Эркинжон Турдимов: «Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак»
8 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласида видеоселектор ўтказилди. Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, вилоятлар ва айрим туманлар ҳокимлари ахбороти эшитилди.
Видеоселекторда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам сўз олди ва учта таклифни илгари сурди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Самарқанд давлат университети қошида мутахассисларни қайта ўқитиш ва сертификат бериш маркази очишни таклиф қиламан. Узоқ туманларда жуда кўпчилик мутахассислар етишмайди. Фуқароларни касбга йўналтириш учун ўқитиб, сертификат берсак, фойдали бўлади.
Шунингдек, бугунги кунда хорижда ҳам, ўзимизда ҳам уй ишларини қилувчи оқсочлик касбига талаб ортиб бормоқда. Самарқанд вилоятидан ҳам жуда кўпчилик аёллар чет давлатларда, хусусан Туркияда уй ишларини бажаришади. Ўзимизда ҳам аҳоли иқтисодий имкониятлари ошган сари бу касб эгаларига бўлган талаб ортаверади. Аммо бундай аёлларни тайёрлайдиган марказлар йўқ. Ана шундай марказларни очишни таклиф қиламан.
Яна бир таклифим, инновацияга қизиқувчи айрим ёшлар кредит олишга қўрқишади, қайтара олмай қолишларини ўйлашади. Уларга яна мотивация бериш учун, зарур бўлганда кредитларини қоплаб бериш мақсадида ҳар чоракда ўзимизда қолган маблағлар ҳисобидан 1 млрд сўмдан, йилига жами 4 млрд ажратсак. Шунда янгиликка интилган ёшларимизда шижоат пайдо бўлади», – деди Самарқанд вилояти ҳокими.