Дунё биз ўйлаганчалик ёмон эмас: янглиш ва негатив тасаввурлар қаердан пайдо бўлади?
«Мен ўқиган китоблар орасида энг муҳимларидан бири. Дунёни тушуниш учун беқиёс қўлланма». Microsoft асосчиси Билл Гейтс «Ҳаққонийлик» (Factfulness) асарига ана шундай таъриф берган эди.
Халқаро соғлиқни сақлаш ва статистика бўйича мутахассис, таниқли маърузачи Ҳанс Рослинг муаллифлигидаги китоб дунё ҳақидаги стереотипларни ўзгартириши билан оммалашган.
Китобда: «Дунё аслида биз ўйлаганчалик ёмон жой эмас. У фақатгина гегемон давлатларнинг рақобат майдони, қирғинбаротлар, табиий офатлардан иборат эмас», деган фикр илгари сурилади.
Муаллиф одамлар дунё адолатсизлик ва ёмонликдан иборат деган фикрга нега келиб қолишганини 10та сабаб билан изоҳлайди.
1-сабаб. Дунё фақат оқ ва қорадан иборат деган янглиш тасаввур
Рослинг буни инсондаги бўлиниш инстинки билан боғлайди ва дунёни қабул қилишдаги энг катта хато деб баҳолайди. Бўлиниш инстинкти бизда дунё камбағаллар ва бойларга бўлинган деган адолатсизлик картинасини ҳосил қилади.
Инсон психикаси дихотимияни – ҳамма нарсани иккига бўлиб тасаввур қилишни яхши кўради: яхшилар ва ёмонлар, бойлар ва камбағаллар, ривожланганлар ва қолоқлар. Ваҳоланки, олтин ўрталик ҳам мавжуд. Бир мамлакатда жуда бойлар ва жуда қашшоқларнинг бўлиши ҳақиқат, лекин бу ўша мамлакат фақатгина шу икки тоифадан иборат дегани эмас. Кўплаб мамлакатларда ўртаҳол шароитда яшаётганлар аксариятни ташкил қилади.
Аммо муаллиф ўтказган сўровномалар бошқача натижани кўрсатади. Дунёда камбағаллик даражаси неча фоиз деган саволга аксарият, ҳатто зиёли қатлам вакиллари ҳам 50 фоиз деб жавоб беришади. Аслида эса бу кўрсаткич – атиги 9 фоиз.
Дунёда 60-йилларда бой мамлакатлар ва қашшоқ мамлакатлар контрасти жуда сезиларли даражада бўлган бўлса, иккинчи минг йилликка келиб, бу зиддият тобора йўқолиб бормоқда. Аммо статистикадан қолган ҳиссиётлар таъсири ҳали йўқолмади. Яъни одамларнинг дунёдаги вазият ҳақидаги тасаввурлари ҳали ҳам 60-йилларники билан турибди. Чунки дунё манзарасини шакллантирувчи асосий платформа – оммавий ахборот воситалари шу қолипда маълумот узатмоқда.
Биз 60-йилларнинг хариталаридан фойдаланмаймиз-ку, лекин нега 60 йилларнинг статистикаси билан қотиб қоляпмиз, деб ёзади Рослинг.
2-сабаб. Негативлик инстинкти ёмонликка диққат қаратишга мажбурлайди
Инсон онги танқид қилишга, камчилик ахтаришга мослашган. Чунки камчиликни топиб, уни бартараф этиш орқалигина прогрессга эришиш мумкин. Аммо умумий картинада ижобий ўзгаришлар ҳам борлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Дунёда маънавий инқироз кетяпти, охирзамон келяпти, муаммолар кўпайяпти, деган фикрлар аксариятда устувор. Ваҳоланки, ижобий ўсиш суръатлари кўпроқ. Дунё миқёсида болалар меҳнатига чек қўйилмоқда, одамларнинг яшаш давомийлиги ошяпти (1800 йилда ўртача умр давомийлиги 30 ёш бўлган, ҳозир эса 70-72 ёш), 20 йил аввал аҳолининг 29 фоизи қашшоқликда яшаган бўлса, ҳозир уларнинг кўрсаткичи 9 фоиз. Ўтган асрда бўлганидек оммавий очарчилик ва қирғирбаротлар кузатилаётани йўқ.
Бундай мушоҳадага кўпинча катта авлод сабабчи бўлади. Улар ўтган даврлар носталгияси билан яшашади. Қачондир ҳаммаси жуда яхши эди, замон қаерга қараб кетяпти, деган фикр кекса авлодда доим бўлади. Ваҳоланки, аксар ҳолларда бугун кечагидан кўра яхшироқ бўлади.
