Ўзбекистон | 23:26 / 06.10.2020
14961
7 дақиқада ўқилади

«Ўқувчининг билими аксар ҳолларда ўқитувчининг савиясидан юқори бўла олмайди» – Президент мактаблари агентлиги директори ўринбосари

Мактаб инсон келажаги йўналишини белгилаб берувчи асосий босқич ҳисобланади. Унда таълимнинг қандай ташкил этилиши эса кўп жиҳатдан раҳбарга боғлиқ бўлади.

Kun.uz мухбири мактабларда таълим сифатини яхшилаш, мактаб раҳбарларининг вазифалари ҳақида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Амирулла Абдуллаев билан суҳбатлашди.

– Бу йил президент мактабларига қабул бўлмади. Бу иқтидорлиларни тарбиялашда бир йил йўқотилганини англатмайдими?

– Бу пандемия даврида мажбурий қадам эди. Бундай қарорни қабул қилиш қийин кечди. Лекин соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа соҳа вакиллари билан маслаҳатлашгандан кейин шу қарор қабул қилинди.

Президент мактабларига қабул 5-синфдан амалга оширилади. Лекин мактаблар очилганидан кейин биринчи қабул жараёнида 5–10-синфларга ўқувчилар қабул қилинади.

Президент мактабларига бу йил 5-синфга қабул қилинмаган иқтидорли ўқувчиларни келгуси йил 6-синфга қабул қилиш имконияти бор. Келаси йил 5- ва 6-синфларга ўқувчилар қабул қилинади.

Президент мактабларига қабул имтиҳонлар асосида амалга оширилади. Бу жараён хорижлик ҳамкорларимиз томонидан назоратга олинади. Пандемия туфайли уларнинг мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш имконияти ҳам йўқ эди.

Албатта, бир йил вақт ўтиб кетяпти. Лекин ўқувчилар фақат мактабга боғланиб қолмаслиги керак. Улар ҳар доим билим олишга интилишлари, қўшимча адабиёт ва манбаларни ўқишлари керак.

– Ихтисослаштирилган мактабларни битирган болалар бошқа умумтаълим мактабларини тугатган болалар билан бирга ОТМларда ўқий олади, деб айтиш мумкинми? Умуман, ихтисослаштирилган мактабларни тугатган битирувчилар талабига олий таълим сифати жавоб бера оладими?

Олий таълим тизимини ёмонлашдан йироқман. Ҳар бир тизимда бўлганидек, уларнинг ҳам ўз муаммолари ва камчиликлари мавжуд. Олий таълим тизимида ҳам ислоҳотлар сезиларли суръатларда олиб борилаётганини айтиш мумкин. Масалан, кўпчилик ОТМлар янги ўқув йилидан таълим беришнинг кредит-модул тизимига ўтмоқда. ОТМларда касб ва ихтисослик фанларини ўқитишга ажратилган соатлар кўпайтирилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда замонавий ўқув дастурлари асосида таълим бераётган хорижий ва хусусий университетлар фаолият юритмоқда. Улардаги таълим сифати етарли даражада деб ўйлайман.

Агентлик ОТМлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бундан ташқари, агентлик тизимидаги баъзи мактабларнинг битирувчиларини ОТМларга тайёрлаш масаласида ҳам ОТМлар билан ҳамкорлик йўлга қўйиш режалаштирилган. Университет ўқитувчи ва профессорлари бизнинг ўқувчиларга қўшимча билим беришлари учун жалб этилади.

Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган тадбирда Қоракўлдаги мактаб тажрибасига алоҳида баҳо берилди. Ихтисослаштирилган мактабларда ҳам Қоракўл мактаби билан тажриба алмашиш самарали бўлиши мумкинми?

– Қоракўл халқаро математика мактаби республикада ўз ўрнига эга. Яқинда агентлик раҳбари Сарвар Бобохўжаев Қоракўл халқаро математика мактабига борди ва унинг фаолияти билан танишди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди. Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган.

Мактабнинг 95 фоиздан зиёд битирувчилари ОТМларга ўқишга киради. Бундан ташқари, ўқувчилар турли халқаро олимпиада ва танловларда совринли ўринларни қўлга киритиб келяпти.

