларнинг якуний дебатларида NBC телеканалининг Оқ уй қошидаги мухбири Кристeн Уэлкер модераторлик қилади, Майк Пенс ва Камала Ҳарриснинг ўзаро учрашувида эса USA Today газетаси муҳаррири Сьюзен Пейж бошловчилик қилади.

Энг ёмон ҳолатда нима бўлиши мумкин?

1960-йиллардаги илк дебатда сенатор Жон Кеннеди ва вице-президент Ричард Никсон тўқнашганди

BBC бу масалада сайловчилар билан гаплашган. Трампнинг тарафдори, нью-йорклик 30 ёшли видеоблогер Майк Ҳарлоу Байденнинг имкониятлари жуда пастлиги, агар у тушунарли тарзда гапира олса ва саҳнада ўзини тутиб тура олса ҳам, у учун буни юқори натижа деб ҳисоблаш мумкин бўлиши ҳақида фикр билдирди.

Байденнинг тарафдори бўлган сиэтллик 24 ёшли талаба Рим Сабҳа ҳам демократлар номзодининг ташқи кўриниши қандай таассурот қолдиришидан хавотирларини билдирган, у Байденнинг чиқиши янги сайловчиларни жалб қила олмаслигидан ташвишда.

«Улар Байден етарлича жўшқин эмаслиги, у ҳаддан ташқари қариб қолгани ёки унга президентлик учун қатъий характер ва авторитет етишмаслиги ҳақида гапиришмоқда», деган у.

Теледебатлар сайловлар натижаларига қанчалик таъсир кўрсатади
Сайловдан сайловга томошабинлар сони камайиб келади, аммо ҳамон миллионлаб америкаликлар дебатларни кузатишда давом этмоқда - маълумот манбайи сифатида ҳам, кўнгилочар дастур сифатида ҳам. Дебатлар ҳали танлов қабул қила олмай турган сайловчилар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Тарихдаги илк теледебатлар 1960 йилда демократ Жон Кеннеди ва республикачи Ричард Никсон ўртасида ўтказилган.

Кеннедининг жамоаси у йирик планда кўрсатилганида тетик кўриниши учун жуда кўп иш қилишган. Никсон эса бу пайтда касалликдан эндигина тузалганди, доимий равишда пешонасидаги терини артиб турган, унга костюми ҳам ярашмаганди.

Натижада 70 миллионлик телетомошабинларнинг аксарияти дебатларда ёш Кеннеди ғолиб чиққан, деб ҳисоблаган, дебатларни радио орқали тинглаганлар эса, тажрибали Никсон ғалаба қилганига шубҳа қилишмаганди. Якунда эса Кеннедининг рейтинги кўтарилиб кетган.

1980 йилда қисқа-қисқа гапирган Рональд Рейган томошабинларга жуда батафсил сўзлаган Жимми Картердан кўра кўпроқ маъқул келган. Рейган рақиби навбатдаги узун нутқини бошлаганида шунчаки бепарволик билан луқма ташлаб қўярди: «Яна ўзингизнинг билганингиздан қолмайсиз!».

2000 йилда демократ Эл Гор катта эҳтимол билан дебатлардаги муваффақиятсиз иштироки туфайли президентлик пойгасини кичик Жорж Бушга бой берганди. Эл Гор дебатлар вақтида ўзини димоғдор ва беандиша тутган — америкаликлар аудиторияси демократ номзоднинг рақибига қарашларини шундай қабул қилган. Қайсидир паллада Гор ўрнидан турган ва Бушга яқинлашган — худди уни туртмоқчи бўлган қиёфада турган. Республикачилар номзоди эса унга бир қараб олган ва гапиришда давом этган. Натижада кўпчилик яхши нотиқ эмас деб ҳисоблаган Буш Горнинг агрессив ҳаракатини ўз фойдасига ишлата олганди.

Мавзуга оид