Бундай тасаввур пайдо бўлганининг яна бир сабаби шундаки, ҳозир ахборот очиқ ва у тез тарқалиш суръатига эга. Илгари ахборот манбалари чеклангани боис дунёда кунлик 10та ҳалокат ҳам номаълумлигича қолган, ҳозир эса интернет туфайли битта ҳалокат ҳам шов-шувга айлана олади.
3-сабаб. Тўғри чизиқ инстинкти аҳоли тўхтовсиз ўсиб, ресурслар чеклангани ҳақида ваҳима уйғотади
Аҳоли сони ошиб бораётгани рост. Аммо бу 20-30 йилдан кейин Ер юзида одам сиғмай қолади дегани эмас. Чунки одамлар туғилган сари, вафот этаётганлар ҳам борлигини унутмаслик керак. 21-асрнинг дастлабки ўн йиллигида аҳоли сони 1 млрд.га ошди дегани кейинги ўн йилликда ҳам яна шунчага ошади дегани эмас. Боиси статистика тўғри чизиқ асосида ривожланмайди. Шунингдек, ғарб мамлакатларида фарзанд кўриш ҳолатлари ҳам ўтган асрдагидек юқори эмас.
4-сабаб. Қўрқув объектив фикрлашга халал беради
Ибтидоий даврда қўрқув инсонларнинг асосий ҳимоя воситаси бўлган. Айнан қўрқув мияни керакли чораларни кўришга ундайди. Аммо қўрқув миянинг аниқ таҳлил қила олиш қобилиятини хиралаштириши, ҳиссиётларга эрк бериши ҳам факт.
Дунё бизга хатарлар билан тўла макондек кўринади. Сабаб – ОАВ шундай манзарани яратади. Катастрофалар, ўлим, террор актлари, касалликлар. Лекин тарих контекстида қарайдиган бўлсак, инсоният ҳозир тарихнинг энг яхши даврида яшамоқда. Башарият ҳеч ҳачон ҳозиргидек фаровон яшамаган. Умр давомийлиги ошмоқда, прогресс бор, таълим кўрсаткичлари ошяпти. Лекин бизга фақатгина салбий воқеликларни кўрсатишади. Чунки ижобий характердаги хабарлардан кўра, салбий бўёқларга эга янгиликлар аудиторияни кўпроқ қизиқтиради. Булар таъсирида пайдо бўлган қўрқув эса рационал мушоҳадага имкон қолдирмайди.
Оддий мисол. 2016 йилда бутун дунёда 40 млн марта авиапарвозлар муваффақиятли амалга оширилган, фақатгина 10таси ҳалокатга учраган. Аммо биз 40 млн марта эришилган муваффақиятга эмас, 10та ҳалокатга кўпроқ диққат қаратамиз.
5-сабаб. Ҳажмлар чалғитади
Аксар ҳолларда рақамларнинг ҳажмини нейтрал ҳолда тасаввур қила олмаймиз. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2016 йилда 4,2 млн бола вафот этган. Бу даҳшатлидек туюлади. Лекин маълумотнинг бекграундига қарайдиган бўлсак, эрта вафот этган чақалоқлар сони 2015 йилда 4,4 млн, 2014 йилда 4,5 млн, 1950 йилда 14,4 млн бўлганини кўриш мумкин.
Демак, 4,2 млн қанчалик катта рақамдек кўринмасин, аввалги кўрсаткичлар билан солиштирганда кичик эканлигини кўриш мумкин. Шу боис ҳажмларни якка ҳолда эмас, балки контекстдан юлмаган ҳолда кўриш мақсадга мувофиқ.
6-сабаб. Бир қоида ҳамма ерда амал қилмайди
Ўзимиз кўрган ва кўниккан қоидани ҳамма жойда амал қилади, ҳамма жойда бир хил кучга эга деб ўйлаш реалликни нотўғри қабул қилишга сабаб бўлади. Рослинг буни биргина оддий мисол билан тушунтиради.
Рослинг ўз талабалари билан Ҳиндистонда тиббий амалиёт ўташ учун борганди. 3-4 нафар шифокор шифохона лифтида кўтарилаётган пайтда Рослингнинг талабаларидан бири лифтга улгуриш учун югуриб келиб, лифт эшиклари ёпилмаслиги учун оёғини қўяди. Аммо лифт барибир ёпилади ва қизнинг оёғини қисиб, юқорига судрай бошлайди.
Бу қизнинг аҳмоқлиги туфайли эмас, балки ўзи яшаган Швециядаги қоидалар Ҳиндистонда ҳам амал қилади деб ўйлагани учун содир бўлади. Чунки Швецияда лифтлар ҳаракатни сезувчи датчик билан жиҳозланган, Ҳиндистонда эса йўқ.
