Ўзбекистон | 23:42 / 09.10.2020
19868
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон интернетни цензуралаш учун АҚШ компанияси технологияларидан фойдаланган — Bloomberg

Ўзбекистон ва яна ўндан ортиқ давлат интернетни цензура қилиш, сайтларни блоклаш учун сўнгги йилларда Американинг Sandvine компанияси ускуналаридан фойдаланган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбалари ва бир қатор ҳужжатларга таяниб хабар тарқатди.

Калифорния штатида жойлашган Sandvine компанияси ахборот тармоқлари бошқаруви, хавфсизлиги ва интернет-траффикни фильтрлашда қўлланадиган ускуналар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Шу йил августда Беларусдаги сайловлар вақтида интернетга тўсиқ қўйишда айни шу компания маҳсулотларидан фойдаланилган. Бу маълум бўлиб қолгач, Сан-Францискода бир гуруҳ фаоллар компанияга қарши намойиш ўтказган, Sandvine эса Беларусга ускуналар сотишни тўхтатишини эълон қилганди.

Bloomberg агентлиги ушбу компаниянинг 3 нафар ҳозирги ва 5 нафар собиқ ходимлари ҳамда фирма ҳужжатларига асосланиб хабар беришича, Беларусь – Sandvine ускуналаридан фойдаланиб интернетни цензура қилган ягона давлат эмас. Бундай давлатлар қаторида Ўзбекистон, Россия, Туркия, БАА, Озарбойжон ва Афғонистон дохил ўндан ортиқ мамлакат бор.

Бу мамлакатларда Sandvine'нинг веб-сайтларни блоклаш технологияларидан сиёсий мақсадларда янгиликлар сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларга тўсиқ қўйишда фойдаланилган, дейилади хабарда.

Bloomberg бу борада изоҳ олиш учун Sandvine билан боғланган. Компания ўз жавобида қайси мамлакатлар билан ҳамкорлик қилаётганини очиқламаган ва сотаётган ускуналари «инсон ҳуқуқлари ёки эркин ахборот оқимига тўсиқ қўйиш учун мўлжалланмаган»ини билдирган. Берилган изоҳга кўра, компания маҳсулотлари болалар порнографияси, одам савдоси, терроризм ва зарарли компьютер дастурларига қарши курашишда қўлланади.

Sandvine ўтган ойда Беларусь билан битим бекор қилингани ҳақида берган баёнотида, иккинчи тараф «инсон ҳуқуқларини бузаётгани, бу эса ўртадаги шартнома автоматик равишда ўз кучини йўқотишига сабаб бўлгани» айтилган.

Bloomberg суҳбатлашган АҚШ сенатори Дик Дурбин Sandvine'ни, Беларусь билан боғлиқ воқеадан хулоса чиқариб, ускуналарни номаъқул цензура учун қўллаши мумкин бўлган давлатлар билан битимларни қайта кўриб чиқишга чақирган.

Sandvine'нинг агентлик билан аноним равишда суҳбатлашган 5 нафар собиқ ходимидан 3 нафари компания авторитар ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишига қарши бўлгани сабабли ишдан бўшаганини айтган.

«Айримларимиз мижозлар борасидаги шикоятларимизни билдирганмиз, лекин бу катта эҳтимол билан инобатга олинмаган. Компаниянинг бош мақсади – маҳсулот сотиш», – деган ширкатнинг халқаро савдо-сотиқ ишларидан бевосита хабардор лавозимдаги ходими.

Bloomberg ўз ихтиёрида компания раҳбарларининг ходимлар билан ички конференц-мулоқоти аудиоси борлигини билдирган. Аудиога кўра, компания расмийлари мулоқот чоғида улар сотаётган ускуналар цензура мақсадида қўлланишини тан олишган. «Биз дунё полицияси ролини ўйнашни хоҳламаймиз. Ҳар бир суверен давлат ўз ҳудудида нима мумкин, нима мумкин эмаслиги бўйича ўз сиёсатини ўзи белгилаши керак, деб ҳисоблаймиз», – деган Sandvine техник директори Александр Хаванг ходимлар билан ички конференц-мулоқотда.

Ҳужжатлардан кўринишича, Sandvine сентябрь ойи бошида Озарбойжоннинг етакчи интернет провайдери – Delta Telecom билан «шошилинч равишда» YouTube, Facebook ва Instagram орқали жонли трансляция қилинадиган видеоларни блоклаш устида ишлаган. Ўтган ҳафтада эса, Тоғли Қорабоғда Арманистон билан уруш келиб чиққач, Озарбойжонда бир нечта оммабоп ижтимоий тармоқларга блок қўйилди.

Агентлик қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Sandvine Ўзбекистон, Россия, Афғонистон ва Мисрни одамларнинг қайси веб-сайтларга кираётганини кузатиб туриш имконини берувчи технологиялар билан таъминлаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Мисрда ушбу ширкат ускуналари мустақил сайтларни блоклаш учун ҳам ишлатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрелида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистонни айрим хорижий манбаларни блоклашни тўхтатишга чақиргач, орадан бир ой ўтмай «Америка овози», «BBC ўзбек хизмати», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom», «AsiaTerra», «Eurasianet.org», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres» кабиларнинг сайтлари блокдан чиқарилган эди.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойи бошида Facebook'дан фойдаланишда муаммолар юзага келган, октябрь ойидан эса YouTube'га VPN'сиз кириб бўлмай қолганди. Блокировка бир неча ой – 2019 йил январигача чўзилганди.

2019 йил ёзида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўша вақтдаги бош директори Комил Алламжонов юқоридаги муддатда Facebook ва YouTube'нинг блокланиши ҳақида гапирар экан, «Блоклаган шахслар ҳозир қамоқда ўтирибди», – дея маълум қилганди.

2020 йил июль ойи бошига келиб, ўзбекистонликлар яна Facebook'ка киришда муаммоларга дуч кела бошлади, кейинроқ бундай ҳолат Instagram билан ҳам кузатилди. Муаммо август ойининг ўрталарига келибгина барҳам топди.

Мавзуга оид