Ўзбекистон | 13:39 / 08.10.2020
9376
2 дақиқада ўқилади

Чет элдан посилка юборишнинг энг юқори меъёри 200 долларгача туширилиши мумкин

Президентнинг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларида ажратилган бюджет маблағлари доирасида Тошкент шаҳрида ўтказилган QR коди ёки фискал белгиси асосида онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган совринли ўйинларни ўтказиш экспериментини амалга оширишни кенгайтириш бўйича таклифга розилик берилиши мумкин.

2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёри, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача туширилиши ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги белгилаб қўйилиши мумкин.

Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар томонидан республикага товарларни олиб киришнинг максимал меъёрлари ошиб кетганда олинадиган ягона божхона тўлови ставкасини пасайтириш бўйича таклифларни киритади.

Бюджет ташкилотлари томонидан 2021 йил 1 февралдан бошлаб гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, ташкилий техника ва транспорт воситаларининг бутловчи қисмлари давлат харидлари фақат қўшилган қиймат солиғини тўлаш билан амалга оширилади.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси давлат харидлари мониторинги асосида Вазирлар Маҳкамасига фақат қўшилган қиймат солиғини тўлаш билан сотиб олинадиган товарлар ва хизматлар рўйхатини янада кенгайтириш бўйича таклифлар киритади.

Мавзуга оид