Жаҳон | 23:36 / 02.10.2020
17053
9 дақиқада ўқилади

«Сиёсий зилзила»: Трампнинг коронавирусга чалиниши савол ва жавобларда

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга чалингани ҳақидаги хабар чароғон осмонда қўққисдан гумбурлаган момақалдироқдек акс-садо берди. Энди президентлик сайловлари нима бўлади? Трамп қандай даволанади? Демократлар номзоди Жо Байден ҳам зарарланган бўлиши мумкинми? Қуйида америкаликлар етакчисининг касалланиши туғдирган саволларга жавоблар беришга ҳаракат қилинган.

Фото: EPA

Оқ уйнинг президент вирусдан зарарлангани ҳақидаги хабари Вашингтон вақти билан соат тунги иккида эълон қилинди, америкаликларнинг катта қисми бу ҳодисадан фақат тонгда хабар топди.

BBC’нинг Шимолий Америка бўйича корреспонденти Энтони Зуркер бу ҳодисани сиёсий зилзила деб атади.

Дунёдаги энг қудратли инсоннинг жиддий касалликка чалиниши, айниқса, сайловларга бир ой вақт қолганида сайлов жараёнига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Президентлик сайловлари энди нима бўлади?
«Мен сайловлар 3 ноябрь куни ўтказилишига ҳеч қандай шубҳа қилмаяпман», деди Америкадаги Politico нашрининг Европадаги бўлими муҳаррири Жек Бланшар.

Ушбу таҳлилчи интернетда пайдо бўлаётган конспирологик талқинларни жиддий қабул қилмасликка чақирган.

АҚШ тарихида бирор-бир сабабга кўра президентлик сайловлари қолдирилиши ҳали кузатилмаган. Америкаликлар онгида «ноябрнинг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанба» санаси муҳрланиб қолган.

1841 йилда Уильям Гаррисон президентлик қасамёдини қабул қилганидан бир ой ўтиб оламдан ўтганида вице-президент Жон Тайлер қолган тўрт йил давомида мамлакатни бошқариши кераклиги ёки шошилинч равишда сайловлар ўтказилиши бўйича баҳслар бўлган. Ўшанда Тайлер 4 йил давомида президентлик қилган ва бу масала бошқа ҳеч қачон кўтарилмаган.

Бирор номзод сайловлар яқин қолганида вафот этгани ёки сайловда иштирок этишга ярамай қолгани билан боғлиқ ҳолат рўй бермаган.

Трампнинг соғлиги ҳақида нималар маълум?
АҚШ президенти твиттердаги саҳифасида яқин маслаҳатчиси Ҳоуп Ҳиксда вирус чиққач, ўзи ва рафиқаси коронавирусни аниқлаш учун тест топширгани, иккисининг ҳам натижаси мусбат чиққани ва энди карантинга кетишлари ҳақида ёзди.

Оқ уй Трампда Covid-19 аломатлари енгил шаклда эканини маълум қилди. Оқ уй маъмурияти раҳбари Трамп тетик ҳолда ишлашни давом эттираётганини айтди ва президент тез орада соғайишига умид билдирди.

New York Times нашри президентга яқин манбасига аосланиб хабар беришича, ундаги аломатлар шамоллашникига ўхшаш кечмоқда - унда йўтал ва ҳарорат кузатилмоқда.

Президентнинг даволовчи шифокори Шон Конли у ўз мажбуриятларини бажара олишини маълум қилган.

«Айни вақтда президент ва биринчи хоним ўзларини яхши ҳис қилишмоқда, улар соғайгунларича Оқ уйда қолишмоқчи. Ишонтириб айтишим мумкинки, президент ҳеч бир муаммосиз ўз ишини бажаришда давом эта олади», деган у.

Президентнинг рафиқаси Мелания Трамп твиттерида ўзини қандай ҳис қилаётгани ҳақида ёзиб қолдирган. «Бу йилда касалликни бошдан кечирган кўплаб америкаликлар сингари тест натижаси мусбат чиққач, биз президент Трамп билан уйда иҳоталандик. Ўзингизни асранг, биз касалликни бирга енгиб ўтамиз», деб ёзган биринчи хоним.

Стэнфорд университетининг тиббиёт факультети юқумли касалликлар кафедраси бўлими Упиндер Сингҳ BBC билан суҳбатда касаллик кечиши қандай давом этишини олдиндан айтиб бўлмаслигини қайд этиб ўтган.

«АҚШда коронавирусг чалинганларнинг 80 фоизи шифохонага ётқизилмайди, шифохонага ётқизиладиганларнинг аксари 65 ёшдан катта беморлардир, президент эса 74 ёшда. Дастлабки уч кунда беморлар ўзини яхши ҳис қилишади, одатда тўққизинчи ва ўн тўртинчи кунлар орасида аҳвол кескин ёмонлашиши кузатилади», дея эслатади у.

Бостондаги Бригэм тез ёрдам шифохонаси шифокори Жереми Фауст ҳам хавф мавжуд эканини таъкидлаб ўтган.

«Унда [президент Трамп] ортиқча вазн бор ва семизлик беморлар учун жиддий хавф омилидир. Ёш ҳам, шубҳасиз, хавф омили ҳисобланади. 70 ёшдан ошган беморларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар сони 30 ёшгача бўлганларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлардан 90 баравар кўп. Ҳатто эркак жинсидаги беморлар орасидаги ўлимлар сони ҳам нисбатан кўпроқ. Президент - соғлом одам, дунёдаги энг машаққатли ишлардан бирини уддалаб келмоқда, аммо бошқа томондан, хавотирланишга асос бор», деган у BBC мухбирига.

