Ўзбекистон | 23:37 / 07.10.2020
32267
5 дақиқада ўқилади

ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев — муаммоларга ечимлар, демократия ва сўконғич ҳокимлар ҳақида

Фото: YouTube/Alter Ego

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев «Альтер Эго» лойиҳаси муаллифи, журналист Кирилл Альтманга интервью бериб, солиқ тизими, сиёсат ва танқидлар ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. Фаолияти давомида туман ҳокими, вазир ва президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Кудбиев меҳнат фаолиятида дуч келган муаммолар, орттирган тажрибаси ҳақида гапириб берди.

1981 йили Фарғона вилоятида туғилган Шерзод Кудбиев 2016 йили 22 сентябрда Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тайинланганди. Унинг журналистга айтишича, ушбу тумандаги лавозим нуфузли амал бўлиши бирга, ҳоким зиммасига катта масъулият юклайди.

«Эплаш қийин бўлган салбий фикрлар оқимига дуч келсангиз, энг яхшиси очиқ мулоқот қилиш керак. Пиёдалар йўлакчаси йўқ, ертўла сувга тўла, аммо бунинг учун мени танқид қилиш керак эмас. Аксига, биргаликда ишлайлик, таклиф ва шикоятлар асосида ислоҳот қилайлик. Бу албатта ўз фойдасини беради.

Мен ҳокимлар ичида биринчи бўлиб жамоатчилик кенгашини ташкил қилдим. Кенгашнинг бажарадиган функцияларидан бири — фуқароларнинг талабларига биноан таклифлар ишлаб чиқиш эди. Мен ўз ваколатимдан маълум қисмини, яъни қачон, қаерга, қанча пул сарфлашни уларга топширдим. Албатта, буни тасдиқлаш ваколати ўзимда қолди, бунинг сабаби эса имкониятларни тўғри ҳисобга олиш эди.

Юқоридаги ҳолат жуда яхши натижа берди. Чунки одамларни ўзлари жамоат кенгашида ўтириб мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилишди ва ҳамма муаммолар бирдан ўз ечимини топмаслигига гувоҳ бўлишди», — дейди у.

Муаммоларга ечимлар ҳақида

Шерзод Кудбиевнинг айтишича, чиройли, жимжимадор ва ақлли маслаҳатлар бериш, яъни муаммоларга назарий жиҳатдан ёндашиш ва муаммонинг ечимини топиш — бошқа-бошқа нарсалардир.

«Айни вақтда сендан олдинги 25-30 йил мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш — умуман бошқа масала. Бу муаммоларни ечиш учун нафақат фикрлаш, балки ўз атрофингдагиларни ҳам янгилашинг керак бўлади. Ўз навбатида, билдириладиган фикр ёки танқид ўринли бўлса, буни ижобий ҳал қилиш керак.

Атрофимдаги ҳамма биладики, мен асосли танқидларга ижобий қарайман. Бунга мисол тариқасида Kun.uz ва бошқа ОАВларнинг билдирган танқидлари асосида муаммоларни ҳал қилишга интилаётганимиздир. Унутмаслик керакки, барча муаммолар тезда ҳал бўлавермайди», — деди солиқ тизими раҳбари.

Сўконғич ҳокимлар ҳақида

ДСҚ раисининг фикрича, ҳокимларнинг қўл остидагиларни ҳақоратли сўзлар билан сўкиш — қилиниши заруратга айланиб қолган нарса эмас. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

«Ҳеч қайси мансабдор шахсга қўл остидагиларни таҳқирлаш ҳуқуқи берилмаган. Биз ҳокимларни ҳам сайлаш тизимига ўтишимиз керак. Лекин ҳозир бунга халқ тайёр эмас. Жуда ҳам кўп демократик имкониятлар ҳам баъзида салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Биз демократия, аввало, улкан масъулият эканини унутмаслигимиз керак», — дея қайд этган Кудбиев.

Шерзод Кудбиев интервью давомида Фарғона вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Шуҳрат Ғаниевнинг бошқа амалга ўтказилишига муносабат билдирди.

«Ҳар ким қанчалик танқид қилмасин, Фарғона вилояти аграр соҳада лидер эканини статистикалар исботлади. Вазирликка тайинланаётган шахсларнинг бир неча жиҳатлари эътиборга олинади: биринчи навбатда, номзоднинг профессионал маҳорати, унинг психологик ҳолати ва номзоднинг қанчалик натижа кўрсата олиши муҳим. Бу жуда ҳам оғир танлов, чунки вазир у ёки бу соҳада сиёсат олиб боришига тўғри келади», — дейди у.

Пандемиядаги солиқ тизими

ДСҚ раҳбарининг таъкидлашича, карантин даврида 250 мингга яқин компания ва тадбиркорлик субъектлари иш фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлди. Айни пайтда эса, уларнинг 90 фоизи иш фаолиятини қайта тиклаган. Солиқ имтиёзлари, тўловларни кечиктириш, жарима ва пеня ҳисоблашни бекор қилиш ҳамда субсидиялар орқали тадбиркорларга 30 триллион сўмга яқин кўмак берилган.

«Ижтимоий тўловнинг 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши 328 мингга яқин тадбиркорлик субъектига татбиқ этилди. Ўз навбатида, бу рақам 525 минг ишчи ўрин яратилган енгиллик туфайли компаниялар томонидан сақлаб қолинганини англатади», — дейди у.

Шерзод Кудбиев солиқ юкини икки баравар пасайтириш орқали «соядаги иқтисодиёт» улушини камайтиришдан умидвор бўлгани, аммо бу жараён жуда секин кечаётганини айтган.

ДСҚ раиси келажакдаги Ўзбекистонда бизнес юритиш анча осон бўлиши, солиқ маъмурчилиги содда ва тушунарли, солиқ органлари эса солиқ тўловчиларга янада яқин бўлиши ҳақида гапирган. У бунга ахборот технологиялари имкониятлари билан эришиш мумкинлигини қайд этган.

Мавзуга оид