«Мен ўлаётгандим» – Навальний интервьюсида заҳарланиши ва бунинг ортида ким тургани ҳақида гапирди
Германияда реабилитация жараёнини ўтаётган россиялик сиёсатчи Алексей Навальний Der Spiegel нашрига интервью берди. У шифохонага тушишидан олдин нима бўлгани, канцлер Ангела Меркель билан учрашуви ва уни қандай заҳарлашган бўлиши мумкинлиги ҳамда бунинг ортида ким тургани ҳақидаги тахминларини билдирган.
Аҳволи ҳақида
Интервью бошида Навальний кундан кунга ўзини яхши ҳис қилиб бораётгани ҳақида гапирган: у бешинчи қаватга мустақил кўтарилмоқда, яқинда у 10та зинадан юқорига чиқа олмаётганди, асосийси у - ақлий қобилиятини тиклаган.
У энг катта муаммо сифатида ухлаши қийинлигини айтиб ўтди. «Мен уйқу билан муаммоси бор одамларнинг устидан кулиб юрардим, чунки менинг ўзимда ҳеч қачон бундай бўлмасди. Аммо кейин комага тушдим, кейин анестезия (оғриқ сезиш қобилиятини йўқотиш), кейин дори-дармонларни қабул қилишни тўхтатиш. Ҳозир узоқ вақт давомида ўзимни на тетик ҳис қиламан, на ухлай оламан. Ўшандан буён мен уйқу дориларисиз ухлай олмаяпман», деган у.
Ҳозирда у Берлинда рафиқаси ва ўғли билан ижарага олинган квартирада яшамоқда, қизи эса АҚШдаги ўқишига қайтиб кетган.
«Кундалик ҳаётим бир хил тарзда. Ҳар куни машғулот қиламан, бошқа ҳеч иш қилмайман. Эрталаб паркни айланаман, менга шундай ёзиб беришган, кейин шифокор билан машғулот ўтказаман, кечқурун яна айланаман. Кундузи компьютерда ишлашга ҳаракат қиламан», дея тасвирлаган Навальний ўзининг кун тартибини.
Заҳарланиш оқибатлари ҳақида
Навальний «Шарите»далиги вақтида «оғир бемор»лардан бири бўлганини айтиб ўтган.
«Бир куни тунда, ҳали реанимациядалигимда, ўрнимдан турдим ва танамдаги барча найчаларни суғуриб олдим, қон оқиб кетди. Кейинроқ, ҳушимга келганимда, атрофимда турган одамларни танидим ва улар билан гаплашдим, кейин тутқаноқ тута бошлади. Мен соғ эканимни ва меҳмонхонага кетишни исташимни айтардим. Бир неча ҳафта ўтиб, бу ғалати хатти-ҳаракатларим заҳарланиш оқибати эканини тушуниб етдим», деган у.
Навальнийнинг сўзларига кўра, шифокорлар у 90 фоизга, балки 100 фоизга тиклангани ҳақида айтишаётгани, аммо аслида ҳеч ким аниғини билмаслигини таъкидлаб ўтди.
«Мен ҳозир худди тажриба қуёнчаси ҳолатидаман - асаб тизимини зарарловчи моддадан заҳарланиб, кейин тузалиб ҳаётини давом эттирган одамлар деярли учрамайди. Эҳтимол ҳали мен ҳақимда тиббиёт журналларида ёзишар. Мен ўз тажрибамни ўртоқлашишга қарши бўлмайман», дейди сиёсатчи.
Der russische Oppositionsführer Alexej Nawalny spricht zum ersten Mal nach seiner Vergiftung. Das Interview und mehr im neuen SPIEGEL - ab sofort digital und bereits ab Freitag im Handel.https://t.co/JJr3Vh8eCh pic.twitter.com/f5vwwPsYxk
— DER SPIEGEL (@derspiegel) October 1, 2020
Меркель билан учрашув ҳақида
Интервью давомида Навальний илк марта Ангела Меркель уни қачон кўришга келгани тўғрисида маълумот берди - бунгача у шунчаки ГФР канцлери «Шарите» клиникасида бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаш билан кифояланганди.
«Бу ўтган ҳафтада бўлди. Бу мутлақо кутилмаган учрашув эди: эшик очилди, шифокорим ва Меркель кирди», дейди у.
Навальнийнинг сўзларига кўра, бу хусусий учрашув бўлган, учрашув оила даврасида ўтган - сиёсатчининг ёнида рафиқаси Юлия ва ўғли Захар бўлишган. «Учрашув тафсилотларини айтиб бера олмайман, аммо биз қандайдир махфий ёки шов-шувли мавзуни муҳокама қилмагандик», дея ишонтиради сиёсатчи.
