Жаҳон | 09:33 / 06.10.2020
19414
9 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Париж «қизил» ҳудуд, Москвага қатъий чекловлар қайтиши кутилмоқда, Трамп Оқ уйга қайтди

Сиёсатчилар Covid-19’нинг ҳозирги воқеаларини иккинчи тўлқин деб аташ ёки атамаслик ҳақида баҳслашар экан, ёзги тин олишдан кейинги янги касалланиш ҳолатлари ва ўлим сони тобора ортиб бормоқда. 

Фото: Сергей Карпухин/ТАСС

 BBC жаҳонда коронавирус билан боғлиқ сўнгги хабарларни тақдим этди. 

Якшанба куни қарийб 250 минг киши касалликни юқтиргани аниқланди, 4 мингдан ортиқ инсон вафот этди. Касалланиш ҳолатлари сони бўйича АҚШ (7,5 миллиондан ортиқ) биринчи ўринда, ўсиш суръатлари бўйича Ҳиндистон (кунига 75 мингга яқин) етакчилик қилмоқда. 

5 октябрь куни Женевада ЖССТнинг коронавирус билан боғлиқ вазиятга бағишланган икки кунлик сессияси бошланди.

Бунга параллел равишда ЖССТ пандемиянинг дунёдаги руҳий саломатлик муаммоларига ёрдам хизматларига ҳалокатли таъсири тўғрисида ҳисобот чиқарди.

Трамп тузалмоқда ва у Оқ уйга қайтди

Тўрт кун муқаддам Covid-19дан зарарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган АҚШ президенти Дональд Трамп шифохонани тарк этди, хабар қилишларича, у даволанишни Оқ уйда давом эттиради.

Унинг даволовчи шифокори брифинг вақтида у ўзини жуда яхши ҳис қилаётгани ҳақида айтиб ўтди. Шифокорнинг сўзларига кўра, Трампда 72 соат давомида юқори ҳарорат кузатилмаган.

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари матбуотда президентнинг соғлиги тўғрисида бир-бирига тўғри келмайдиган хабарлар тарқалганди.

Ҳозирда президентнинг атрофидагилардан айнан қанчаси коронавирусдан зарарлангани маълум эмас.

«Менинг тузалишимга ёрдам берган барча шифокорлар, ҳамшираларга раҳмат. Шуни айтмоқчиманки, коронавирусга сизни бошқаришига имкон берманг. Қўрқманг, бизда энг яхши шифокорлар ишлайди. Трамп маъмурияти раҳбарлигида ажойиб дорилар ишлаб чиқилган. Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Ҳатто 20 йил олдингидан ҳам яхшироқ!

Мен фронтга қайтдим. Яна такрорлайман, касаллик сизни бошқаришига йўл қўйманг, эҳтиёт бўлинг. Вакцина ҳам аста-секин яратилади. Мени қўллаганингиз учун раҳмат», деб ёзди Трамп твиттерида.

Унинг шифокорлари журналистлар билан мулоқот вақтида унинг даволаниши тафсилотларини ошкор қилишни исташмади, аммо президент ўзини жуда яхши ҳис қилаётгани ва унга жавоб берилишидан олдин яна бир бор ремдесивир берилганини айтишди.

Якшанба куни Трамп ўзи даволанаётган Уолтер Рид шифохонаси олдида тўпланган тарафдорларини қаршилаш учун кўчага чиққанди.

Ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари президентни, гарчи улар ниқоб кийган бўлса ҳам, унга ҳамроҳлик қилаётган хавфсизлик хизмати ходимларига хавф туғдираётгани учун танқид қилишди. 

Оқ уйда давлат соқчилари томонидан қўриқланаётган биринчи хоним Мелания Трамп эса касалхонада эрини зиёрат қилишдан бош тортди. 

Якшанба куни Трампга стероид дексаметазон буюрилгани маълум бўлди, бу дорига одатда қонда кислород даражаси паст бўлганида эҳтиёж туғилади. 

Душанба куни Трампнинг матбуот котиби Кейли Макинанига коронавирус ташхиси қўйилди. У твиттерида ўзида аломатлар кузатилмагани, аммо карантин сақлаши ва масофадан ишлаши ҳақида ёзган.

ЖССТ: руҳий саломатликка кўмакнинг кескин етишмаслиги

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида коронавирус пандемияси туфайли кўплаб ташкилотлар ва хизматларнинг иши сустлашгани ёки умуман тўхтагани сабабли руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга эга кўплаб одамлар ўз вақтида тиббий ёрдамсиз қолишди. Бу ҳақда пандемия ойлари давомида 130 мамлакатдан олинган маълумотларни таҳлил қилган ЖССТнинг ҳисоботида айтилган. 

Шу билан бирга, тадқиқот муаллифларининг таъкидлашларича, пандемия ойларида руҳий саломатлик ёрдамига бўлган талаб жуда ошган. 

Яқинлар ўлими, изоляция, даромад йўқолиши ва қўрқув аввалдан мавжуд бўлган касаллик белгиларини кучайтиради ва соғлом одамларда уларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Натижада, одамлар алкогол ва гиёҳванд моддаларга ружу қўяди, уйқусизлик ва хавотирни бошдан кечиришади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу ҳисоботни дунё раҳбарлари ўртасида руҳий саломатлик муаммолари борасидаги хабардорликни ошириш мақсадида глобал онлайн анжуман олдидан эълон қилди. 

Париж «қизил» ҳудуд

Франция пойтахти ва унинг атрофидаги учта департаментдаги барча барлар душанба куни камида икки ҳафтага тўлиқ ёпилади. Аввалроқ,  расмийлар уларнинг иш соатини кечки соат 10 билан чеклашганди.

Кафе ва ресторанларга ҳозирча соат 22:00гача мижозларга хизмат кўрсатишга рухсат берилган. Барча мижозлар ўзларининг алоқа маълумотларини муассаса маъмуриятига топширишлари шарт. 

Франциянинг иккинчи йирик шаҳри Марселда 26 сентябрдан бошлаб барча озиқ-овқат шохобчалари ва спорт клублари ёпиқ. 

Душанба куни бош вазир девони томонидан эълон қилинган бошқа чекловлар қаторига таълим муассасаси аудиториясини талабалар билан ярмидан кўпга тўлишининг олдини олиш ва компанияларнинг иложи борича кўпроқ ходимларини масофадан ишлаш тартибига ўтказиш киради. 

Якшанба куни Францияда коронавирус билан 12,5 мингта янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Шанба куни бутун пандемия даврига тааллуқли рекорд ўрнатилганди - деярли 17 минг киши. Июнь ойида бу кўрсаткич кунига минг бемор атрофида эди, аммо кейинчалик яна ўсишни бошлади.

Франциянинг энг йирик шаҳарлари эпидемиологик хавфнинг энг юқори «қизил» даражасини эълон қилди. Бу шуни англатадики, Covid-19 билан касалланганлар сони 100 минг аҳолига 250 нафардан ошади ва улар реанимация бўлимларида ўринларнинг камида 30 фоизини эгаллайди.

Москвада қатъий чекловлар қайтарилиши мумкин
Россияда кетма-кет иккинчи кун кунлик касалланиш ҳолатлари 10 мингдан ошиқ бўлди. 4 октябрь куни май ойидан буён илк марта кунлик касалланишлар сони 10 мингдан ошганди (охирги марта 11 май куни 11 минг 656 кишида касаллик аниқланган). Шу вақтгача Россияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 1,2 млн ҳолат қайд этилган, 21,5 мингга яқин киши инфекция қурбони бўлган.

Москва мэриясидагилар коронавирусга қарши курашни кучайтириш учун бир неча сценарийлар устида иш олиб бормоқда. «Ведомости» нашри мэриядаги манбасига асосланиб хабар қилишича, пропуск режимига қайтиш режаси ҳам кўриб чиқилмоқда.

Эпидемиологик вазият яхшиланмаса икки ҳафта давомида тўлиқ карантин жорий этилиши мумкинлиги айтилмоқда.

«Мэрия ҳозир мураккаб вазиятга тушиб қолди - энди коронавирус яна нега авж олганини тушунтириш ва бу жиддий чекловларни жорий этишни талаб қилишини тушунтириш учун тўғри аргументларни топиш керак бўлади. Айниқса, бундай чоралар бизнесга зарар келтирмаслигини ҳисобга олиш керак», деган нашр манбаси.

Шу билан бирга, у мэрияда ҳозирча пропуск режимига қайтиш масаласи муҳокама этилмаётганини қайд этиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, биринчи галдаги вазифа - коронавирус тарқалиши динамикасини тўғри баҳолаш ва дастлабки чораларни қўллаш орқали вазиятни ўзгартириш ҳисобланади.

Бошқа бир манба эса расмийлар томонидан пенсионерлар ва мактаб ўқувчиларининг метродан фойдаланиш учун ижтимоий карталарини блоклашга имкон берувчи дастурни ишга туширишга кўрсатма берилган.

«Барча москваликлар учун QR-кодлар жорий этиш ҳақида ҳозирча гап кетмаяпти. Лекин бу истисно қилинмайди. Вазият жуда оғир, шифохоналар беморлар билан тўлиб кетган», деган «Ведомости» манбаси.

Шу билан бирга, Москва мэри Сергей Собянин шу кунларда иккинчи тўлқин даврида ҳукумат бизнесга халал бермаслик учун имкон қадар «жиддий чекловлар» қўлламасликка ҳаракат қилишини айтиб ўтганди. «Бугунги шароитда бизнес учун энг катта ёрдам - унинг ёпиб қўйилишининг олдини олишдир», деган у.

Бундан ташқари, Россия таълим вазирлиги Москвадаги мактаблар масофадан ўқитиш тизимига қайтишини маълум қилган.

Дунёда яна нималар бўлмоқда

Мадриднинг уч миллион аҳолисига душанбадан олти кишидан кўпроқ гуруҳга йиғилмаслик ва ўта зарурат бўлмаганда ўз мавзесидан ташқарига чиқмаслик буюрилган. Мадридда касалланганлар сони 100 минг аҳолига тахминан 700 кишини, бутун Испания бўйича эса 319 кишини ташкил қилади.

Якшанба куни Италиянинг «Ювентус» ва «Наполи» жамоалари ўртасидаги учрашув ўтказилмади, чунки неаполликлар бу ўйинга кира олишмади. Ўтган ҳафта клубнинг икки футболчисига коронавирус ташхиси қўйилган. 

Дунёдаги энг йирик кинотеатрлар тармоқларидан бири бўлган Cineworld Буюк Британия ва АҚШдаги фаолиятини тўхтатмоқда. Бир неча ой ичида 663 кинотеатр ўз эшикларини ёпади, бу эса 45 мингга яқин иш жойини сўроқ остида қолдиради. 

Тармоқ эгалари қарорни фильмлар етишмаслиги билан изоҳлашмоқда. Хусусан, Жеймс Бонд филмининг яна ортга сурилган премьераси компания учун катта молиявий йўқотишларни англатади, дейишган улар.

Мавзуга оид