Президентнинг даволаниши қандай бўлади?
Ҳарвард университетидан бўлган эпидемиолог Эрик Фогл-Дин президент ремдесивир дорисини қабул қилиши ва унга касалликдан тузалиб, антитана ҳосил қилган донорлар қони қуйилишини тахмин қилди. «Айтиш керакки, у дунёдаги энг яхши муолажаларни олади», дея қўшимча қилди у.

Жо Байден ҳам зарарланган бўлиши мумкинми? Вице-президент Пенсчи?
Дональд Трампда коронавирус аниқланишидан икки кун олдин президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод бўлган Жо Байден у билан теледебатда иштирок этганди. Аммо рақиблар тиббий ниқобда бўлишган ва бир-бирига икки метр масофада туришган, дебат аввалида қўл бериб кўришиш анъанаси бекор қилинганди.

«Жо Байден вирус юқтириб олиши эҳтимоли жуда паст», дея ишонч билдирган Эрик Фогл-Дин.

Вице-президент Пенс Кливленддаги дебатларга бормаганди. У Трампнинг вирус ташувчиси бўлгани тахмин қилинаётган маслаҳатчиси Ҳоуп Ҳикс билан ҳамда президентнинг ўзи билан охирги марта қачон учрашгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Шунингдек, сўнгги кунларда Трамп билан кўришган Оқ уй аппарати раҳбари Марк Медоуз ва молия вазири Стив Мнучин ҳам вирусга чалинган бўлиши мумкин. Улар яқинда Конгресс биносида бўлишган ва кўпчилик билан учрашганди.

Президент ва вице-президент бир вақтда касалланса, мамлакатни ким бошқаради?
Трамп ва унинг сиёсатининг ашаддий танқидчиси бўлган демократ, Конгрессдаги Вакиллар палатаси спикери Ненси Пэлоси вақтинча президентлик қилиши мумкин. Аммо шу вақтгача бундай ҳолат рўй бермаган.

Қонунчиликка кўра, Трамп ва Пенс бир вақтда лаёқатсиз бўлиб қолса, давлат раҳбари лавозимини Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси эгаллаши керак бўлади

Оқ уйдан чиққан маълумотларга кўра, Трамп ўз ваколатларини вице-президент Пенсга ўтказмаган ва аҳволи кескин ёмонлашмаса, бундай қилмоқчи ҳам эмас.

Эрик Фогл-Диннинг фикрича, Трампнинг касаллангани унинг сайловолди кампаниясига таъсир кўрсатиши мумкин, аммо президентлик мажбуриятларига эмас.

Агар касаллик симптомларсиз кечса, АҚШдаги қоидаларга кўра, карантин даври 14 кундан 10 кунгача камаяди. Лекин у 14 кун изоляцияда қолса, 15 октябрга белгиланган иккинчи дебат ўтказилиши сўроқ остида қолади.

Бу воқеалар Трампнинг қайта сайланиш имкониятларига қандай таъсир кўрсатади?
Ҳозирда бу ҳақда бирор нарса деб бўлмайди.

BBC корреспонденти Энтони Зуркернинг таъкидлашича, бир томондан ҳар қандай бахтсизлик америкаликларни президент атрофида жипслаштиради; бошқа томондан сайловчиларнинг бир қисмида Covid-19’ни етарлича жиддий қабул қилмаган президентга саволлар бор.

«Миллионлаб американликлар ҳозирда президентга, биринчи хонимга ва Ҳоуп Ҳиксга соғлик тиламоқда. Шу билан бирга, у коронавирус ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган ва унга енгил қараган президентдир», дейди вашингтонлик политолог Эрик Ҳэмм.

«Мен пандемия бошланган вақтда Оқ уйда бўлганман ва гувоҳлик беришим мумкинки, у ердагиларнинг аксари ниқоб ҳам тақмаганди», дея қўшимча қилади у.

«Телевизорда ҳам кўриш мумкинки, унинг атрофидагиларнинг кўпчилиги ниқобсиз, мен эртами кечми шундай бўлишини билардим», дея қайд этган Эрик Фогл-Дин.

Икки кун муқаддам, дебатлар вақтида ҳам Трамп Жо Байден жамоат жойларда ниқобини еча олмагани ва сайловчилари билан учрашмагани учун мазах қилганди.

Жек Бланшар сайловга бир ой вақт қолганида бу вақтнинг ярмини карантинда ўтказишни ўз кампаниясини оммавий тадбирлар асосига қурган сиёсатчи учун ҳалокат деб атаган.

«Жо Байдендан ортда қолаётганини ҳисобга олсак, Дональд Трамп сўнгги ҳафталарда жуда фаол кампания ўтказиши керак эди», дейди у.

Сўнгги хабарларга кўра, Жо Байден ва рафиқаси Жилл топширган тест манфий натижа берган. У сайловолди кампаниясини давом эттириш учун Мичиганга жўнаб кетган.

«Мен мамнуният билан маълум қиламанки, Жилл билан бирга топширган тестимиз натижаси манфий чиқди. Умид қиламанки, бу эслатма сифатида хизмат қилади: ниқоб тақинг, ижтимоий масофага амал қилинг ва қўлларни доимо ювинг», дея ёзган у твиттерда.

Ҳозирда теледебатларнинг қолган босқичлари ва умуман, сайловолди кампаниясининг қолган қисми қандай кечиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид