Ўзбекистон | 20:22 / 30.09.2020
27552
2 дақиқада ўқилади

Янги очилган фирма, собиқ амалдор ва «Наврўз». Карантиндагиларни кимлар овқатлантирган?

Карантин даврида шифохоналар ва карантин марказларига озиқ-овқат етказиб бериш кимнинг зиммасида бўлди? Ушбу мақсадлар учун қанча маблағ ажратилган? Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан амалга оширилган давлат харидлари бўйича маълумотларни оммага ошкор этди.

Очиқ маълумотларга кўра, карантин даврида озиқ-овқат етказиб бериш бўйича энг катта суммадаги шартнома «Наврўз» давлат қабуллар уйи билан тузилган. 23 июлдан то 18 августгача тузилган шартномаларнинг умумий қиймати 71 миллиард сўмдан ортади.

Ушбу ташкилот бенефициари – Тошкент шаҳар ҳокимлигидир. Шартномалар Карантин маркази ДУК билан тузилган бўлиб, ҳар бир беморнинг кунлик овқатланиши учун ўртача 45 минг сўм сарфланган.

Зангиота шифохонаси ва Тошкент давлат аграр университетида ташкил этилган карантин марказидагиларни овқатлантириш учун «Mazali taomlar mamlakati» МЧЖ билан қарийб 6,4 миллиард сўмлик шартнома тузилган. Маълумотларга кўра, компания шу йил 3 июлда ташкил топган ва унга Жамшид Раҳматуллаев раҳбарлик қилади.

«Orient Alliance» ҳамда «Page group» компаниялари таъсисчиси Бахтиёр Ҳошимов 3 миллиард сўмдан кўп давлат харидлари бўйича буюртмаларни бажарган. Яъни у бошчилик қилаётган компаниялар карантинда озиқ-овқат етказиб бериш хизматини кўрсатиб, 3 миллиард 100 миллион сўмдан зиёд даромад кўрган. Ҳошимов ўтган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт, молия ва прогнозлаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Сентябрь ойи ўрталаригача имзоланган жами 35та озиқ-овқат етказиб бериш шартномаларининг барчаси тўғридан тўғри тузилган.

Эслатиб ўтамиз, Инқирозга қарши жамғармага 10 триллион сўм йўналтирилган бўлиб, у учта халқаро ташкилотдан олинган қарзлар ҳисобига шакллантирилган: 41,9 фоиз – Осиё тараққиёт банки, 37,9 фоиз – Халқаро валюта жамғармаси, 20,2 фоиз – Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки маблағларидир.

Мавзуга оид