Ўзбекистон | 18:00 / 05.10.2020
12301
3 дақиқада ўқилади

Талабаларга қишки таътил учун чипта нархига 50 фоизлик чегирмалар қўлланмагани аниқланди

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қишки таътилда талабаларга поезд чипталари нархига 50 фоизлик чегирма бермагани, чипта нархларига амалда тақдим этилмаган хизматлар пули қўшилгани, шунингдек, тизимдаги тадбиркорга ташиш хизматини амалга ошириш жараёнида айрим қўшимча хизматлар таклиф этилгани маълум бўлди.

Бугун, 5 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан биргаликда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг «Uzbekistan Airways», «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан ижро этилиши муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бўйича ўрганишлар натижалари маълум қилинди. Унга кўра, темир йўл соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш ҳолатига салбий таъсир қилувчи омиллар мавжудлиги аниқланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов ташкилот фаолиятида монополия туфайли кузатилган асосий камчиликларни санаб ўтди.

«Бизга бир тадбиркор томонидан мурожаат бўлган. Бу мурожаат текширилганида, темир йўлларда ташиш хизматини амалга ошириш жараёнида маълум бир қўшимча хизматларни тиқиштириш факти аниқланган.

Бу факт асосида тегишли тартибда иш қўзғатилган. Ўша корхонадан 61,7 миллион сўм миқдорида қўшимча хизмат ҳақи ундирилгани маълум бўлган. Ўрганишлар натижасида аниқладикки, бу хизматни тадбиркор буюртма берсагина бажариши керак, буюртма бермаган тақдирда эса тиқиштириши ноқонуний ҳисобланади.

Иккинчи камчилик эса «СВ» вагонларига амалда сарфланмаган ва истеъмолчи томонидан сўралмаган товарлар киритилган. Булар - оёқ кийими ва совун. Яъни чипта сотилганда шу иккита нарса нархи чипта пулига киритилган. Агар берилган тақдирда ҳам бу истеъмолчиларга тиқиштириш ҳисобланади.

Биз бу ҳолатни ҳам аниқлаб, бартараф этдик. Агар ҳозир бу нарса давом этаверганда, тахминий ҳисоб-китобларимизга кўра, истеъмолчилардан 3,12 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ундирилган бўларди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раиси президент фармони билан қишки таътил даврида ўқув юртларининг буюртмаларига биноан, кундузги бўлимларнинг талабалари учун 50 фоиз чегирма берилиши керак бўлгани, лекин «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан бу чегирма қўлланмаган ҳолда чипталар сотилгани аниқланган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ монополист корхона бўлганини эътиборга олиб, хизмат кўрсатаётган пайтда истеъмолчиларга аҳамият бериб керак-керакмас нарсаларни тиқиштирмасдан, ўз мавқейини суиистъемол қилмасдан ишласа, мақсадга мувофиқ бўлар эди», деди Нажмиддинхўжа Шарипов.

Мавзуга оид