Ўзбекистон | 08:35 / 03.10.2020
46381
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдирди

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг кичик ёшдаги болалари борлигини эътиборга олиб, иш бўйича суд ҳукми чиқмагунича уни қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Фото : KUN.UZ /архив

2 октябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманини «Қизил ҳудуд»дан чиқариш бўйича Халқ депутатлари туман кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам иштирок этди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимига кўра қониқарсиз деб топилган 33та туман қаторида Янгиқўрғон тумани ҳам борлиги ва туманни бу рўйхатдан чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир сўнгида Танзила Норбоева журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Kun.uz мухбири Сенат раҳбарининг Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан тергов жараёни ва унга танланган эҳтиёт чораси бўйича фикри билан қизиқди.

«Бу жуда ҳам оғир масала. Оғир жиноят қилганлар ҳам четга чиқиб кетмаслик шарти билан уйда сақланади, боласининг олдида, оиласида бўлади. Шу нуқтайи назардан, унинг жинояти қанчалик оғир ёки оғир эмаслигига ҳозир баҳо бера олмайман, лекин аёл киши, кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, ҳозирча қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди, қачонки суд қарор чиқармагунича», – деди Норбоева.

Аввалроқ Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов Бош прокуратура расмийларига Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан танланган эҳтиёт чорасини гаров, шахсий кафиллик ёки уй қамоғи тарзидаги, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартиришни тавсия қилгани маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

Кейинроқ бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ўз муносабатини билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19 беморларини даволашга ихтисослашмагани, Г.Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтди.

8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди.

Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров у айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.

Мавзуга оид