Бундай натижага эришишда муассаса раҳбарининг ўрни катта. Раҳбар фидойи ва билимли ўқитувчилар жамоасини шакллантириб, уларни бир мақсад атрофида бирлаштиришга эришган. Шу билан бирга, мактабда ўқувчилар учун қатъий қоидалар белгиланган. Бу тажрибани бошқа таълим муассасалари ҳам ўрганиши лозим.

Таълим сифатини баҳолаш тизимига келсак, оддий ва ихтисослаштирилган мактаблари учун алоҳида тизим мавжуд эмас. Ҳар бир таълим муассасасини ўқитувчилар салоҳияти ва ўқувчиларнинг натижалари, эришган ютуқлари асосида баҳолаш керак.

Мисол учун, ўқувчиларнинг ОТМларга кириш даражаси, олимпиадаларда ютуқлари, иш фаолиятидаги эришган натижалари асосида мактабни баҳолаш мумкин.

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби Қоракўл халқаро математика мактаби билан 2019 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йилдан бу ҳамкорлик яна ҳам кенгаяди. 2020 йил октябрнинг сўнгги ҳафтасида Қоракўл мактаби маъмуриятининг президент мактабига ташрифи кутилмоқда.

Ўзбекистон ўқувчилари биринчи марта PISA ва PIRLS тадқиқотларида иштирок этиши режалаштирилган. Бу рейтингларда Ўзбекистон қандай натижани қайд этиши мумкин, деб ўйлайсиз?

– Халқаро тадқиқотларда илк бор иштирок этамиз. Албатта, биринчи иштирокимиздан юқори натижа кутмаяпмиз. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам халқаро тадқиқотларда мамлакатимизнинг ўрнини босқичма босқич яхшилаб бориш кўзда тутилган.

Тадқиқотлар ўқувчи ва ўқитувчиларни баҳолайди. Тадқиқотларда фойдаланиладиган саволларга ҳамма ўқувчиларимиз тайёр деб ҳисоблайман. Лекин тайёргарлик учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув методикасига ўзгартиришлар киритиш лозим.

Халқаро баҳолаш натижасида бугунги кундаги мактабларимизнинг савияси, уларнинг камчиликлари ва ютуқларига объектив баҳо берилади. Бу биз учун келгусида ўзимизга ўзимиз баҳо беришимиз, хулоса қилишимиз, нималарга эътибор беришимиз лозимлигини кўрсатади.

Президент Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудий раҳбарларга ҳар бир ҳудудда Қоракўл тажрибаси асосида ўқитадиган мактаблар очиш топшириғини берди. Нима деб ўйлайсиз, бундай мактабларда дарс бериш потенциалига эга педагоглар ҳудудларда етарлими? Агар йўқ бўлса, бунга қандай ечим топиш мумкин?

– Битта ҳақиқатни тан олишимиз керак. Ўқувчининг билими аксарият ҳолларда ўқитувчининг савиясидан ортиқча бўлолмайди. Ҳар бир туманда зўр дарс бера оладиган ўқитувчилар бор. Уларни бир жойга йиғиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, шароит яратиб бериб ишлатиш раҳбарга боғлиқ. Ватанпарвар, виждонли, ҳалол, жонкуяр, билимли болаларни тайёрлашга аҳд қилган таълим муассасаси раҳбари бўлса, албатта, бу натижага эриша олади.

Шу билан бир қаторда, бугун ўқитувчилар билан ишлаш кераклигини вақт кўрсатяпти. Ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими такомиллаштириш керак. Бу масала олий педагогик таълим муассасаларининг масъулиятини янада оширади.

Шу ўринда ҳозирда педагогика йўналиши бўйича янги университет ва мавжуд олий ўқув юртларида факультетлар очилиши кутилмоқда. Умид қиламанки, булар бизга муаммони ечишга ёрдам беради.

Бу муассасалар мутахассислар тайёрлашига қадар эса, биз фаолият юритаётган мутахассислар орасидан тажрибали ва билимлиларини танлаб олишимиз, қайта тайёрловдан ўтказишимиз керак.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид