Жамият | 17:16 / 08.10.2020
60613
13 дақиқада ўқилади

«Кимнингдир қўлида қўғирчоқ бўлишни истамаганим учун!» — Собиқ МХХ зобити аччиқ қисматини сўзлаб берди

Мозийга қайтиб иш кўрмоқликда хайр бор, дейдилар. Энг янги тарихимизнинг айрим қора саҳифаларини ўрганиш, улар ҳақида кенг жамоатчиликка етказиш –  келгусида бундай кўнгилсизликлар, хатолар қайта такрорланишининг олдини олса, ажаб эмас.

Юқоридаги мулоҳазалар билан, Фарғона вилоятига сафаримизда собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг истеъфодаги ходими, капитан М. Ғ. билан учрашишга жазм этдик.

17 йил мобайнида тизимда оператив ходим сифатида фаолият олиб борган аёл 2009 йилда Фарғона вилояти ҳарбий суди ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинади. У 2015 йил февралида озодликка чиқарилган.

Зангиотадаги аёллар колониясида туҳмат билан уюштирилган жазо муддатини ўтар экан, 2014 йил сентябрда 4 фарзандининг 3 нафарини ҳарбий қилиб вояга етказган онаси адолатсизликларга чидай олмай ҳаётдан кўз юмди. М. Ғ.нинг биргина фарзанди бўлмиш қизининг болалиги эса онасиз ўтди. Истеъфодаги ходим Kun.uz мухбири билан суҳбатда аччиқ қисматини ҳикоя қилиб берди.

Унинг айтишича, ОАВга мурожаат қилишдан мақсади – бошидан ўтганларини сўзлаб бериш, шу билан келгусида бундай аччиқ қисматлар такрорланишининг олдини олишга ҳисса қўшишдир. Бундан ташқари, оқланганидан кейин етказилган моддий ва маънавий зарарнинг тўланиши, унга ажратилган хизмат уйини қайтариб олишда дуч келаётган муаммоларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқишдан иборат.

Таъкидлаш керак, суҳбатимиз 40 дақиқа давом этди. Биз, томошабин қимматли вақтини аяган ҳолда суҳбатнинг энг муҳим қисмларини қўйишга қарор қилдик.

«Мен 17 йил МХХда оператив ходим лавозимида ишлаганман. Капитан ҳарбий унвонида, 2009 йилда пенсияга чиққанман. Ўша вақтдаги бошлиғимнинг шахсий адовати қурбони бўлдим. Унинг буйруғи, буюртмаси билан уйимда ноқонуний тинтув ўтказилиб, диний мазмундаги кассета ташланди. Шу баҳона билан менга ЖКнинг бир неча моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, 2009 йилда 7 йилга озодликдан маҳрум қилишди», – дейди МХХ зобити.

Жиноят кодексининг 156-, 159-, 301-моддалари билан айбланган М.Ғ. 5,5 йил Зангиотадаги аёллар колониясида жазо муддатини ўтагач, 2015 йилда амнистия билан озодликка чиқарилган.

«Худодан сўраб олган ёлғиз фарзандим етимликда катта бўлди. 3 фарзандини ҳарбий қилиб вояга етказган онам 2014 йил 2 сентябрда вафот этди. Мен-ку ҳақиқатни қарор топтирдим, бироқ онамни менга ҳеч ким қайтариб бера олмайди. Мен бир умр армон билан ўтишим керак», – дейди М.Ғ.

Унинг айтишича, болалигидан юрист бўлишни орзу қилган ва МХХ ташкил этилган дастлабки йилларда мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, давлат душманларига қарши курашга мақсадида ушбу соҳани танлаган. Афсуски, 2006–2009 йилларга келиб, соҳада ҳам айрим нопок инсонлар кўзга ташлана бошлади, дейди ҳамсуҳбатимиз.

«Бу соҳада энг ҳалол, энг виждонли инсонлар ишларди, уларнинг бири эканимдан доим фахрландим, ғурурландим. Афсуски, 2006–2009 йилларда бу соҳада нопок инсонлар кўпайиб кетганига ўзим гувоҳи бўлдим. Президент Қизириқдаги маърузаларида жуда тўғри таъкидлаб ўтдилар.

Ўзим терроризм бошқармасида ишлаганман. Ўша йиллари ҳатто неварасига намоз ўқишни ўргатган онахонлар ҳам диний экстремизм бўйича рўйхатга олинди. Бу каби ноҳақликларга чидай олмаганимдан 2009 йилда нафақага чиқдим», – дейди собиқ МХХнинг собиқ зобити.

Бироқ, нафақага чиқишдан аввал 2 хонали хизмат хонадони олган М.Ғ. ўша вақтдаги вилоят бошқармаси бошлиғининг нафсий майли нишонига айланган. Вилоят бошқармаси бошлиғи собиқ ходимасига уйига меҳмонга чақириш, қаҳва дамлаб бериш каби таклифларини билдира бошлаган.

«3-4 ой ўтиб туриб, қўнғироқ қилди, учрашишни таклиф қилди, кўчада учрашиб, раҳмат айтдим, тўғри тушунишни, раҳбар сифатида ҳурмат қилишимни айтиб, чиройли хайрлашдим. Лекин бу унга оғир ботган экан шекилли, мени орқаваротдан қўшниларимдан ҳам суриштира бошлабди», – дея ҳикоя қилади у.

Орадан яна бир неча ой ўтгач, бошқарма бошлиғи хизмат хонасига чақиртириб, хонадонлар бўйича комиссия йиғилишида хонадонни топширишни талаб қилган. Шу ерда аёлнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборган ҳодисалар занжирига сабаб бўлган тортишув рўй берган. Капитан гап орасида МХХ раисига чиқишини, у тингламаса, президентгача боришини сўзлаган.

«Ўша даврда шунчалар содда бўлган эканманки, қонун ва адолат борлигига шунчалик ишонган эканманки, Ўзбекистонда қонун бор, президент бор, менинг тақдиримни сен ўзгартира олмайсан, деб қаттиқ ишониб чиқиб кетган эдим.

Лекин орадан 3–4 кун ўтиб, Ўзбекистонда қонун йўқлигини, қонун бўлмаганини ўз ҳаётимда ҳис қилдим. Менга қарши кампания бошланди. Айримлардан туҳмат кўрсатмаларини олишга ҳаракат бўлган.

Виждонли инсонлар ҳам бор экан. Уларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Мен Аллоҳдан қўрқаман, қамасанглар, қаманглар, лекин туҳмат қилмайман, деганлар ҳам бўлган», – дейди капитан.

Шу мақсадда, 2009 йил август ойи охирларида республика МХХга нажот қидириб келган истеъфодаги зобит ҳибсга олиниб, Наманган вилояти орқали Фарғона вилоят МХХ бош бошқармасига етказилган. Унга ЖКнинг 301-1-моддаси билан айб эълон қилинган. Ажабланарлиси шундаки, нафақага чиққан зобитга ҳарбий мансабдорлик жиноятларига алоқадор бўлган «ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги» айби илгари сурилган.

Орадан 11 кун ўтгач, 159-1 (Конституциявий тузумга тажовуз), 244-1-моддаси 3-қисми (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш), 156-3 модда (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) моддалари билан жиноий қўзғатилган. Бироқ, ёпиқ суд ўтказилишини таъминлаш мақсадида кейинчалик айблов моддалари рўйхатига 162-1 модда, яъни давлат сирларини ошкор қилиш ҳам қўшилган.

«Ҳарбий суд мажлисини олиб борган майор мендан кечирим сўраб, ожизлигини тан олиб, 7 йилга ҳукм ўқиди. Шундай қилиб мен Зангиотадаги аёллар колониясига юборилдим. У ерда 5,5 йил мобайнида бир кун ҳам тинмадим», – дейди истеъфодаги зобит.

У президентга, Олий Мажлисга, Омбудсманга мурожаатлар қилган, аммо фойдаси бўлмаган. Чунки 6 томдан иборат аризалар МХХга етказилган, маҳкумга эса, интизомий чора кўрилаверган.