Навальний Меркель хоним Россиядаги вазият ва унинг фаолияти ҳақида тўлиқ хабардор эканидан ҳайратга тушганини айтиб ўтган.
«У айрим жиҳатларни мендан кўра яхшироқ билади. У Россияда бўлаётган воқеаларни жуда чуқур тушунади. У билан гаплашганимда у нега бунча узоқ вақт Германиянинг етакчиси бўлиб қолаётганини тушундим. Мен унга ишга содиқлиги учун миннатдорчилик билдирдим, у эса шундай деди: «Мен фақат бурчимни бажаряпман», дея ҳикоя қилади Навальний.
Самолётда нималар бўлгани ҳақида
Навальнийнинг сўзларига кўра, у ўзи шифохонага ётқизилган 20 август куни аввалида ўзини жуда яхши ҳис қилган - Томск аэропортида ҳам, кейинроқ самолётда ҳам.
«Мен ўз ўрнимда қулай жойлашиб ўтирар ва бемалол сериал томоша қилишим мумкин бўлган парвозни кутардим. Кейин эса... Буни шунчаки тасвирлаш қийин, чунки буни нима биландир таққослаб бўлмайди. Органофосфатлар асаб тизимига худди компьютерга DDoS-ҳужум бўлгандек таъсир қилади - бу худди компьютер перегрузка бўлгандаги ҳолатга ўхшайди. Мен энди ўзимни бошқара олмаслигимни ҳис қилиб турардим, баданимни совуқ тер қоплаётганди. Мен дастлаб Кирадан (матбуот котиби Кира Ярмиш) рўмолча сўрадим. Кейин ундан мен билан гаплашишини сўрадим. Мен одам овозини эшитишим керак эди. У менга жиннига қарагандек қаради ва гапира бошлади. Кейин стюардессадан сув сўрадим», дейди у.
Шундан кейин сиёсатчи ҳожатхонага боришга қарор қилган.
«Мен унитазда ўтирдим ва совуқ сувда ювиндим. Кейин англадимки, ҳозир эшикни очмасам, шу ерда ўламан. Ҳозир ўламан деб ўйладим. Эсимда қолгани оғриқ йўқ эди, лекин ўлаётганимни билиб турардим. Ҳожатхонадан чиқдим ва борт кузатувчисига дедим: «Мени заҳарлашди, мен ўляпман». Кейин полга қулаганимни эслайман, у эса менга ҳайратланиб табассум қилиб турди, у мени ёмон овқат еб қўйган деб ўйларди. Мендан юрак билан муаммо бор-йўқлигини сўрашганини эслайман. Аммо менинг ҳеч қаерим оғримасди - шунчаки билардимки, мен ўлаётгандим.
Кейин овозлар секинлашди, аёл менга гапирарди: «Ўчиб қолма!». Кейин тамом. Мен ўлдим деб ўйладим. Интернетда бир видео кўрдим, йўловчилардан бири томонидан ёзиб олган видео «Навальний оғриқдан бақирмоқда» деб номланган. Аммо бу оғриқ эмасди. Оғриқ одамни тириклигини ҳис қилишга мажбурлайди. Мен эса шунчаки ҳаммаси тугаганини ҳис қилардим. Аммо кейинроқ мен адашганим маълум бўлди. Ўшанда ўзимни ёмон ҳис қила бошлаганимдан ҳушимни йўқотгунимча 30 дақиқача вақт ўтгандек туюлади», дейди Навальний.
Қандай заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақида
Навальний заҳар ўзининг организмига тери орқали кирган деб ҳисоблайди. «Заҳар излари сув идишидан топилган [Томскдаги меҳмонхонадан олиб кетилган идиш]. Мен заҳарли юзага тегинганман, кейин ундан сув ичиб жойига қўйганман ва хонадан чиққанман», дейди у.
«Меҳмонхонада кетишдан олдин тегиш мумкин бўлган кўплаб буюмлар бор - душ, ҳожатхона, кийимлар учун вешалка, сумка ушлагичи - буларга қўл тегиши табиий. Шунинг учун кийимларимни ўрганиш муҳим», дейди Навальний ва унинг кийимлари «бир ойдан буён катта бакда оқартиргичда ювилаётгани»га шубҳа қилмаслигини билдирган.
