Жаҳон | 14:12 / 08.10.2020
25361
9 дақиқада ўқилади

Қандай заҳарлангани, Путиннинг топшириғи ва омади келгани ҳақида. Навальний Юрий Дудга катта интервью берди

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 20 август куни заҳарланиш ташхиси билан комага тушгач, бутун дунё эътибори яна Россияга қаратилди. 22 августдан буён Германияда бўлиб турган Навальний Берлиндаги «Шарите» клиникасида даволанди. 7 сентябргача комада ётган сиёсатчи ҳозирда ўзини яхши ҳис қилмоқда ва шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида яшамоқда.

У бир неча нашрга интервью беришга ҳам улгурди. Россиялик таниқли журналист Юрий Дудь ҳам Германияга бориб, Навальний билан катта интервью уюштирди. Суҳбат давомида Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси бўлган ушбу сиёсатчи қандай заҳарлангани, самолётда заҳарланишнинг дастлабки босқичини қандай ўтказгани, даволаниши ва бошқа мавзуларда гапирди. У Россияга қайтмаслиги эҳтимолини қатъий истисно қилди – ватанига қайтиб, курашни давом эттирмоқчи.

Самолётда нима бўлганди?
«Менимча, ҳар ким ҳаёти давомида ўзини ҳозир ўлиб қоладигандек ёмон ҳис қилган бўлса керак. Москвага қайтаётганда самолётда мен билан ҳам шундай бўлди. Ўзимни шунчалик ёмон ҳис қилдимки, ҳозир ўлиб қоладигандек эдим. Ёнимда ўтирган матбуот котибим Кирадан мен билан гаплашишини сўрадим. У табиийки ажабланди ва мен билан гаплашди, чунки мен диққатимни жамлаб олишим керак эди. Бироқ аҳволим ёмонлашди. Кира нималардир дер, бироқ мен фақат унинг оғзи очилиб ёпилаётганинигина англардим.

Одатда одам ўзини ёмон ҳис қилганда таҳлил қилиб ошқозони, боши, оёғи оғриётганини ёки шамоллаганини тахмин қилиши мумкин. Мен эса нима бўлаётганини тушунмаётгандим. Ёнимдан самолёт хизматчиси ўтиб кетаётганини кўрдим-да, ҳозир сув ичиб олсам, яхши бўлиб қоламан деб ўйладим. Кейин йўқ, яхшиси ювиниб оламан деб оёқяланг ҳожатхонага бордим. Бир марта, икки марта ювиндим, бироз ўтирдим. Яна озроқ ўтириб яхши бўлиб қоламан деб ўйладим, аммо бундай бўлмади. Энди ҳожатхонадан ўзим мустақил чиқа олмаслигимни тушунардим.

Биласизми, бу нимага ўхшайди: Гарри Поттер фильмидаги дементорларга (хаёлий махлуқ). Жоан Роулинг буни шундай тасвирлаган: дементор сени ўпса, оғриқ бўлмайди, аммо ҳаётинг тугаётганини ҳис қиласан». Менда ҳам худди шундай бўлди, ҳеч қандай оғриқ йўқ, лекин ўлиб қоламан деган хаёл миямни чулғаб олганди.

Ҳожатхонадан чиқдим ва одамлар тизилиб турганини кўрдим. Борт назоратчисига «Мени заҳарлашди, ҳозир ўламан», дедим ва унинг оёғи остига қуладим. У мени жинни бўлса керак деб ўйлагандир. У мени томат соки ёки макарондан заҳарланди деб ўйлаган. Менга «Биз сизни ҳеч нима билан заҳарлай олмаймиз», деб айтмоқчи ҳам бўлгандир. Бу вақтда мен унинг оёғи остида ўлишга тайёрланаётгандим. Ахир бутун танам менга «Алексей, паймонанг тўлди», дерди».

Бу омадли тасодиф эди
«Омадим келгани шуки, бошланишида ҳамма тартиб бўйича қилиши керак бўлган ишни қилди. Учувчиларга бемор оғир аҳволда эканини айтишганда улар пайсалга солмай самолётни пастлатишди. Фельдшерларга «Бу биродарнинг чиндан мазаси йўқ», деб айтишди ва улар тезда атропин (оддий заҳарланишда қўлланадиган восита) юборишди. Жонлантириш бўлимидагилар келишди-да, «Жин урсин, у чиндан дозани кўпайтириб юборган бангига ўхшаб ётибди, аниқ заҳарланган, мана унга атропин, уни токсикологик бўлимга оламиз», дейишди. Бир сўз билан айтганда, ҳаётимни сақлаб қолган нарсалардан бири – ҳамма ўз ишини тўғри бажаргани бўлди. Афсуски, Россияда ҳамма ўз ишини тўғри бажариши кутилмаганда омад келишидан бошқа нарса эмас».

Заҳар қаердан тушиб қолганди?
«Заҳар менинг организмимга қандай тушиб қолганини ҳеч ким билмайди. Бу суюқликми? Буни ҳам ҳеч ким билмайди. Бу супер махфий заққум. Бу жанговар заҳарловчи восита ва уни ҳеч қаерда сақлаш мумкин эмас, ҳеч қандай миқдорда. Бундай восита Россияда мавжудлигининг ўзи қонунбузарлик (Россия расмийлари маълумотига кўра, мамлакатда жанговар заҳарловчи моддаларни ишлаб чиқариш 1990-йиллардаёқ тўхтатилган ва 2017 йилда барча захиралар йўқ қилинган). У балки спрей кўринишида, балки суюқлик кўринишида бўлиши мумкин.