Биргина мамлакат, кичик ҳудуддаги ҳолат ва қонуниятлардан келиб чиққан ҳолда бутун дунёга баҳо бериш нотўғри. Сиз яшаётган мамлакатда автократия ҳалигача ҳукм сураётгани демократиянинг мутлақо пуч ғоя эканини ифодаламайди.
7-сабаб. Тақдирга бўйсуниш ҳисси барчаси аллақачон белгилаб қўйилган деган догмани ҳосил қилади
Бирон ҳолат бўйича турғун қарашларнинг бўлиши прогрессни инкор қилади. Дейлик, дунёдаги қашшоқлик ҳақида гап кетганда кишининг кўз олдига биринчи навбатда Африка давлатлари гавдаланади. Бунинг устига, улар ҳеч қачон қашшоқликдан чиқиб кета олмайди, уларнинг маданияти, табиати, шароитлари прогресс учун имкон қолдирмайди, деб ўйлаймиз; Африкани ҳеч бўлмаганда Шарқий Европа давлатлари сингари тараққиёт босқичида кўра олмаймиз. 50-60 йил аввал ҳозирда энг ривожланганлар қаторида бўлган Скандинавия давлатлари ҳам қашшоқ эди. Лекин улар ҳозир бой-ку?
Хусусан, ҳозир бой бўлган давлат ҳеч қачон қашшоқлашиб қолмайди, деган тасаввур ҳам ноўрин. Гап тараққиёт ҳақида гап кетганда турғунлик сифатини ишлатиш нотўғри. Чунки ҳамма илгарилама ҳаракат қилади – кимдир тезроқ, кимдир эса секинроқ. Аммо ҳеч ким бир жойда турмайди. Шу боис Рослинг стереотиплардан чекинишни маслаҳат беради.
8-сабаб. Ҳаммасини соддалаштиришга уриниш реалликнинг нотўғри манзарасини ҳосил қилади
Оддий нарсаларга интиламиз, мураккаб нарсаларни оддий йўл билан талқин қилишга интиламиз. Муаммо оддий ва унинг ечими ҳам оддий бўлиши яхши, аммо реал ҳаётда бу имконсиз, дейди Рослинг.
Дейлик, эркин бозор иқтисодиёти қандай шаклланади? Ҳукумат бозор муносабатларига аралашишни тўхтатса, ҳаммаси изига тушади. Ёки дунёда тенгсизликни йўқотиш учун барча бойликларни аҳолининг барча қатламлари орасида тенг тақсимлаш керак, вассалом. Бу ечимлар оддийлиги билан ҳам жозибадор, узоқ ва чуқур ўйлашни талаб қилмайди. Аммо одамларни ўз нуқтайи назарларига мос келмайдиган барча маълумотларни инкор қилишларига олиб келади.
Рослинг оддий ғояларга шубҳа билан қарашни маслаҳат беради. Улар қанчалик қулай бўлмасин, заиф томонларига ҳам эга. Инсон фақатгина ўзига маъқул бўлган эмас, балки шубҳаси бўлган маълумотлар билан ҳам ишласа, ҳақиқатни топиш осонлашади. Ҳақиқатга эришиш учун фақатгина ўз маслакдошларингиз билан эмас, балки сизга қарама-қарши фикр эгалари билан баҳсга киришиш фойдалироқдир.
Ҳолат ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиш учун энг бирламчи маълумотларгагина боғланиб қолиш нотўғри. Шунингдек, битта манбанинг маълумотларига таяниш ҳам. Рослинг бир мисол келтиради. У Мозамбик бош вазири билан суҳбатлашиб қолганида вазир ўз мамлакатида сезиларли тараққиёт кузатилаётганини айтади. Рослинг очиқ статистикаларда Мозамбикнинг ялпи ички маҳсулоти юқори эмаслигини айтганда, вазир мамлакат тараққиётини таҳлил қилишда бошқа манбаларга ҳам таянишини айтади. «Мозамбикда ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган умумхалқ паради бор. Унда ҳамма чиройли кийимларда қатнашади. Ўшанда одамларнинг оёқ кийими бор-йўқлигига қарайман. Ва оёқ кийими бор бўлганлар сони йилдан йилга ортмоқда», дейди вазир.
9-сабаб. Айблаш инстинкти барча муаммоларга айбдорни топишга мажбурлайди
Агар қандайдир кўнгилсизлик рўй берса, буларнинг барчасига қандайдир буюк ёвуз куч айбдорлигини исботлашга уриниш бошланади.
Нохуш ҳолатлар шунчаки, табиий йўсин билан содир бўлиши мумкинлигини инсон мияси инкор қилади. Эҳтимолий айбдор ҳақида вариант пайдо бўлиши билан, бошқа барча вариантларни кўриб чиқишни тўхтатамиз. Бу эса муаммонинг асл илдизига етиб боришга тўсқинлик қилади. Авиакатастрофада ухлаб қолган учувчини айбдор қилиб кўрсатиш мумкин, аммо бу бошқа авиаҳалокатларнинг олдини олиб қўя олмайди.