У нима учун ундан бошқа ҳеч ким «Новичок»дан зарарланмагани ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, сиёсатчи заҳар фақат у фойдаланиши аниқ бўлган буюмга суртилган бўлиши мумкинлигини айтган.
«Менимча, улар 48 киши зарарланиб, бир бегуноҳ аёл вафот этган Скрипаль ишидан хулоса қилишган. Шу туфайли, катта эҳтимол билан заҳар мен умуман фойдаланмайдиган моддаларга суртилмаган. Мобил телефонимга ҳам, чунки уни Кирага беришим мумкин эди - бу ҳолда бир шубҳали ўлим ўрнига иккита бўларди», дея мулоҳаза юритади сиёсатчи.
Навальнийнинг фикрича, у тегинган бутилкада заҳар излари жуда кам миқдорда бўлган ва атрофдагилар ҳаёти учун хавф солмаган.
Унинг қайд этишича, бу бутилкани берлинлик шифокорларга «қандайдир қора кўзойнакдаги махфий агент» эмас, балки рафиқаси Юлия ва Коррупцияга қарши фонддаги ҳамкасби Мария Певчих етказишган.
У Германия ҳукумати унга жамоатчиликка айтилганига қўшимча равишда маълумот бермаганини тасдиқлаган: «Йўқ. Мен барчасини немис нашрларидан билдим. Аниқ билганимиз шуки - мен меҳмонхонада заҳарланганман. Бу «Новичок» бўлган, аниқроғи унинг янги версияси. Бундай моддадан фақат тор доирадаги гуруҳлар фойдалана олиши мумкин».
Заҳарлаш ортида ким тургани ҳақида
«Мен бу жиноят ортида Путин турганини таъкидлайман ва менда бўлиб ўтган воқеа бўйича бошқа версия йўқ. Мен буни ўзимни хурсанд қилиш учун айтаётганим йўқ, фактларга асосланмоқдаман. Энг асосий факт - бу «Новичок», деган Навальний шу ҳақдаги саволга жавобан.
«Тахмин қилиш мумкинки, фақат уч киши «Новичок»ни тайёрлаш ва қўллаш бўйича буйруқ бера олади. Агар сиз Россиядаги ҳақиқий ҳолатни билсангиз, бу номларни ҳам биласиз: Россия Федерал Хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников, Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва эҳтимол Россия Бош разведка бошқармаси раҳбари. Турган гапки, улар ҳам бундай қарорни Путиннинг рухсатисиз қабул қилишмайди», дея қўшимча қилган у.
У «Новичок»дан фойдаланишга рухсати борлар сафига Евгений Пригожинни киритмаган. «Агар унда бу модда бўлганида дунёнинг ярмини заҳарларди. Эсланг, у Африкада уч нафар россиялик журналистни қандай ўлдиртирганди», дейди у.
Сиёсатчи у бошқа мамлакатга олиб кетилиши ҳақида ўйлашмагани, унинг ўлимини кутишгани ҳақида гапирган.
«Мени мамлакатдан чиқаришни исташмаган — шу туфайли мен транспортировкага тайёр ҳолатда эмаслигимни айтишган. Аммо жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлови ва рафиқамнинг саъй-ҳаракатлари туфайли вазият «Навальний Омскда вафот этди» реалити-шоусига айланиб кетган. Одамлар эса уни кўришни исташмади. Путиннинг одамлари учун мухолиф қурбон мақомини олмаслиги, тирик ёки ўлган бўлсада сиёсий капиталга эга бўлмаслиги муҳим эди. Агар мен Омскда вафот этганимда ёки у ерда ўнгланмас аҳволга тушганимда, бу яққол уларнинг масъулиятида бўларди. Бу ҳолатда «Новичок»ни аниқлашмасди, аммо бу уларнинг айби экани - мени мамлакатдан чиқармаслик шундай оқибатга олиб келгани аниқ бўларди. Шу туфайли якунда мени қўйиб юборишди. Бундан ташқари, улар заҳар танамдан йўқолиб кетиши учун 48 соат кутишган, деб ўйлайман», дейди у.
Сиёсатчи Омск шифохонаси бош врачини «одамларни ўлдирадиган жосуслардан ҳам ёмонроқ» деб ҳисоблашини қайд этиб ўтган.
«Улар учун [жосуслар] қотиллик - камида касб. У эса [врач] барчасини билган, аммо дунёга мен ҳаддан ташқари кўп қўлбола ароқ ичиб юборганим учун моддалар алмашинуви бузилгани ҳақида гапирган. Ҳа, бундай одамлардан нафратланаман, менинг ўлимимни кутишган ва яна ўзларини шифокор деб аташади. Мен катта қилични қўлга олиб, уларнинг бошини чопишни истайманми? Йўқ. Мен қонун ишлаши тарафдориман. Одамлар адолатли суд қилиниши учун судга тортилади», деган Навальний.
