Қорабоғдаги уруш, тўққизинчи кун: шаҳарларнинг ўққа тутилиши ва арманларнинг «тактик чекиниши»
Душанба куни, Қорабоғдаги урушнинг тўққизинчи кунида томонлар яна ракеталар орқали шаҳарларни ўққа тутиб, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлиши ва жароҳатланишига сабаб бўлишди; арман ҳарбийлари айрим ҳудудларда «тактик зарурат» туфайли чекинганликларини тан олишди, Арманистон бош вазири эса захирадаги ҳарбийларнинг барчасини яна армияга ёзилишга чақирди.
Қорабоғда бўлиб турган журналистларнинг хабар қилишича, Озарбойжон армияси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси пойтахти Степанакертни, унга қўшни бўлган Шуша шаҳрини ва Қорабоғдаги бошқа аҳоли пунктларини доимий равишда ўққа тутмоқда.
Қорабоғлик омбудсмен Артак Бегларян душанба куни шу кунги артиллерия ҳужумлари оқибатида Қорабоғда тинч аҳоли орасида жами 19 киши ҳалок бўлгани ва 80 киши майиб-мажруҳ бўлгани ҳақида хабар берди.
Озарбойжон томони ҳам ўз шаҳарлари ҳужумга учраётгани тўғрисида хабарлар берган: расмий баёнотларга кўра, якшанба куни Қорабоғдан шимолдаги Ганжа ва Мингечаур шаҳарларига, ҳатто Каспий денгизи қирғоқларига - пойтахт Боку шаҳри яқинидаги ҳудудларга ҳам ракеталар учиб келган; душанба куни эса Қорабоғдан шарқда жойлашган Барда, Агджабеди ва Бейлаган шаҳарлари ўққа тутилган.
Озарбойжон томонининг расмий маълумотларига кўра, арманларнинг ҳужумлари оқибатида душанба куни кечқурунга келиб тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 24 нафарга етган ва 121 киши жароҳатланган.
Шу билан бирга, Озарбойжон артиллерия зарбалари Арманистон ҳудудидан туриб йўлланаётганини таъкидламоқда - душанба куни мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ҳам шу ҳақда баёнот билан чиқди. Лекин расмий Боку бунга далил келтирмаган, Арманистон томони эса бу айбловни рад этмоқда.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Ваграм Погосян душанба куни журналистлар билан суҳбатда фронтнинг айрим участкаларида арман ҳарбийлари чекинганини тан олди, аммо Погосяннинг қайд этишича, бу тактик қарор бўлган.
«Ўринсиз спекуляцияларнинг олдини олиш учун, шуни таъкидлашим керакки, фронт чизиғининг айрим йўналишларида Мудофаа армияси тактик мақсадда ортга чекинди: а) кераксиз йўқотишлардан қочиш; б) душман кучларига янада кучлироқ зарба бериш. Бу иккиси ҳам аҳамиятлидир», дея Погосяндан иқтибос келтирган «Арменпресс» агентлиги.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев твиттердаги саҳифасида сўнгги кунларда 30дан ортиқ (душанба куни - уч) қишлоқ эгаллангани, шу жумладан, жанубда, Эрон билан чегаралар яқинидаги Жабройил тумани маркази, шунингдек, Қорабоғ шимолидаги Талиш ва Мадагиз қишлоқлари озар ҳарбийлари назоратига ўтганини хабар қилди.
Аммо Озарбойжоннинг ушбу муваффақиятлари учун етарли даражадаги фото ва видеоёзувлар келтирилмаган, фақат бир суратдан ташқари: душанба куни мудофаа вазирлиги Талиш қишлоғидан фото ва видео эълон қилди. Бу қишлоқ Тоғли Қорабоғ билан чегарадаги демаркация чизиғида жойлашган.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян душанба куни сўнгги йилларда ҳарбий хизматдан бўшаган ёш йигитларни яна ихтиёрий равишда чақирув пунктларига келишга чақирди.
Арманистонда қонунчиликка кўра, ҳарбий хизматдан бўшаганлар бир йил давомида қайта сафарбар қилинмайди. Арманистонда (худди Озарбойжондаги каби) ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилинган.
«Бу шунчаки уруш эмас, бу яна бир Сардарапат, бу ҳал қилувчи жанг. Биз арманлар геноциди такрорланишининг олдини олишимиз лозим», деган Пашинян фейсбукдаги видеомурожаатида.
Сардарапат жанги - турклар ва арман кучлари ўртасида 1918 йилда бўлиб ўтган, ўшанда арман жангчилари Туркиянинг Шарқий Арманистонни, яъни ҳозирги Арманистон ҳудудини босиб олиш учун ҳаракатларини тўхтатишган.
Шу куни Пашиняннинг ўғли Ашот кўнгилли сифатида урушга боришга ёзилди ва бу ҳақда фейсбукдаги саҳифасида хабар берди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев сўнгги кунларда бир неча интервью берди ва миллатга мурожаат қилди, у ҳар сафар Арманистон ўз қуролли тузилмаларини Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудлардан олиб кетмагунча тинчлик музокаралари бўлмаслигини такрорламоқда.
«Мен муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилиш керак деб ҳисоблайман. Аммо музокаралар мазмунли бўлиши керак. Арманистон бош вазирининг Қорабоғ Арманистон экани ҳақидаги сўзлари амалда зиддиятни ҳал қилиш тамойилларини йўқ қилмоқда», дея Алиевнинг «Ал-Арабия» телеканалига берган интервьюсидан иқтибос келтирган «Азертадж» агентлиги.
Ушбу интервью давомида Алиев арманлар бош вазири Никол Пашинянни Жорж Сороснинг пуллари эвазига уюштирилган давлат тўнтариши орқали ҳукумат тепасига келишда айблаб ўтган.
Қорабоғдаги уруш бўйича қўшни давлатлардан бири Эрон ҳам баёнот берди.
Эрон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Саид Хатибзода Теҳронда тинчлик режаси мавжудлиги ва бу режа Озарбойжон билан ҳам, Арманистон билан ҳам муҳокама қилинаётганини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Хатибзода Эрон Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши ва арман ҳарбийлари «босиб олинган ҳудудлар»дан зудлик билан чиқиб кетиши керак деб ҳисоблашини маълум қилган.
Эрон шимолда Озарбойжон билан ҳам, Арманистон билан ҳам, шунингдек, 1993-1994 йиллардаги уруш натижасида арманлар эгаллаб олган Тоғли Қорабоғ билан ҳам чегарадош ҳисобланади. Дунёдаги янгиликлар агентликлари ўтган ҳафта давомида Эроннинг шимолидаги ҳудудлари аҳолиси Аракс қирғоғида туриб нариги томондаги жангларни кузатаётгани тасвирланган суратларни тарқатганди.
Эроннинг шимоли-шарқий қисмида этник озарлар кўпчиликни ташкил этади.
Мавзуга оид
16:16
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024