2015 йилда 4000 нафар қочоқ Суриядан Европага йўл олган пайтда Ўртаер денгизида чўкиб вафот этди. Жаҳон ҳамжамияти ғазабга минди, резина қайиқда сузиб ўтиш учун ҳар бир киши ўрнига 1000 доллардан олган контрабандистларни ёмонлади. Рослинг эса ҳолатни келтириб чиқарган бошқа сабаблари излаб кўради. Туркия ёки Ливиядан Европа шаҳарларига етиб олиш учун чипта 50-100 евро туради, хавфсиз, интизомли кемалар ҳаракатланадиган паромлар ҳам бор. Лекин нега одамлар контрабанда орқали сузиб ўтишга уринишди? Чунки улар авиакомпнаия ёки расмий паромлар орқали ўтиши учун қочоқ мақомини расмийлаштириши керак, Европа мамлакатлари консулликларида эса бунинг имкони жуда кам, чунки аризалар кўп, уларни кўриб чиқиш қамрови оз. Натижада одамлар яширинча йўллар билан Европа ҳудудига ўтиб олишга ҳаракат қилишади. Рослинг Европа иттифоқининг иммиграция сиёсати контрабанда бозори пайдо бўлишига сабаб бўлган, деган хулосага келади.
10-сабаб. Шошилиш инстинкти бизни шошилинч ва аҳмоқона қарорларга етаклайди
Таранг шароит таъсирида зудлик билан қарор қабул қилишга тўғри келади. Аммо бу зудлик кайфияти аксарият ҳолларда янглиш қарорларга сабаб бўлади.
Муаллиф бу бўйича ўз тажрибасидан мисол келтиради: Африканинг чеккароқ ҳудудида хизмат қилиб юрган чоғида маҳаллий аҳолида ноодатий симптомлар – оёқлар ҳаракатсизлиги, кўриш қобилиятининг йўқолиши кузатилади. Рослинг ҳаяжон ва шошилиш таъсирида қандай қарор қабул қилишни билмайди ва бу янги эпидемия деган тахмин билан шаҳар мэрига чегараларни ёпишни айтади. Эртаси куни шаҳар ташқарисидаги бозорга савдо учун отланган аёллар блокпостларга дуч келишади, чиқа олишмайди. Аммо кун кўришнинг ягона йўли бозор эди ва денгиз орқали қайиқда сузиб ўтишга қарор қилишади. Айни шу куни денгизда бўрон кўтарилади ва аёлларнинг барчаси ҳалок бўлади.
Кейинчалик белгилар маниоки ўсимлиги истеъмолидан заҳарланиш оқибатида келиб чиққани маълум бўлади. Шошилиш кайфияти, қўрқув ва эҳтимоллар Рослингни нотўғри қарорга етаклади ва аянчли оқибатга олиб келди.
Ибтидоий даврда зудликда қарор қабул қилиш инстинкти одамларга хавф олдида тўғри ҳаракатланишга ёрдам берган. Ҳозир ҳам катта йўлни кесиб ўтиш каби фавқулодда вазиятларда тезлик билан қарор қабул қилиш (тўхташ ёки югуриш) қўл келади. Аммо фавқулоддаги қарорлар баъзида нотўғри ҳаракатларга сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Ҳар қандай фақулодда ҳолатда ҳам совуққонлик ва босиқлик сақланиб қолиши керак. Зудлик билан қарор қабул қилишга тўғри келганда ҳам имкон қадар кўпроқ вақт ва маълумот сўранг.
Рослинг ўқувчини дунёни бор бўйича кўра олишга ўргатади. Қўрқув, стереотип, алдамчи тасаввурларга алданиб, дунё ҳақида янглиш тасаввурга боришдан қайтаради.
Дунёқараш фактларга асосланган бўлиши керак, инстинктларга эмас, дейди Рослинг. Дунёни ёмон кўрмаслик эса керакли ҳаракатларни белгилаш ва тараққиётга интилишга йўл очиб беради.
Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.
Мавзуга оид
14:14 / 02.11.2021
#Kitobdor: «1984» романи – ўтмиш, бугун ва келажакнинг даҳшатли сценарийси
17:21 / 01.01.2021
«Ибтидо»дан 700 бетлик китобларгача. Блогерлар — 2020 йилда ўқиган китоблари ҳақида
19:29 / 20.12.2020
Барак Обама ўз талқинига кўра 2020 йилнинг энг яхши китобларини эълон қилди
20:07 / 13.12.2020