Суиқасд сабаблари ҳақида
Уни нега заҳарлашгани ҳақидаги саволга жавобан Навальний Беларусь ва Хабаровск ўлкасидаги намойишларни, шунингдек, Россияда унинг ўнлаб ҳудудий штаблари фаолият олиб боришини эслатди.
«Ташкилотимиз ҳамон мавжуд, бизда 40та регионал штаблар бор. Мен тахмин қиляпман. Аммо, улар ўзларига шундай деган бўлиши мумкин: биз барчасини тўғри бажаришга ҳаракат қиляпмиз, аммо агар бу методлар иш бермаса, қатъий чораларга ўтишга тўғри келади», дейди Навальний.
«У [Россия президенти] Хабаровскда нималар бўлганини кўрди. Одамлар 80 кундан ортиқ вақт давомида кўчаларга чиқишди, Кремль ҳозиргача бунга қарши қандай чора кўришни билмаяпти. Кремлдагилар «беларус сценарийси» такрорланишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўриш кераклигини тушуниб етишган. Тизим жон сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, биз эса бунинг оқибатларини ҳис қилмоқдамиз», дея қўшимча қилган у.
Россияга қайтиш тўғрисида
Der Spiegel учун берган интервьюсида Навальний реабилитация жараёнидан кейин Россияга қайтиш қарорида қатъий эканини билдириб ўтган.
«Агар мен ортга қайтмасам, Путин ўз мақсадига эришган бўлади. Энди менинг вазифам — қўрқмайдиган йигит бўлиб қолиш. Ва мен қўрқмайман ҳам! Ҳозир қўлларим титраётган бўлсада, қўрқувдан титраётгани йўқ. Мен Путинга бундай совға ҳадя қилмайман — эмиграция бўлмайман.
Албатта, мен ўз оилам учун хавотирдаман. Ҳатто рафиқам ва фарзандим яшайдиган квартирамни ҳам заҳарлашган бўлишсачи, деган хаёллар бўлди.
Сиёсатчи ҳозир унинг биринчи навбатдаги вазифаси уйга тезроқ қайтиши учун формасини тиклаш эканини қайд этиб ўтган. Навальний қайтгач ҳам «Россия регионлари бўйлаб саёҳат қилишни, меҳмонхоналарда тўхтаб, номерлардаги сувлардан ичишни» ваъда қилган.
«Мен учун яна нима қолади. Улар бизга қарши мураккаб усулларни қўллашади, биз эса омон қолишга ҳаракат қиламиз», дея давом этган у.
«Новичок» қўллаш қўрқитади - бу Путиннинг стратегияси. Меркель ва Макрон унга «қизил чизиқ» ҳақида айтишди, у эса бу чизиқдан анча ўтади ва қичқиради: «Мен яна нималар қила олишимни тасаввур қила олмайсиз», дея қўшимча қилади Навальний.
Сиёсатчининг сўзларидан маълум бўлишича, ҳозиргача Россиянинг Берлиндаги элчихонаси у билан боғланмаган.
«Мен уларнинг баёнотларини ОАВ орқали ўқидим. Тиббий таҳлилларни ва қон таҳлилларини талаб қилишди, аммо Омскда менинг қоним кўп бўлиши керак. Улар шунчаки немис ҳукуматини энг ёмон бўёқларда тасвирлашдан манфаатдор. Уларга қолса, Ангела Меркелнинг шахсан ўзи мени «Новичок» билан заҳарлаган бўлиб чиқади», дейди у.
Россия ва Германия муносабатларидаги инқироз ҳақида
Узоқ вақт давомида Путин Берлин билан зиддиятга бормаслиги ҳақида айтиб келишди — аммо энди вақти келди. Германия ҳукумати яққол позиция танлаган, фақат мен учунгина эмас — бу улар Россия қандай хавфли йўлдан юраётганини билиб туришибди. «Северный поток — 2» лойиҳасини тўхтатиш-тўхтатмаслик — Германиянинг иши, аммо Россияга қарши санкциялар деярли фойдасиз. Коррупциялашган тизимнинг бенефициарлари биттама-битта жазоланиши керак, улар Ғарбдаги ҳаётдан завқ ололмасликлари учун аниқ мақсадли жазолар керак.