Мен меҳмонхонадаги номердан қўлимда шишада сув билан чиққанман. Бу вақтда аллақачон заҳарланиб бўлганман. Яъни заҳарланишим меҳмонхонада содир бўлган. Кейин орадан 3-4 соат ўтган. Агар мен уни (заҳарни) ичганимда ёки еганимда мантиқан ярим соатларда кўнглим айниб, қусишим керак эди. Демак, заҳарга шунчаки тегинганманми? Билмайман. Масалан, шкафдан кийимимни олдим, балки ўша ерда бўлгандир, заҳар кийимимда ёки исталган жойда бўлиши мумкин.

Оддий заҳарни-ку организмдан чиқариб ташлаш мумкиндир, лекин жанговар заҳар бошқача. Унинг микроскопик даражада оз миқдори одамни ўлдириш учун етарли. Энг асосийси, у одам организмидан изсиз чиқиб кетади. Шу сабабли Омскда мени имкон қадар узоқроқ ушлаб туришган. Улар жин ургур «Новичок» танамдан чиқиб кетишини кутиб туришган. Бироқ улар вақтни хато ҳисоблашган. Улар аввалига менинг ўлишимни, кейинчалик ёки заҳар чиқиб кетишини, ёки жилла қурса мен гапира олмай қолишимга умид қилишган. Хуллас, мени имкон борича кечроқ касалхонадан чиқаришлари керак бўлган».

«Бу ишни, шубҳасиз, Путиннинг топшириғи билан қилишган»
«Менинг тахминим шундайки, бу ишни Федерал хавфсизлик хизмати ёки Ташқи разведка хизмати ходимлари қилишган. Шубҳасиз, Путиннинг топшириғи билан. Келинг, буни таҳлил қилиб кўрамиз: «Новичок»ни супермаркетда сотиб олиш мумкинми? Уни оддий кимё лабораториясида тайёрлашчи? Йўқ. Бу кимёвий қурол! Уни оддий шароитда тайёрлаб бўлмайди.

Хуллас, танамда «Новичок» бўлгани аниқ. Уни тайёрлаш учун жуда мураккаб лаборатория керак. Омскда бўлган воқеалар, соғлиқни сақлаш вазири гуруҳ ташкил қилиб, улар мен заҳарланмаганимни исботлашга чираниб Омскка бориши, кейинчалик шахсан Путиннинг ўзи мен гўёки ўзимни заҳарлаганимни айтиши... Буларнинг барчаси мен, аслида, заҳарланганимни кўрсатиб турибди.

Тўғри, бизда Путин «Уни ўлдиринглар, у менинг «Единая Россия»мни хафа қиляпти, менинг пулларим ҳақида гапиряпти» деб бақираётгани кўринган видео йўқ. Бироқ Бортников (федерал хавфсизлик хизмати раҳбари) ва Наришкин (ташқи разведка хизмати раҳбари) «Фаол тадбир ўтказиш ва 9-рақамли коктейл» тайёрлаши мумкин («9-рақамли муҳаббат коктейли» номли фильм бор). Бундай коктейлни Россия фуқаросига қўллашга эса Владимир Путиндан бошқа одам топшириқ бера олмайди.

Агар Путин нега сизни заҳарлашни топширди, деб сўрасангиз, бунга ҳам жавобим бор. Охирги икки йилда мамлакат бошқарув тизими даҳшатли босим остида қолиб кетди. Банкдаги рақамлари текширилмаган одам қолмади, ҳаммани сўроқ қилишмоқда, босим боргани сари ортяпти. Мен Пригожиндан, «Путиннинг ошпази»дан миллион доллар қарзман, Соболь ҳам (Навальнийнинг ҳамкасби Любовь Соболь) миллион доллар қарз, фондимиз бир неча 10 миллион доллар қарз. Шунга қарамай, биз ўлиб қолмадик, қайтанга кучайдик. Сайловларда «Единая Россия»га етарлича босим қилдик ва думага сайловлар олдидан уларни катта муаммолар кутиб турганини англашди. Ва шу сабаб, яна такрорлайман, бу менинг нуқтаи назарим, биз ўз муваффақиятимизнинг қурбонига айландик».

Бу шунчаки алжираш

Дудь билан интервьюда Навальний 2017 йил ўзбекистонликлар Пушкинни билмаслиги ҳақида айтган гапини ҳам изоҳлади. Ўшанда у Ксения Собчак билан интервьюда «Табиийки, Ўзбекистонда ҳеч ким Пушкин кимлигини билмайди», деган ва ўзбекистонликлар бунга муносабат билдириб, флешмоб уюштиришганди: «Бу вазиятда ортиқча гапириб юборгандим. Шунчаки алжираб бўлмағур гапни айтганман. Ўзбекистон катта давлат, у ерда ўн миллионлаб одамлар яшайди, Пушкинни биладиганлар ҳам, билмайдиганлар ҳам бор. Россияда ҳам Пушкинни билмасликлари мумкин».

Мавзуга оид