«2014 йилда тизимда тозалаш бошланди. ... ишдан кетди. Коррупция бошида турганлар ишдан кета бошлагач, 2015 йил февралда амнистия бўлиб, озодликка чиқдим ва айбсизлигимни исботлаш учун ҳаракатни бошладим. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгач, жуда катта ўзгаришлар бўлди ва бунинг самараси ўлароқ мен ҳақиқатни тиклашга эришдим. Ҳарбий судда ЖКнинг 83-моддаси билан реабилитация қилиндим.

Мен айбсиз эканман, демак, мени қамаганлар ЖКнинг 230-, 231-моддалари бўйича жазосини тортиши керак эди. Мен шуни талаб қилдим, аммо бу жудаям қийин кечди», – дейди М.Ғ.

Унинг айтишича, 2018 йилда Бош прокуратура жиноий иш қўзғатган, бироқ 2 ойдан сўнг, мазкур ишни ЖПКнинг 83-моддаси, 2-қисми билан ёпган. 2019 йилда Бош прокурор қабулида бўлганидан сўнг, жиноят иши қайта қўзғатилган, тергов олиб борилган, юзлаштиришлар бўлган. М.Ғ. барчасини исботлаб берган, лекин ҳозирда, ушбу иш тўхтаб қолган.

«Менга оқланди, деб оқ қоғоз берганларининг кераги йўқ. Менинг жиноятчи эмаслигимни яқинларим жуда яхши билади. Менга адолат ўрнатилиши керак. Эртага мен каби кимнингдир тақдирини ҳал қилаётган судьялар, терговчилар, туҳмат қилаётганлар 10 йилдан кейин ҳам жавоб бериш муқаррарлигини билсин. Шундайларга дарс бўлсин. Жиноятни қилса-ю, жавобсиз қолса, қандай адолат бўлади бу?» – дейди М.Ғ.

Тергов изолятори. Бу ерда қандай муомалага дуч келди? Нималарга гувоҳ бўлди? Зобитнинг шоҳидлик беришича, тергов изоляторида бўлган вақтда аввалги ишончлари чилпарчин бўлган.

«Ўз даврида тергов бошқармасида ишлаб келган катта терговчи бир даста қоғозларни ташлади олдимга. Ундан қонунда қандай белгиланган бўлса, тикиб, рақамлаб олдимга қўйишни талаб қилдим. Биласизми, у нима деди? Қонунни талаб қилиб овора бўлманг, қонун кўчадагилар учун, бизга дахли йўқ», деди.

Халқдан хизмат ҳақида эшитганларимга ишонмаган эдим. Ички ишларда, прокуратурада бўлиши мумкиндир, лекин бизда бундай бўлиши мумкин эмас, деган ишонч билан ишлагандим.

Лекин, кўзим билан кўрганларим бунинг аксини исбот қилди, афсуски. Қийноқлар бўлганини, ваҳшийларча қийноқлар бўлганини (исботлади).

Албатта, менга нисбатан ҳеч қандай қийноқ ёки тазйиқ бўлмади. Чунки у ерда ишлаганлар менинг ҳамкасбларим эди, уларнинг кўзларида менга нисбатан ачиниш кўрардим.

Лекин калтаклар, калтакнинг зўридан бақиришларни эшитиб, ҳушимдан кетган вақтларим бўлди. Бошқа бировнинг қийноқдан додлаганини эшитиш, эркак кишини...» – дея ҳикоя қилади капитан.

У маҳбуслар ҳаёти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Биласизми, жиноятчи ўзининг жиноят қилганини англаса, жазо муддатини ўташи осон. Чунки, айбини билади. Ҳақиқий жиноятчилар, қотиллар, наркотрафик билан шуғулланганлар бор-ку, ахир. Уларнинг колонияда ўзларини тутишларини кўриб, мен даҳшатга тушардим: қандай қилиб, оиладан узоқда кулиш, рақсга тушиш мумкин?

Аммо, айбсиз бўла туриб, кимнингдир қўлида қўғирчоқ бўлишни истамаганим учун уларнинг орасида яшаш?! Буни эслаш азоб, биласизми? Айбсиз эканингизни била туриб, фарзандингизни кўра олмаслик, ота-онангиз сиз учун азоб чекаётганини ҳис қилиб яшашдан кўра, ўлган яхшироқ!» – дея ёзғиради зобит.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда қоида бўйича, жиноятга қўл урган эркак ҳарбий хизматчилар, умуман, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун алоҳида колония бор. Бироқ, аёллар колонияси битта, умумий. Унда жазога тортилган ҳарбий хизматчи аёллар билан бирга жиноятчи аёллар ҳам бир бино остида ҳукмни ўташади.

