«Ҳамма президент каби муолажа олиши керак» – Трамп ўзига берилган дори касалхоналарга бепул тарқатилишини айтди
АҚШ президенти Дональд Трампни коронавирус касаллигидан даволаш учун 100 минг доллар кетган.
New York Times нашри ёзишича, касалхонада ётиш, президентни вертолётда касалхонага олиб кетиш ва Оқ уйга қайтариб олиб келиш, коронавирусни аниқлаш учун топширилган тестлар, унга берилган дорилар учун шунча пул сарфланган.
Трампни «Ремдесивир» препарати билан даволашган. Бу дори нархи 3120 доллар туради, бироқ суғурта компанияси қилган тўловдан кейин бу дори Трампга 2340 долларга тушган. Шунингдек, уни вертолётда ташиш харажати 38 минг 770 долларга, касалхонада ётишининг ўзи эса 61 минг 912 долларга айланган. Барча харажатлар АҚШ ҳукумати томонидан тўланиши белгиланган.
Тузалиб ишга қайтган Трамп Овал кабинет олдида чиқиш қилиб, ўзини даволашда қўлланган асосий дори воситаси касалхоналарга бепул тарқатилишини айтди.
«Барчага салом. Мен Оқ уйдаги ажойиб Овал кабинет олдида турибман. Бир кун олдин Уолтер Рид номидаги касалхонадан қайтдим. Бормасам бўлмасди, чунки шифокорлар «Сиз президентсиз, бормасангиз бўлмайди», дейишди. Мен эса рози бўлдим. У ерда менга шифокорлар жуда яхши қарашди. Нафақат Уолтер Рид касалхонасида, балки бутун мамлакатда шифокорларимиз ажойиб ишлашмоқда. Бизнинг шифокорлар, ҳамширалар дунёда тенгсиз. Ахир биз энг зўр мамлакатнинг ажойиб фуқароларимиз.
Мен бир неча кун аввал ўзимни ёмон ҳис қилдим ва менга «Регенерон» беришди. Биласизми, мен тезда ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Тўғри, бошқа дорилар ҳам беришди, лекин ҳал қилувчиси «Регенерон» бўлди. Бизда унинг бир неча юз минг дозаси бор. Мен бу доридан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш бўйича буйруқни тайёрлаб қўйдим. Уни касалхоналарга имкон қадар бепул етказиб берамиз. Ҳамма президент каби муолажа олиши керак.
Биз учун одамлар ўзини яхши ҳис қилишидан муҳими йўқ ахир. Тез орада вакцина ҳам чиқиб қолишига умид қиламан. Унинг устида бир неча компанияларимиз ишламоқда», деган Трамп Оқ уйдан туриб йўлланган видеомурожаатида.
- АҚШ президенти Дональд Трамп 2 октябрь куни ўзи ва рафиқаси Меланияда коронавирус аниқланганини хабар қилганди. Шундан кейин уни Уолтер Рид номидаги ҳарбий касалхонага олиб кетишди. 3 кун давомида даволанган Трамп Оқ уйга қайтиб, президентлик фаолиятини давом эттирмоқда. У 15 октябрда белгиланган Жо Байденга қарши дебатларнинг иккинчи турида қатнашишини маълум қилган.
Мавзуга оид
15:52 / 19.08.2023
Одам танламайдиган “ҳуқуқий машина”. Трамп нега таъқиб қилинмоқда?
15:51 / 14.04.2022
Байден ортидан Трамп ҳам Украинада тинч аҳоли ўлдирилишини геноцид деб атади
19:04 / 17.03.2022
Трамп Россиянинг Украинага кирганидан ҳайрон бўлганини айтди
21:10 / 09.02.2022