«Бундай хизматчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимоя қилиниши керак» – Вилоят ҳокимлиги Турдимовнинг таклифи бўйича изоҳ берди
Самарқанд вилояти ҳокимлиги вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сўзлари нотўғри талқин қилинаётгани юзасидан муносабат билдирди.
8 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласида видеоселектор ўтказилди.
Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бугунги кунда хорижда ҳам, Ўзбекистонда ҳам уй ишлари билан шуғулланувчи оқсочлик касбига талаб ортиб бораётгани, Самарқанд вилоятидан ҳам жуда кўпчилик аёллар чет давлатларда, хусусан, Туркияда уй ишларини бажаришаётгани, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг иқтисодий имкониятлари ошган сари бу касб эгаларига бўлган талаб ортавериши, аммо бундай аёлларни тайёрлайдиган марказлар йўқлигини айтиб, шундай марказларни очиш таклифини билдирган.
Эркинжон Турдимовнинг бу таклифи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин норозилигини келтириб чиқарди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур масала юзасидан ўз расмий муносабатини билдирди.
«Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов томонидан билдирилган таклифлар орасидан «Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак» деган жумла контекстдан ажратиб олинган ҳолда, асоссиз гап-сўзлар тарқатилиб, нотўғри талқин қилинмоқда.
Аввало, шуни очиқ айтишимиз лозимки, бугунги кунда меҳнат бозорида малакасиз ишчи кучи жуда кўп. Сир эмаски, бугун мамлакатимизда энагалик, оқсочлик хизмат турига эҳтиёж катта.
Бироқ, ҳозирда бу ишни айрим «тадбиркорлар» бизнесга айлантириб олган ҳолда, энага ва оқсоч топиб бериш «хизмати» кўрсатишни йўлга қўйиб олган. Аммо, улар бу хизматни кўрсатувчи аёлларимизнинг саломатлиги, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаяпти ва кафолатламаяпти.
Шу сабабли, меҳнат бозорида уй юмушларига ва болалар парваришига кўмаклашадиган энага, оқсоч хизматига эҳтиёж бор эканми, мазкур фаолият турини қонунийлаштириш, яъни бу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларимизга ўз ҳуқуқларини ўргатиш мақсадида ўқитиш, уларнинг уй-рўзғор ишларини юритиш бўйича малакасини оширишни амалга оширувчи махсус марказлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Мазкур марказларда малакасини оширган аёлларимизни қонуний асосда ташкил этиладиган махсус идоралар орқали шартнома асосида хизмат кўрсатишини йўлга қўйиш, уларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, нафақа ёшига етганида пенсия олишларини кафолатлаш механизми яратилиши лозим.
Бу орқали, чет мамлакатларда айнан шу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларимизнинг ҳам қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирда Россия, Исроил, Туркия ва бошка кўплаб чет мамлакатларда аёлларимиз айнан шу хизмат тури билан шуғулланиб келишмоқда, лекин уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш юзасидан бирор-бир ҳужжат расмийлаштирилмаган. Бу эса, кўп ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига, камситилишига ва бошқа зўравонликлар келиб чиқишига олиб келмоқда. Ҳаттоки, ҳозирда мазкур фаолият тури билан шуғулланувчилар сони ҳақида бирор идорада расмий маълумот мавжуд эмас.
Биз қайд этиб ўтган механизм асосида босқичма-босқич иш ташкил қилиниши мазкур фаолият тури билан шуғулланаётганлар ҳақида аниқ ҳисоб юритилишига, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига, бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилиб, аёллар ва ёшларимизни касбга ўргатиш орқали, бошқа хизмат турлари билан шуғулланиши учун шароит яратади.
Қолаверса, бу хизматни кўрсатиш билан шуғулланишни истовчи аёлларимиз ўз қонуний ҳуқуқларини билишса, бугунги кунда уй-рўзғор ишларида ишлатиладиган замонавий техникалардан фойдаланишни ўрганишса, бунинг нимаси ёмон?
Шу ўринда, айрим меҳмонхоналарда ҳам шундай фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларда тажриба ёки малака етишмаслиги оқибатида бирор хатоликка йўл қўйса, уларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилаётгани каби ҳолатлар кузатилмоқда.
Албатта, биз қадрли опа-сингилларимизни энагалик, оқсочлик қилишларини тарғиб этмоқчи ёки буни оммалаштиришни таклиф қилмоқчи эмасмиз ва бу фикрдан мутлақо йироқмиз. Биз, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, ушбу фаолият тури билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимоя қилиниши ва бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилиши лозим деб ҳисоблаймиз», дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати муносабатида.