Жаҳон | 00:21 / 09.10.2020
76848
6 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги уруш, 12-кун: журналистлар жароҳатланди, машҳур сурат қаҳрамони ҳалок бўлди

Қорабоғдаги урушнинг 12-кунида ҳарбий ҳаракатлар бошлангач сурати бутун дунёга тарқалиб машҳур бўлган арманистонлик артиллериячи Альберт Ованнисян ҳалок бўлгани маълум бўлди. Қурбон бўлган арман ҳарбийлари рўйхатида номлар сони 350тага етди; Шушада бир неча журналист озарлар ҳужумига учраб жароҳатланди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлиги пайшанба куни урушда ҳалок бўлган арман аскарлари рўйхатига яна 30 номни қўшиб қўйди ва рўйхатда исми-шарифи келтирилганлар сони энди 350тага етди.

Бу маълумотлар ҳақиқийлигини текшириш имконсиз; арман ҳарбийларининг ўзи ҳам бу рўйхат тўлиқ эмаслигини тан олишмоқда. Бу ҳақда шу кунги брифинг вақтида Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованнисян айтиб ўтди.

У фронтда шафқатсиз жанглар кетаётгани, қўмондонларда ҳамиша ҳам барча маълумотларни етказиб беришга вақт бўлмаслиги, баъзи ҳолларда ҳалок бўлган аскар олдига етиб бориш, баъзи ҳолларда эса унинг шахсини аниқлаш қийинчилик туғдиришини айтиб ўтган.

Озарбойжон томони эса умуман ўз ҳарбий йўқотишлари ҳақида маълумот бермаяпти, мамлакат президенти Илҳом Алиев интервьюларидан бирида бундай рўйхат фақат ҳарбий ҳаракатлар якунлангач эълон қилиниши мумкинлигини айтиб ўтган.

Ҳозирги уруш кўлами 1992-1994 йиллардаги уруш кўламидан каттароқ эканини оддий арифметика билан тушунтириш мумкин.

Ўшанда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар 2 йилу 4 ойга чўзилганди - 1992 йил бошидан 1994 йил майигача.

Ўша урушда қурбонлар сони борасида турлича маълумотлар келтирилган, аммо экспертларнинг кўпчилиги қурбонлар сони 30 мингдан ошиқ бўлганини айтишади.

Шу тариқа, ўша урушда кунига кўпи билан ўртача 35 киши ҳалок бўлган - бу икки томоннинг ҳарбийлар ва тинч аҳоли ўртасидаги йўқотишларини ўз ичига олади.

Машҳур суратдаги артиллериячининг ўлими
Пайшанба куни янги Қорабоғ уруши рамзларидан бирига айланган арманистонлик артиллериячи Альберт Ованнисян ҳалок бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда унинг отаси фейсбукдаги саҳифасида ёзган.

«Менинг ўғлим, Альберт Ованнисян, кўпчилигингиз уни бутун дунёга тарқалган суратларидан танийсиз, боқийлар оламига қадам қўйди. Менинг ва оиламнинг қайғуси таърифлаб бўлмас даражада [...] Қайғум улкан ва оғир, аммо мен ватанпарварнинг, замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонининг отаси эканимдан фахрланаман», дея ёзган Артак Ованнисян.

29 сентябрь куни Арманистон мудофаа вазирлиги ва Reuters агентлиги томонидан тарқатилган бу сурат бутун дунёдаги нашрларнинг саҳифаларида пайдо бўлганди:

ARMENIA MOD/REUTERS

Пайшанба куни мобайнида томонлар фронтда қандайдир ўзгаришлар бўлгани тўғрисида хабар беришмади. Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованнисян ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шафқатсиз жанглар давом этаётгани ҳақида ёзган; Озарбойжон мудофаа вазирлиги Горадиз қишлоғидан видео жойлаган, аммо бу қишлоқ жойлашган ўриндан билиш мумкинки, озар ҳарбийлари бу харобаларни жангларнинг илк кунларидаёқ эгаллаган бўлиши керак.

Фронт чизиғидаги жанглардан ташқари, томонлар бир-бирининг ҳудудидаги аҳоли пунктларига ракеталар ва снарядлар йўллашда давом этмоқда.

Шуша шаҳрида (Степанакерт яқинида) пайшанба куни уч нафар журналист жароҳатланди, улардан бири россиялик Юрий Котенок - оғир аҳволда, уни Степанакертдаги шифохонада операция қилишган.

Кейинроқ Арманистон ҳукумати ахборот маркази жароҳатланганларнинг бири «Сегодня.ру» бош муҳаррири Юрий Котенок экани, у оғир аҳволда шифохонага келтирилиб, операция қилинганини билдирди.

Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов пайшанба куни Женевада Франция, Россия ва АҚШ вакиллари бўлган дипломатлар билан учрашди.

ЕХҲТнинг Минск гуруҳи 28 йилдан буён Қорабоғдаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун бесамар ҳаракат қилиб келмоқда.

Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян эса Минск гуруҳи вакиллари, шу жумладан, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан душанба куни Москвада учрашади.

Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова пайшанба куни Москва Лавров, Байрамов ва Мнацаканяннинг Минск гуруҳи вакиллари иштирокидаги учрашувини ташкиллаштиришнинг «турли схемаларини ишлаб чиқаётгани»ни маълум қилди.

Бу вақтда Озарбойжон ҳамон ўт очишни тўхтатишга чақириқларни рад этмоқда ва тинчлик музокаралари фақатгина арман ҳарбийлари Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудлардан олиб кетилгач бошланишини маълум қилмоқда.

Пайшанба куни, вазир Байрамов Женевага учган вақтда, Озарбойжон ТИВ расмий твиттерида ўт очиш тўхтатилмаслиги билдирилган твит қолдирилди, президент Алиев эса Арманистон ўз ҳарбий қисмларини Қорабоғдан олиб кетиш графигини тақдим этиши кераклиги, шундан кейингина Минск гуруҳи билан муҳокамалар бошланиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

New York Times журналистлари эса шу куни Озарбойжондаги Ганжа шаҳри аэродромида Туркиянинг F-16 русумли қирувчи самолётлари тургани тасвирланган сунъий йўлдошдан олинган суратларни эълон қилди.

29 сентябрь куни Арманистон туркларнинг Ганжадан ҳавога кўтарилган F-16 русумли самолёти Озарбойжон ҳудудидан туриб арманларнинг Су-25 самолётини уриб туширганини маълум қилганди, аммо бунинг учун ишончли далиллар келтирилмаган.

Ҳарбий шарҳловчилар эса туркларнинг қирувчи самолётлари ёзда ўтказилган қўшма машғулотлардан кейин ҳам Ганжада қолган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Туркия Озарбойжонни қўллаши - ушбу янги урушнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади, аммо NYT нашри тарқатган маълумот, биринчидан, узил-кесил тасдиқланиши керак, иккинчидан, бу суратнинг ўзи самолётлар ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганини - айниқса улардан бири арманларнинг самолётини уриб туширганини исботлай олмайди.

Мавзуга оид