«Мен шу нарсани тушунмайман. Халқда шундай гап борки, аёллар жони қирқта дейишади. Нима, биздаги юристлар, адлиядагилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорадагилар ҳам аёллар жонини қирқта деб ўйлашадими?

Демак, ўзи жиноий жавобгарликка тортган терговчи, ёки мен масалан, тезкор ходим эдим, ўзим иш қўзғатиб, уларнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган аёллар олдига олиб бориб қўйишди. Бу мантиққа ҳам, қонунга ҳам тўғри келмайди», – дея суҳбатдошимиз судланган ҳарбий хизматчи аёллар муаммоларига ҳам эътибор қаратди.

Истеъфодаги зобит Зангиота аёллар колониясида ўтказган 5,5 йил давомида қизини кўрмаган, уни олиб келишларини истамаган. Қолаверса, яқинлари қизига онасининг Тошкентда хизмат сафарида эканини айтиб келишган.

Ҳамсуҳбатимиз оқланганидан кейин ҳал қилиши керак бўлган муаммоларга дуч келаётганига қарамай, келажагини жуда ҳам ёрқин тасаввур қилмоқда. У биз билан суҳбат қилар экан, ўз режаларини маълум қилди. Адолатга, унга нисбатан ноқонуний иш олиб борганларнинг судланишига эришиш, моддий ва маънавий зарарларини тўлиқ ундириш ҳамда давлат томонидан берилган ва қонунан унга тегишли бўлган уйини қайтариб олиш учун курашишни бир он бўлсин тўхтатмаслигини таъкидлади.

«Ҳали олдинда курашларим кўп. Бу курашларим тўхтамайди. Мени туҳмат билан қамаганлар жазоланиши керак. Қонунчиликда мени оқлаган суд моддий зарарни ҳисоблаб чиқиши, ундан кейин Фуқаролик суди маънавий зарар суммасини аниқлаб бериши белгиланган. Аммо, моддий зарарни аниқламасдан туриб, менга маънавий зарар миқдорини аниқлаб беришди. Уни ҳам ундиришда қатор қийинчиликларга дуч келдим, МИБ 2 марта ижро этишни рад этди.

Бундан ташқари, қонунан менга ажратилган уй, мен оқлангач, менга қайтарилиши керак, лекин ДХХ раисига ёзган мурожаатимга, сизга уйни қайтариш лозим топилмади, деган жавоб олдим. Мен ортиқча нарса сўраётганим йўқ, қонунан, Кодексда ёзилганидек, ўзимга тегишли бўлиши лозим бўлган нарсани талаб қиляпман, холос», – дейди капитан.

Хуллас, ҳамсуҳбатимиз кураши давом этмоқда. У якуний ғалаба қозониб, топталган ҳуқуқларининг тикланиши – мамлакатда инсон ҳуқуқлари қай даражада таъминланганига яна бир далил сифатида хизмат қилиши шубҳасиз.

Эслатиб ўтишни истардик, президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 19 февралда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида собиқ МХХ хусусида аччиқ ҳақиқатларни маълум қилган эди.

Шу ўринда, бир нарсани алоҳида қайд этишни истардикки, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, инсоннинг ҳам, хоҳ у оддий фуқаро, хоҳ мансабдор бўлсин, яхши-ёмони бўлади. Бундайлар барча соҳада бор. Аммо, юқоридаги суҳбат хулосаси бутунлай салбий мазмун-моҳият касб этиши нотўғри бўлар эди.

Чунки, биринчидан, давлат раҳбарининг ташаббуси билан Миллий хавфсизлик хизмати қайта ташкил этилди. Унинг сафлари соҳага нотўғри кириб қолганлардан тозаланди. Бугунги кунда, ишонамизки, ДХХ сафларида ватан равнақи ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишни истайдиган ватанпарвар инсонлар хизмат қилмоқда.

Мавзуга оид