Жамият | 19:44 / 02.10.2020
69846
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқ ҳокимининг ўғли ҳам иштирок этгани тахмин қилинган оммавий муштлашув видеоси тарқалди

Блогер Никита Макаренко телеграмдаги каналига Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли Дилшод Исмоилов экани тахмин қилинган шахс иштирокидаги оммавий муштлашув акс этган видеони жойлаштирди.

Блогер видеодаги йўл-йўл кўйлак кийган йигит 20 ёшли Дилшод Исмоилов бўлиши мумкинлиги ва унинг қўлида қуролга ўхшаш жисм борлигига эътибор қаратган.

Тошкент шаҳар ИИББ сайтида жорий йилнинг 11 июнь куни жойлаштирилган маълумотда 8 июнь куни Яккасарой туманида бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик ҳолати содир этилгани, ушбу ҳолат юзасидан Дилшод.И (20 ёш), Мирсобит (20 ёш), Элмурод (19 ёш) ва Ҳумоюн (19 ёш) исмли шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

Блогер ўз саҳифасида жойланган видео 56 ёшли ота ва унинг 30 ёшли ўғли тан жароҳати олишига сабаб бўлган мазкур ҳодиса вақтида тасвирга олинган бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.

Аввалроқ, Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоилов Тошкент шаҳри бўйлаб автотранспорт воситасида катта тезликда ҳаракатланиб, бу жараённи тасвирга олган ва буни TikTok сервисидаги саҳифасига жойлагани шов-шув бўлганди

Кейинроқ йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун Дилшод Исмоилов жаримага тортилди

2019 йил августидан буён Олмалиқ шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётган Усмон Раҳимов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда видео тўрт-беш ой муқаддам тасвирга олингани ва ўшандан буён ўғлига рулга ўтиришни тақиқлаганини маълум қилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8та ҳуқуқбузарлик содир этгани қайд этилган («Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши»), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8тани (булар ҳам тезликни ошириш билан боғлиқ) ташкил этмоқда.

Мавзуга оид